Бунёдкорлик оғушидаги Шуманай

shumanay

Қорақалпоғистон Республикаси

Президентимиз Шавкат Мирзиёев  жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада оширишга қаратилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига қилган ташрифи чоғида Шуманай туманида ҳам бўлганди. Халқ билан учрашиб, уларнинг турмуш тарзини юксалтириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш бўйича соҳа раҳбарларига бир қатор кўрсатмалар берганди.

– Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш бўйича 2017-2018 йилларга мўлжалланган дастур қабул қилиниб, ижроси таъминланмоқда, – дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Қуатбай Ходжаметов. – Жумладан, туман марказида замонавий лойи­ҳалар асосида 3 қаватли уйлар ҳамда бошқа ижтимоий объектлар қуриш режалаштирилмоқда. “Бирлешик” овул фуқаролар йиғини аҳолисини ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 9,3 километр сув тармоғини тортиш бўйича лойиҳа тайёрланиб, бу борадаги ишлар жадал суръатларда олиб борилмоқда. Май ойигача сув тармоқлари тортилиб, фойдаланишга топширилади. Шунингдек, электр энергияси, суюлтирилган газ, кўмир билан таъминлаш масалаларида ҳам қатор ишлар қилинмоқда.
Туманда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, аҳолининг, шу жумладан, ёшларнинг бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Хусусан, “А.Караматдинова” хусусий корхонаси қошида 50 мингта жўжа очириш қувватига эга инкубатория барпо этиш, кам таъминланган 30 та оилага намуна тариқасида муқобил ёқилғида иситиладиган иссиқхона қуриб бериш ҳамда аҳоли хонадонларида парранда боқишни йўлга қўйиш сингари ишлар олиб борилмокда. Ҳудудда йилига 6 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга “Шуманай экотекс” корхонасини ташкил этиш учун туман ҳокимлиги томонидан 9,6 гектар ер майдони ажратиб берилди. Лойиҳани амалга ошириш учун 18 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари йўналтирилади ва 300 га яқин янги иш ўрни яратилади.
Туман марказида бўш турган уч қаватли бино “Шуманай меридиан” МЧЖга инвестиция киритиш шарти билан берилиб, биринчи қаватида нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи, иккинчи қаватида тикув цехи, учинчи қаватида эса маиший хизмат кўрсатиш маркази ташкил қилинмоқда.
Аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш мақсадида “Shumanay Gold ekspress” ва “Shumanay mega trans” масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилиб, улар имтиёзли кредит ҳисобига 10 та “Исузу” автобуси ва 15 та “Дамас” автомобиллари билан таъминланди ва туман маркази ҳамда қишлоқ аҳоли пунктларида йўловчи ташиш йўлга қўйилди. Бугун узоғи яқин бўлган қишлоқлар аҳолисининг қувончи чексиз.
Бундан ташқари, тумандаги 5 та фермер хўжалигига лизинг асосида юқори унумли чопиқ тракторлари берилди. Шунингдек, ёш тадбиркор Азамат Аблезов томонидан туманда замонавий маданият ва истироҳат боғи ташкил этиш учун “Shomanay atraktsion” корхонаси янгидан ташкил қилиниб, бунинг учун унга 8 гектар ер майдони ажратилди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун тадбиркорга 3 миллиард 500 миллион сўмлик имтиёзли банк кредити берилди ва Хитой компанияси билан аттракцион олиб келиш юзасидан шартнома имзоланди.
Тадбиркор Сейдабулла Медетов Президентимиз билан учрашув чоғида ўқув қуроллари ва китоб савдосини йўлга қўйиш мақсадида туман марказидан икки қаватли китоб дўкони қуриш ниятини билдирган эди. Унинг бу таклифи давлатимиз раҳбари томонидан қўллаб-қувватланиб, “Китоб олами” дўкони лойиҳасини амалга ошириш учун “Маҳалла” хайрия жамоат фондидан 500 миллион сўм маблағ ажратилди. Айни пайт­да қурилиш ишлари бошлаб юборилди.
Қолаверса, тумандаги қатор умумтаълим мактабларини реконструкция қилиш, ёпиқ сув ҳавзаси, гимнастика ва спорт заллари қуриш, 8-сонли мактабгача таълим муассасасини капитал таъмирлаш ишлари ҳам инвестиция дастурларига киритилмоқда.
“Досмурза чорва” фермер хўжалиги раҳбари Италиянинг “Inventa” корхонаси билан умумий қиймати 550 минг АҚШ доллари миқдорида шартнома имзолади. Унга мувофиқ, хориждан замонавий сутни қайта ишлаш технологияси олиб келинади. Шу билан бирга Голландиядан 132 бош наслли қорамол ҳам келтирилади. Бундан ташқари, “Шуманай меридиан” корхонаси томонидан 2 гектар майдонда замонавий иссиқхона қурилади. Бунинг учун унга 500 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилмоқда. “Фотима Караматдинова” корхонаси жамоаси эса 122 минг доллар эвазига сутни қайта ишлаш цехи барпо этади.
Тумандаги пахтани қайта ишлаш заводи негизида брезент ишлаб чиқариш йўлга қўйилаётган бўлса, бўш турган “Қарабайли гуруч” филиали биноси негизида шолини қайта ишлаш ташкил этилмоқда. Туман марказида нон, макарон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳаётга татбиқ қилиняпти. “Дока нон” мажмуаси эса ишга тушиш арафасида.
Шуманайликлар азалдан меҳнатсеварлиги билан ажралиб турган. Бу заминдан кўплаб таниқли инсонлар етишиб чиққан. Бугунги авлод вакиллари уларнинг ибратли ишларини давом эттириб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, тадбиркорлик, фермерлик, деҳқончилик, чорвачилик, қурилиш ва бошқа соҳаларни юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Сирасини айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Оролбўйига, жумладан, Шуманай туманига бўлган алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги ҳар бир шуманайликка куч-қувват бағишламоқда.

Давуд АБИБУЛЛАЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.