Нафосат ва назокат айёми

1_01

Навоий вилояти

Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб 8 март – Хотин-қизлар куни умумхалқ байрами сифатида кўтаринки кайфиятда, шоду хуррамлик билан нишонланмоқда.

Навоий шаҳрида ўтказилган байрам тадбирида вилоятнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган хотин-қизларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди.

Хотин-қизлар байрамининг айнан баҳор фаслида нишонланиши замирида ҳам ўзига хос маъно ва мазмун мужассам. Негаки, табиатнинг уйғониши, яратувчанлик ва гўзаллик ўзгача тароват, мафтункорлик кашф этиши ушбу байрам билан бошланади. Шу маънода, баҳор ва аёл сўзлари бир-бирига ҳамоҳанг ва уйғундир.
Севги ва садоқат, меҳр-муҳаббат, назокат ва латофат каби энг нозик туйғуларни аёлларсиз асло тасаввур эта олмаймиз. Зеро, муҳтарама аёлларимиз ҳамиша кўз ўнгимизда меҳрибон она, фидойи етакчи, садоқатли ёр тимсолида гавдаланади.
– Жамият тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган аёлларимизнинг меҳнатлари эса ҳамиша давлатимиз эътиборида, – дейди вилоят ҳокимлиги котибият мудири Гулноз Аслонова. – Шу ўринда, биргина ўтган йили вилоятимизнинг 5 нафар фаол ва ташаббус­кор хотин-қизлари турли даражадаги юксак давлат мукофотлари билан тақдирлангани алоҳида эътирофга лойиқ. Айни кунда вилоятимиз хотин-қизлари сафида сенатор, Ўзбекис­тон Респуб­ликаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари борлиги ҳам уларнинг ижтимоий-­сиёсий ҳаётимиздаги фаоллигининг амалий ифодаси бўлмоқда.
Тўкин дастурхон атрофида ташкил этилган тадбирда ҳудудда ҳар жиҳатдан ўрнак кўрсатган бир гуруҳ хотин-қизлар вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбирда вилоят ҳокими Қ.Турсунов иштирок этди.

Отабек АСЛОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.