Эҳтиёт бўлинг: интернетда “кўк кит”

4_03

Маълумотларга қараганда, 2016 йилда дунёнинг 40 фоиздан ошиқроқ  аҳолиси интернетга уланиш имкониятига эга бўлган. Ваҳоланки, бу кўрсаткич 1995 йилда 1 фоизни ҳам ташкил этмаган. Ўтган асрнинг сўнгги йилларидан то бугунги кунгача фойдаланувчилар сонининг кескин ошиши кузатилган.

Бу жараён мамлакатимизда ҳам сезиларли даражада ўсиб бормоқда. “Internet Live Stats” сайтининг маълумотларига кўра, 2016 йилда мамлакатимизнинг 50 фоиздан ортиқ аҳолиси бу “беминнат дастёрнинг” хизматларидан фойдаланиш имконига эга бўлган.
Рақамларнинг йил сайин кескин ошиши янги бир атамани ҳаётга олиб кирди. Бу – виртуал дунё. Мазкур “олам” ўзининг қатор қулайлик­лари ва муаммолари, яъни ижобий ва салбий жиҳатлари билан ҳаётимизга кириб келди.  Гап шундаки, тушуниб-тушунмай фойдаланиш оқибатида компьютер ва интернет ўсмир ёшдаги болаларнинг дунёқарашини салбий томонга ўзгартиряпти. Хусусан, кейинги пайтда кўпчилигимиз эшитган ҳодиса – “Кўк кит” номли ўйин таъсиридан фарзандларимиздан хавотирланяпмиз.
Маълум бўлишича, ушбу ўйиннинг негизида инсоннинг ўз жонига қасд қилишидек ғаразли мақсад яширинган. Унинг номи ҳам бежиз танланмаган. Кўк кит ўз жонига қасд қилувчи денгиз жонивори ҳисобланади. Ўйин ҳам айнан унинг характеридан келиб чиқиб дастурлаштирилган. Дастлабки босқичларда ўйин бошқарувчилари бир неча енгил шартларни бажаришга ундаб, иштирокчини тамомила ўзига бўйсундириб олади. Сўнгра, унинг олдига кескин шартларни қўя бошлайди. Ҳаммаси жуда оддий, аввалига, оқ қоғозга кўк кит суратини чизишдан бошлаб, кейин ана шундай суратларни танага тиғ ёрдамида чизиш керак бўлади. Иштирокчи вазифаларни бажарганининг исботи сифатида суратга тушиб, ўйин бошқарувчисига кўрсатиши керак. Шартлар бажарилмаган тақдирда, бош­қарувчилар унинг интернет манзили орқали  уй манзилини аниқлаб, у ҳақда ҳаммасини билиши, акс ҳолда, фақат ўзи учун эмас, оила аъзолари учун ҳам фожеали ҳолатлар рўй бериши мумкинлиги ҳақида таҳдидли хабарлар юбора бошлайди. Унинг шартларини бажариб қутулиш мумкиндир, деб ўйларсиз?  Йўқ. Унинг охири йўқ.  Яъни ўйин ўз жонига қасд қилиш билан тугайди. Бу ҳақда мутахассислар томонидан турли манбалар орқали, хусусан, телевидение, радио ва бошқа ижтимоий тармоқларда берилаётган маълумотлардан ва омма орасида тарқалган хабарлардан ҳам билиб олишимиз мумкин.
Лекин бундан биз қай даражада огоҳмиз? Азиз фарзандларимизнинг кундалик юриш-туришидан, улар нималар билан машғуллигидан, куннинг қай пайтида қаерда бўлишидан хабардормизми? Уларга кераклича эътибор қарата олаяпмизми? Токи ушбу саволларга ботинимизда ижобий жавоб топа олмасак,  бу фожеали ҳолатлар сизу бизнинг яқинларимиз орасида ҳам содир бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Суҳроб ЗИЁДУЛЛАЕВ