Донидан поясигача даромад

3_soya

Юртимизда суғориладиган ерларда сояни асосий ва такрорий экин сифатида етиштириш мумкин. Бу экиннинг қатор афзал жиҳатлари бор. Жумладан, соя дони таркибидаги оқсил инсон организмини зарур аминокислотлар билан таъминлайди. Унда 30-52 фоиз оқсил, 18-25 фоиз ёғ, 20 фоиз углеводлар бор, яъни бир озиқа бирлигида 300 граммгача ҳазм бўладиган протеин мавжуд. Донидан қандли диабет касалликлари учун парҳез таомлар тайёрланади. Шунингдек, сут, қатиқ, творог, колбаса маҳсулотлари, турли пишириқлар ва консервалар тайёрлашда фойдаланилади.

Буғдой унига соя уни аралаштирилиб, мазали, сифатли ва юқори калория­ли нон тайёрлаш мумкин. Соянинг асосий оқсили глицинин бўлиб, у яхши ҳазм бўлади, сувда яхши эрийди ҳамда ачиб қатиққа айланади. Унинг оқсили алмаштирилмайдиган аминокислоталарга бой. Дунёда ялпи ишлаб чиқарилган ўсимлик мойининг 40 фоизи сояникига тўғри келади. Дон ҳосилдорлиги баҳорда экилганида 37-40 центнерни, такрорий экин сифатида ғалладан бўшаган майдонларда 20-25 центнерни ташкил қилади.
Соя ўсимлиги чорва моллари учун ҳам қимматли ем-хашак ҳисобланади. Бир тонна соя донидан 750-800 килограмм кунжара олинади. Уни яшил ва силос массаси учун маккажўхори билан қўшиб ўстириш ҳам мумкин. Юз килограмм яшил массасида 21 та озуқа бирлиги, 3,5 килограмм оқсил мавжуд. Унинг яшил массасидан витаминли ўт уни, донидан ёрма тайёрланади. Соянинг юз килограмм поясида 32 та озиқа бирлиги ва 53 килограмм оқсил сақланади. Соя пояси, яшил массаси ва кунжараси экологик тоза гўшт ва тухум етиштиришда кони фойда ҳисобланади. Негаки истеъмол қилинадиган сут ва гўшт маҳсулотлари қандай озуқа билан етиштирилган бўлса, инсон саломатлиги ҳам ўша манбаларга бевосита боғлиқ бўлади. Қорамол, парранда ёки балиқни соя кунжараси билан боқсак, экологик тоза, витамин ва микроэлементларга бой тухум, сут ва гўшт маҳсулотларини оламиз. Шу ўринда соя кунжарасидан паррандачиликда фойдаланишнинг айрим сирлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз. Пиширилмаган соя ёрмаси ва кунжараси таркибида чорва моллари ва товуқлар учун салбий таъсир қиладиган озуқа компонентлари мавжуд. Ушбу зарарли моддаларнинг таъсирини йўқотиш учун соя ёрмаси ва кунжарасини чорва молларига, албатта, қисқа муддатда қайнатиб бериш лозим. Қайнатилган соя кунжараси енгил ҳазм бўлади ва ундаги протеин ва аминокислоталар ҳайвон организми томонидан тўлиқ ўзлаштирилади. Кунжарани меъёрида қайнатиш керак. Унинг таркибидаги мой юқори биологик фаол модда бўлиб, у витаминларга, микро ва макроэлементларга бойдир. Жўжаларга 7-8 ҳафтагача бериладиган омихта ем таркибидаги соя кунжараси 10 фоиз, 8 ҳафтадан кейин 20 фоиз, жадал тухум берадиган мавсумда 30 фоиздан ошмаслиги керак. Чунки омихта ем таркибида протеин миқдорининг ҳаддан ташқари кўпайиб кетиши парранда организмига салбий таъсир кўрсатади. Яъни парранда организмидаги энергиянинг асосий қисмини озуқани ҳазм қилиш учун сарфлаб юборади.
Фермер ва шахсий томорқа хўжаликларида соя етиштириб, донидан ва кунжарасидан товуқлар учун ем сифатида фойдаланиш, аҳолини парранда гўшти ва тухум билан таъминлашнинг асосий манбаи ҳисобланади.
Энди соя силоси ва кунжараси билан қорамолларни озиқлантириш ва унинг самараси ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.  Силос тайёрлаш учун сояни маккажўхори, жўхори ва судан ўти билан  қўшиб экиш ем-хашак етиштиришнинг асосий манбаи ҳисобланади.  Бу аралашмалардан тайёрланган силос чорва моллари учун юқори сифатли озуқа бўлиб, сут ва гўшт маҳсулотларини кўпайтиришда тоза экологик  маҳсулот ҳисобланади. Сут йўналишида боқиладиган сигирлар учун соя кунжараси энг яхши ем ҳисобланади. У қўшилганида бошқа омихта емларнинг ҳам мазаси яхшиланади ва сигирларнинг иштаҳаси очилади. Натижада сигирлар сути кўпайиб, ёғлилик даражаси ошади.
Соя етиштиришнинг деҳқончиликдаги аҳамияти ҳам катта. Ўсимлик тупроқда кўп миқдорда биологик азот ва органик моддалар тўплайди ҳамда қийин эрийдиган фосфатларни ўзлаштириладиган шаклга айлантиради. Уни такрорий экин сифатида экиш тупроқ унумдорлигини оширади. Унинг анғиз қолдиқлари бошқа дон экинлариникига нисбатан тез парчаланади ва тупроқни гумус билан бойитади.
Ўзбекистонда соянинг “Орзу”, “Юлдуз”, “Дўстлик” “Узбекская-2” навлари давлат реестрига киритилган бўлиб, улар кўпинча такрорий экин сифатида жойлаштирилади. Ўсимлик намликка жуда талабчан бўлиб, ўсиш даврининг бош­ларида илдизлари жадал ривожланади. Ер ости сизот сувлари жуда яқин (0,5 метр) ерларда поялари нимжон, ингичка ва кам ҳосилли бўлади. Ер ости сизот сувлари 1,5-2 метр бўлган ўтлоқи, ўтлоқи-бўз шароитида етарли ҳосил тўплайди. Механик таркиби ўрта қумоқ, унумдор, ғовак, чириндиларига бой тупроқларда эса юқори ҳосил беради. Республикамизда суғориб деҳқончилик қилинадиган майдонларнинг тахминан 47 фоизи механик таркиби бўйича ўрта қумоқ, тупроқ муҳити кучсиз кислотали ёки нейтрал шароитга эга бўлиб, соя етиштириш учун яроқли ерлар ҳисобланади. Шўри ювиладиган, ўртача шўрланган, ўтлоқи  бўз ва бўз тупроқлар шароитида ҳам соя ўсимлиги яхши ҳосил беради.  Ўртача шўрланган тупроқ ва иссиқ иқлим шароитида такрорий экин сифатида соя экилса, ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланади. Соя органик ва маъданли ўғитларга талабчан бўлиб, гектарига 30-40 тонна гўнг солинса, ҳосили 5-6 центнерга ошади ҳамда кейинги 3-4 йилда ҳам унинг ижобий таъсири сақланиб қолади. Бунда гўнг, албатта, чириган бўлиши лозим. Шунингдек, гектарига ўртача 120-150 килограмм азот, 80-90 килограмм фосфор ва 40-50 килограмм калий  берилиши лозим.
Энг муҳими, уруғ сараланган ва касалликларга қарши дориланган бўлиши лозим. Баҳорда, тупроқ ҳарорати 16-18 даражага чиққанида экилган уруғлар қисқа даврда бир текис униб чиқади. Сояни Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро вилоят­ларида апрелнинг биринчи ярмида, Самарқанд, Тошкент, Жиззах, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида эса апрелнинг иккинчи ярмида экиш мақсадга мувофиқдир. Ғалла ёки эртаги сабзавотлардан бўшаган майдонларга такрорий экин сифатида июнда экилади.
Қатор  ораларига  ишлов бериш  майсалар униб чиққач, ҳар 10-15 кунда ўтказилади. Биринчи  культивация  6-8 см, кейингилари 10-15  см.  чуқурликда қилинади.
Даставвал, бегона ўтларга қарши гектарига 2-4 килограммдан меркуран гербициди пуркалиб, тупроқ шудгорланади. Уруғ униб чиққунча, яна шунча миқдорда линурон гербициди билан ишлов берилади.
Ўсимликка  бит,  чигиртка, ўргимчаккана, трипс, хас­ва сингари зараркунандалар зарар етказиши  мумкин.  Улар ҳосилга зарар етказадиган  миқдорда  бўлса, инсектицидлар  қўлланилади. Касалликлардан эса антракноз, барглар  мозаикаси,  фитофтороз, илдиз чириш касалликлари кўп  учрайди. Уларга қарши самарали агротехник тадбирлар ўтказилади. Бунда, шунингдек, уруғларни  экиш  олдидан  дорилаш, тозалаш, қуритиш омборларини дезинфекция­лаш сингари чора-тадбирлар муҳим ҳисобланади.
Суғориш ишлари тупроқ ҳолатига қараб амалга оширилади. Сизот сувлари 1,5-2 метр чуқурликда  жойлашган далаларда  ўсимликлар 4 марта  суғорилганида, соя­нинг “Приморская-529” ва “Комсомолка” навлари юқори ҳосил берган.
Сизот сувлар чуқур жойлашган бўз  тупроқларда  суғоришни эгатлаб 5-6 марта ўтказиш тавсия  қилинади. Механик таркиби оғир тупроқларда суғориш давомийлиги  20-25,  енгил  туп­роқларда 12-15 соат бўлади.  Хуллас, суғоришни тўғри ташкил қилиш ва тупроқни етарли намлик билан таъминлаш юқори ҳосил  олишни кафолатлайди.

Шоди ХОЛИҚУЛОВ,
Мингйигит АБДУРАҲИМОВ,
Самарқанд давлат университети профессорлари.