Аҳоли саломатлигини таъминлаш – устувор вазифамиз

Наманган вилояти

Президентимизнинг 2016 йил 31 октябрдаги “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоятда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур қарорга мувофиқ, 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб четдан олиб келинадиган, шунингдек, мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларидан сотиб олинадиган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларини улгуржи ва чакана сотиш, уларни етказиб беришда иштирок этувчи воситачилар сонидан қатъи назар, улгуржи савдо учун сотиб олинган қийматидан 15 фоиздан, чакана савдо учун улгуржи нархидан 20 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорда белгиланган чекланган савдо устамалари қўллаш амалга оширилмоқда.
Илгари дори-дармонлар асосан чет мамлакатлардан сотиб олинган бўлса, энди Ўзбекистоннинг ўзи ҳам хорижга тиббий маҳсулотлар чиқарувчи мамлакатлар қаторига кирди. Наманганда бундай корхоналар сони 5 тани ташкил этади. Жумладан, Абу Али ибн Сино номли ўрмон хўжалигига қарашли “Шифобахш” корхонасида 10 турдаги доривор ўсимлик­лар хомашёси, “Мерримед фарм” масъулияти чекланган жамиятида 76 турдаги таб­леткалар, капсула, ампула маҳсулотлари, гален дориси ва сиқма мазлар, “Камол Мед Фарм” масъулияти чекланган жамиятида 5 турдаги таркибида  спирт бўлган маҳсулотлар, “Ғулом Фозилович” масъулияти чекланган жамиятида тиббиёт докаси ва 4 хил бинт, “Қадр Тўқимачи” масъулияти чекланган жамиятида тиббиёт докаси тайёрланмоқда.
Наманган вилоятида фармацевтика саноатининг истиқболлари ҳақида гапирадиган бўлсак, импорт ўрнини босувчи дори воситалари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш учун умумий қиймати 70,2 миллион АҚШ долларига тенг 7 та инвестицион лойиҳаларни ўз ичига олган дастур белгиланди. Дастурга мувофиқ, кейинги икки йилда дори-дармон маҳсулотларининг катта қисми ўзимизда ишлаб чиқарилади, ҳатто экспорт қилиш имконияти туғилади.
Ҳозирда қон айланиш, асаб тизими, ички секреция безлари, кўз, нафас олиш аъзолари, сийдик-таносил касалликларини даволашда ҳамда шошилинч тиббий ёрдам ва жарроҳлик амалиётида қўлланадиган 97 та маҳаллий дори воситалари, 18 та тиббий буюмлар чекланган нархларда дорихоналарга чиқарилмоқда. Рўйхатга жами 343 номдаги дори воситалари киритилган. Яъни чет элдан келтирилган 201 номдаги дори воситалари ва 44 номдаги тиббий буюмлар ҳам шу рўйхатдан ўрин олган.
Яна шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ҳамда дори-дармон ва тиббиёт буюмларига бўлган эҳтиёжни тўлақонли таъминлаш мақсадида бошқа зарурий чоралар ҳам кўрилмоқда. Жумладан, барча дорихоналар учун мажбурий бўлган энг зарур дори воситалари ва тиббий буюмларнинг минимал рўйхати тасдиқланиб, унинг таркибига 70 номдаги маҳаллий дори воситаси ва 6 номдаги маҳаллий тиб­биёт буюми киритилди. Қолаверса, шифокор рецептисиз бериладиган дори воситалари рўйхатидан 1225 номдаги, жумладан, 192 халқаро патентланмаган номдаги ва 1033 номдаги мажмуавий дори воситалари ўрин олди.

Солижон МЎМИНОВ,
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.