Кайвонининг ишидан маҳалла аҳли мамнун

Наманган вилояти

– Қозони қайнаб турса, меҳнатнинг ортидан даромад кўпаяверса, рўзғори бут, турмуши фаровон бўлса, бир аёлга яна нима керак, – дейди Уйчи тумани Ўнҳаят шаҳри “Овчибулоқ” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Раънохон Усмонова.

Маслаҳатчи бу гапларни шунчаки айтмайди. Кези келганда ҳар бир оиланинг тотувлиги, ҳамжиҳат ва аҳиллигидан бохабар бўлади. Маънавий дунёқараши, эзгу интилишларини рағбатлантиради. Сирасини айтганда, аҳолининг турмуш-тарзини синчков кўзи, ўткир зеҳни билан фаҳмлайди. Ана шу кузатувлари асосида иш олиб боради. Наманган вилоятида “Февраль-март – яраштириш ойлиги” сифатида эълон қилинган эди. Бу хайрли тадбир доирасида ўтган ойнинг ўзида арзимас сабаблар билан ажралишгача олиб келган ҳолатларни ўрганиб, 8 та оилани яраштиришга эришилди. Етишмовчилик кузатилган рўзғорларнинг яшаш шароитини яхшилашга киришилди.
– Маҳалламизда турли касб-корли, турли имкониятли оилалар истиқомат қилади, – дейди Раънохон Усмонова. – Биз эса интизомимиз, тотув оиламиз, фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан уларга намуна бўлишимиз лозим. Шундагина маҳалла-кўйнинг орасига сингиб кета оламиз. Тўғри маслаҳатларимиз ортидан эргаштира оламиз. Маҳалламиз ҳудудида 1270 та оила бор. Маҳалламизда ҳамфикр, ҳамиша бир-бирини руҳлантириб турувчи инсонлар кўп. Ана шундай фидойи фаоллардан маҳалла аҳли миннатдор. Улар тадбирли кишиларни қўллаб-қувватлаб, иш бошлашида йўл-йўриқларини аямайди. Ҳунар ўрганаман, ўз бизнес фаолиятимни йўлга қўяман, деганлар ҳам улардан мамнун.
Маҳаллада ҳунарманд аёллар кўп. Келинлик сепига нима зарур бўлса, ҳаммаси шу ерда муҳайё. Ортиқча вақт, ортиқча сарф-харажатга ҳожат йўқ. Бўйи етган қизлар борки, чевар Бузайнаб Мирзамаҳмудова ҳамда тўқувчи Муяссархон Исроиловага шогирд тушишади. Ҳудудда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, касаначилик кенг ривожланган. Айниқса, маҳалла аҳли томорқадан фойдаланиш ҳадисини яхши ўзлаштирган.
Хонадонлардаги иссиқхоналардан қишин-ёзин файз аримайди. Маҳаллий боғбонларнинг лимон, помидор, бод­ринг ва дармондори кўкатлар етиштиришда таж­рибаси катта.

Фотимахон ТОШМАТОВА