ИСТАК ВА ИСТЕЪДОД УЙҒУНЛИГИ

Фарғона вилояти

Ҳаётда меҳр аталмиш мўъжиза бор. Инсон у туфайли эзгуликлар сари талпинади. Ана шу меҳр тафти билан истеъдод шаклланади. Марғилон миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида ҳам истиқлол меҳри билан ўз иқтидорини намоён этаётган ўғил-қизлар кўпчиликни ташкил қилади.

– Аслида, ўқувчиларимизнинг барчаси истеъдодли, – дей­ди коллеж директори Инобатхон Азимова. – Улар миллий анъаналаримизнинг ёрқин хусусиятларини ўз ижод намуналарида акс эттиришга астойдил интилмоқда. Уларнинг аксария­ти ёш тадбиркор сифатида хайрли ишларга қўл уришди. Жумладан, ўқувчимиз Шаҳноза Мусахонова қатор ютуқларга эришиб, коллежимиз номини юксалтирмоқда.
Шаҳноза юнгдан турли буюмлар ясашни пухта ўзлаштирган. Унинг ижодига мансуб бежирим шарфлар, аёллар рўмоллари ва турли ўйинчоқлар халқаро кўргазмаларда муносиб баҳосини оляпти. Хусусан, Шаҳноза 2016 йилнинг сентябрь ойи­да Марғилонда ЮНЕСКО шафелигида ўтказилган “Атлас байрами”да иштирок этиб, ташкилотнинг махсус сертификати билан тақдирланди. Шу орқали декабрь ойида Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида ЮНЕС­КО ташаббуси билан ўтказилган тадбир қатнашчисига айланди. Мазкур нуфузли анжуманда ҳам ёш ҳунарманднинг ноёб ва сержило ўйинчоқлари, ҳунармандчилик намуналари кўплаб ихлосмандларнинг эътиборини тортди, эътирофига сазовор бўлди.
Шаҳноза Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-­демократик партиясининг Марғилон шаҳар Кенгаши томонидан ўтказилаётган кўплаб тадбирларда фаол иштирок этади. У партиянинг “Ёшлар қаноти” вакили сифатида ўтган йили “Ишбилармон талаба – 2016” стипендияси республика кўрик-танлови совриндори бўлди. Ушбу муваффақият ҳам Шаҳнозага қанот бериб, уни янгидан янги режаларга руҳлантирди.
– Кореяда таниқли дизайнерларга, кореялик тенгдош­ларимга ўзбек ёшлари ҳаё­ти ва қизиқишлари ҳақида жуда кўп нарсани сўзлаб бердим, миллий меросимиз билан таништирдим, – дей­ди у. – Эндиликда яратадиган ижодий ишларимда орзуларимни акс эттираман. Бу йўлда устозларим Холнисо Тожибоева, Мамлакатхон Ҳожиматова, Нодира Тошматова, Жамилахон Юнусова, Расулжон Мирзааҳмедов, Севарахон Фозиловалар менга ҳамиша маслакдош. Ҳунарим туфайли етук тадбиркорга айлансам, юртимга нафим тегса, бахтли бўлардим.
Одоблилик, саришталик, билимдонлик фазилатларини ўзида жамлаган Шаҳноза Мусахонованинг яна бир катта мақсади бор. У халқимизнинг асрлар давомида шаклланган, сайқалланган миллий ҳунарларини янада такомиллаштириб, ўзига хос равишда ривожлантиришга муносиб улуш қўшмоқчи.
Шаҳнозахоннинг бу орзусига эришишига ишончи катта. Ахир, юртимизда ёшлар тадбиркорлиги учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Ёшларда истак бўлса, уларнинг истеъдодлари юзага чиқаверади.

Мадаминжон СОЛИЖОНОВ