Баҳорнинг ғанимат дамлари

Буни яхши англаган пахтакорлар чигит экиш мавсумига пухта тараддуд кўришади.

Пахтадан мўл ва сифатли ҳосил олишнинг муҳим омилларидан бири уруғни қулай фурсатда ерга қадашдир. Бунда эса даланинг тайёрлиги муҳим аҳамиятга эга. Дала яхши текисланса, экин барвақт униб чиқади ва соғлом ўсади.

Яхши текисланган дала эгатларини сув босмайди, тупроқ бир текисда намланади. Ер юзасини юмшатиш, тупроқни майин қилиш ҳамда ҳайдалма қатлам ҳавоси алмашинувини яхшилаш учун ер бороналанади. Бороналаш жараёнида ер янада текисланади, бегона ўтлар йўқотилади ва буғланиш камайиб, нам яхши сақланади.
Боронани соатига 7-8 километр тезликда ишлатиш тавсия этилади. Тезлик бундан ошиб ёки пасайиб кетса, сифат бузилади.
Тупроқ нами дала нам сиғимига нисбатан 50-60 фоиз бўлганида, бороналаш энг қулай муддат ҳисобланади. Қумоқ, қумлоқ тупроқли ерларда нам бундан юқори бўлганда ҳам бороналаш мумкин. Ернинг юза қисми қуруқ бўлса, бороналаш вақтида фақат кесаклар кўчиб, тупроқ увоқланмайди. Бу тадбир тупроқ бетини юмшатиб, ундаги намликни буғланиб кетишдан сақлайди.
Эрта баҳорда тупроқ намининг асосий қисми ҳайдалма қатламда бўлади. Ҳаво исиши билан у буғлана бошлайди. Дала бети юмшатилмаса, нам 4-5 кун ичида батамом йўқолиши мумкин.
Ёғин-сочин кам бўладиган туманларда бороналаш март ойининг биринчи ярмида ўтказилса, қолган минтақаларда иккинчи ярмида ўтказилади.
Ерларнинг босилишини камайтириш мақсадида бороналаш занжирли тракторларда икки қатор борона тиркаб ўтказилади. Бунда бир ўтишда анча майдон бороналанади. Натижада иш қисқа вақтда бажарилади ва ер кам босилади. Ёғингарчилик  180-200 мм. кам бўлган, ер ости сувлари чуқур жойлашган майдонларда чигитни тупроқ намига ундириб олиш учун қўшимча суғориш ўтказилади. Акс ҳолда, чигитга сув беришга тўғри келади.
Ерни бороналаш чуқурлиги боронани тракторга узун ёки қисқа агрегатлашга боғлиқ. Чунончи, борона тракторга узун уланса, ер чуқур, калта уланса, саёз бороналанади. Шунинг учун бу жиҳатга ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Шўрланган ерларга кузги шудгор олдидан ўғит берилмаган бўлса, шўри ювилгач, фосфорли ўғитлар йиллик меъёрининг 60 фоизини, калий ўғитининг 50 фоизини экишдан олдин бериш керак.
Ниҳолларни барвақт ва қийғос ундириб олиш учун пушта усулидан фойдаланиш керак. Бу ҳайдов қатламида тупроқ зичлигини узоқ вақт мақбул даражада сақлаб туриш имконини беради. Бундай технологияда тупроқнинг устки қисмида ҳарорат чигит текис далага экилгандагига қараганда 2-3 даража юқори бўлади. Чигит барвақт униб чиқади.
Пушта олиш учун шуд­гордан кейин тупроқнинг устки қисми бороналаш билан бир вақтда мола босиб текисланади. Уст қисмида ўткир чўққилар пайдо бўлган пушталарга сеялка ёрдамида чигит экиш мумкин эмас. Пушталар уст қисмида чигит экувчи сеялканинг сошниклари юриши учун 18-20 сантиметр кенгликда кичкина майдон қилиш мақсадида пушта тортувчи мослама енгил мола билан таъминланади. Молани ўлчовлари 50х50 миллиметр бўлган бурчакли темирдан тайёрлаш мумкин.
Пуштага чигит экиш пайтида трактор ва сеялканинг ғилдираклари эгатлар тубидан узунлиги бўйлаб ўтади ва чигит экилаётган марзалардаги тупроқни зичлаштирмайди. Аммо пуштага экиш учун текис ёки бироз қия, тупроғи шўрланмаган, шунингдек, кам ва ўртача шўрланган, аммо шўри яхши ювилган майдонлар танланади.
Шундай қилинганда, чигит пуштанинг уст қисмига 3-4 сантиметр чуқурликка экилади. Бу эса чигит экишни 3-4 кун эрта бошлаш имконини беради.
Пушталар уст қисмида ҳосил бўладиган қатқалоқнинг қалинлиги 1-2,5 марта, мустаҳкамлиги эса 2-3 марта кам бўлади. Бундай майдонларда пахта 7-8 кун олдин етилади. Қатқалоққа қарши кураш кўп вақт талаб қилмайди. Чуқур эгатлар бўйлаб суғориладиган туп­роқнинг капилляр сув оқими билан намланиши таъминланади.
Чигит пуштага экилганда ғўзанинг интенсив ривожланиши учун керак бўлган қулай иссиқлик ва озиқланиш шароитлари яратилади. Буларнинг барчаси ҳосилдорликни 4-6 центнерга ошириш имконини беради.
Шуни унутмаслик лозимки, ҳар бир агротехник тадбир ўз вақтида ўтказилиши ва ўсимликнинг ривожланиш босқичига мос келиши керак. Иш сифати ҳамма вақт бош мезон бўлиши лозим. Илм-фан ютуқлари ва илғор тажрибалар асосида ишлаб чиқилган, деҳқонларнинг синовидан ўтган усулларни кенг қўллаш кўзланган натижани беради.

Ренат НАЗАРОВ,
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази бўлим бошлиғи.