Орзулар рўёбга чиқмоқда

6_sport

Жиззах вилояти

Жиззах вилоятининг Дўстлик туманида ўтган йили  эски спорт мактаби негизида сузиш, кураш, дзюдо, енгил атлетика, бокс каби спортнинг ўн тури билан шуғулланиш учун мукаммал шароитларга эга, янги, замонавий кўринишдаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби қад ростлаган эди.

Мактабда замонавий ёпиқ сузиш ҳавзаси, спорт зали, футбол майдони, югуриш йўлаги, гимнастика зали, томошабинларга мўлжалланган 380 ўринли трибуна ёшлар ихтиёрига топширилган.
Халқаро талабларга тўла мос келадиган, йил давомида зарурий ҳарорат ва сувнинг тозалиги таъминланадиган эни 12, бўйи 25 метрлик ёпиқ сузиш ҳавзасининг душ, ўғил болалар, қизлар ҳамда мураббийлар учун алоҳида хоналари мавжуд. Мазкур имкониятдан айни вақтда 150 нафар бола фойдаланмоқда.
–  Мени бу ерга онам олиб келди, –  дейди етти ёшли Улуғбек Нормаматов. – Ўн беш кунда сузишни ўрганиб олдим. Келажакда сузиш бўйича жаҳон чемпиони бўлиб, юртимиз номини дунёга танитишга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.
– Ҳозирданоқ шогирдларимизни “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасига тайёрлашга киришганмиз, – дейди мураббий Олим Бекбўтаев. – Қобилиятли ёшларимиз кўп, келгусида улар орасидан республика, Осиё ва Жаҳон чемпионлари етишиб чиқишига ишонаман.
Спорт мактабининг бадиий гимнастика тўгарагида ҳам қайноқ ҳаёт нафаси ҳукмрон.  Мураббий Шаҳноза Жамилова шогирдлари ва уларнинг ота-­оналари эътиборини талабчан, қатъиятли, ишчан ва меҳрибон устоз сифатида қозонган. У ана шу фазилатларини шогирдларига юқтира олгани боис мактабнинг бадиий гимнастикага доир кўрсаткичлари йилдан йилга юқориламоқда.
– Беш йилдан буён бадиий гимнастика билан шуғулланаман, – дейди ўн икки ёшли Чарос Ёқубова. – Спортнинг мазкур турига қизиқишимни онамга билдирганимдан сўнг улар мени болалар ва ўсмирлар спорт мактабига олиб келди. Бошида бироз қийналдим. Мунтазам машқлар туфайли бадиий гимнастика мен учун ёқимли машғулотга айланди. Аввал туман, вилоят, сўнгра республика миқёсидаги мусобақаларда ғолиб бўла бош­ладим. Ўтган йили Ўзбекистон чемпиони бўлдим. Мураббийларимнинг саъй-ҳаракатлари, тобора юқорилаб бораётган натижаларим жаҳон чемпиони бўлишга ишончимни мус­таҳкамламоқда.
– Мамлакатимизда спорт, хусусан, бадиий гимнастиканинг изчил ривожланиб бораёт­гани ота-оналарда ҳам фарзанд­лари тақдирига дахлдорлик ҳисси ошиб боришига сабаб бўлаётир, – дейди мураббий Шаҳноза Жамилова. – Мактабимизга фарзандларини етаклаб келаётган ота-оналар юз-кўзидан буни англаш қийин эмас. Шогирдларим март ойи охиригача иккита республика миқёсидаги чемпионатда иштирок этиш учун машғулотларга зўр беришган. Жамоамиз ҳисобида бугунгача 50 дан ортиқ медаллар бор. 3 нафар шогирдимиз эса вилоят терма жамоасига олиниш арафасида.
Мазкур спорт мактабида айни вақтда 717 нафар ёш авлод вакили улкан орзу-ниятлар билан машғулотларда иштирок этишяпти. Уларга 26 нафар малакали мураббий спорт сир-­асрорларини ўргатишмоқда.
– Кураш ва дзюдо билан шуғулланаётган шогирдларимиз ҳам республика ва халқаро миқёсдаги турнирларда юқори натижаларга эришмоқда, – дей­ди спорт мактаби директори Нуриддин Умрзоқов. – Жумладан, Бобур Исматов дзюдо бўйи­ча икки марта республика, бир марта халқаро миқёсдаги мусобақада ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди. Муҳайё Омонова, Шоҳиста Анорова, Фарангиз Муродова, Умида Бобораҳимова, Шоҳида Муҳаммедова, Машҳура Тотлибоева, Дилшода Алиқулова, Севинч Халилова сингари ёшларимиз мамлакат миқёсида ўтказилаётган мусобақаларда ғолибликни қўлга киритишди. Яна икки нафар шогирдимиз бу йил вилоятимизда бўлиб ўтадиган “Баркамол авлод” спорт мусобақаларининг республика босқичида вилоят терма жамоаси номидан иштирок этади.
Лўнда қилиб айтганда, туман ёшлари шароит ва имкониятларга мос равишда фақат юқори марраларга интилиб, спорт билан астойдил шуғулланишмоқда. Бу йўлда уларга мураббийлар таянч ва суянч бўлишаётир. Демак, орзулар рўёбга чиқади.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.