Дардларга дармон бўлиш – энг устувор йўналиш

Қашқадарё вилояти

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 24-25 февраль кунлари вилоятимизда бўлиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди, халқ билан мулоқот қилди. Вилоятимиздаги шифо масканларида бўлганида  асосий эътиборни соҳадаги муаммолар ва уларнинг ечимига қаратди. Жойларда қишлоқ врачлик пунктлари ўрнида поликлиникалар ташкил этиш юзасидан тавсиялар берди.

Республика ихтисос­лаштирилган кардиология марказининг Қарши филиали фаолиятини йўлга қўйиш эса юрак касалликлари билан боғлиқ жарроҳлик амалиётларини ҳудудда амалга оширишга имкон беради. Бу бўйича кенг кўламдаги ишлар режаси белгиланди. Пойтахт, ҳатто, хориждан малакали мутахассисларни жалб этиш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Ҳозирги пайтда вилоятимизда эндокринологик хасталиклар кўпайиб, беморлар ана шу касаллик­лардан азият чекишяпти. Беморлар аксарият ҳолларда пойтахтдаги шифо масканлари ва хусусий клиникаларга мурожаат этишмоқда. Жойларда замонавий тиббий ускуналарнинг етишмаслиги, шарт-шароит­нинг етарли даражада эмаслиги каби қийинчиликлар мавжуд. Шундай экан, бу, вилоятда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий марказининг Қарши филиали ташкил этилишини тақозо этмоқда.
Кейинги пайтда вилоятимизда юқумли касалликлар кўпайгани сир эмас. Уларнинг профилактикаси бўйича олиб борилаётган ишларни талаб даражасида, деб бўлмайди. Юқумли касалликлар шифохонаси биноси бундан 45-50 йиллар олдин қурилган бўлиб, ундаги тиббий жиҳозлар эскирган эди. Шу боис, 250 ўринли вилоят юқумли касалликлар шифохонасининг замонавий биноси барпо этилади. Бу каби кенг кўламли ишлар биз шифокорларни қувонтириши билан бирга, зиммамиздаги бурч ва масъулиятни янада оширмоқда.
Дори-дармон таъминоти, унинг нархи бўйича ҳам муаммолар тўпланиб қолган эди. “Қашқадарё дори-дармон” акциядорлик жамиятида хориж технологияси асосида табиий ўсимлик ва гиёҳлардан арзон ҳамда сифатли дори-дармон тайёрлаш йўлга қўйилгани айни муддао бўлди. Кукун ҳолатида антибиотиклар ишлаб чиқариб, уларни четга экспорт қилиш бўйича ҳам амалий ишлар қилиняпти. Бироқ бу ишларимиз ҳам ҳозирча талаб даражасида эмас.
Эндиги асосий мақсадимиз – давлатимиз раҳбари томонидан ўртага қўйилган вазифаларни бекаму кўст бажариш орқали эл дардига дармон топишдек масъулият­ли вазифани уддалашдир.

Зокир ҒАНИЕВ,
Олий тоифали кардио-реаниматолог шифокор.