Табиат гавҳари десак арзийди

7_01

Тошкент вилояти

Юртимизда табиатни асраш, унга етказилаётган салбий таъсирларни камайтириш, ноёб ўсимлик ва ҳайвонот турларини муҳофаза қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Буни Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи мисолида ҳам кўриш мумкин.

Хушманзара табиати билан бошқа қўриқхоналардан асло қолишмайдиган мазкур боғ жонкуяр ходимларнинг самарали меҳнатлари эвазига кундан-кунга чирой очмоқда. Боғнинг ўзига хос иқлими, тоғлари, адирлик ва ўрмонзорлари, музликлари, катта-кичик жилға, сой ва дарёлари, кўл ва шаршаралари, хуллас, гўзал ва бетакрор табиати ҳар қандай кишини ўзига ром этади.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент ва Оҳангарон ҳудудида жойлашган Угом-Чотқол миллий табиат боғи Ўзбекистоннинг кўркам, сўлим гўшаларидан биридир. Денгиз сатҳидан 800-4000 метр баландликда жойлашган боғ 574,6 гектар майдондан иборат. Миллий боғ ҳудудида 1800 дан зиёд ўсимлик тури ўсади. Шундан 74 таси Халқаро ва Ўзбекистон “Қизил китоб”ига киритилган. Саккиз турдаги тоғ лоласи, Марказий Осиё ноки, Пском пиёзи, Аболин астрагали, Эремурс ва бош­қалар шулар жумласидандир. Миллий боғда 230 дан ортиқ ҳайвон ва қуш тури мавжуд бўлиб, уларнинг 38 таси Ўзбекистон “Қизил китоб”ида қайд этилган.
Эътиборлиси, бу ерда мамлакатимиз фаунасининг ноёб турларидан бири бўлган Тянь-Шань қўнғир айиқларини  учратишингиз мумкин. Табиатан камёб саналувчи ушбу жонзот, одатда, мевалар, ўсимликлар илдизлари, баъзида сут­эмизувчилар  билан озиқланади.  Шунингдек, улар икки йилда бир марта насл қолдиради. Айни дамда қўнғир айиқлар қўриқхона ҳудудида фаол ҳаёт кечирмоқда.  Умуман олганда, табиатни кўз қорачиғидек асраб-авайлашда аҳолининг, хусусан, ёшларнинг экологик билимларини бойи­тиб борсак, тез-тез табиат қўйнига саёҳатлар уюштирсак, айниқса, фарзандларимизни ўсимлик ва ҳайвонот оламига оид китоблар билан ошно қилсак кўзлаган эзгу мақсадларимизга эришамиз.

Нилуфар АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон давлат табиат музейи катта илмий ходими.