Юксак марраларни кўзлаган навқирон авлод

2_buxoro_1

Бухоро вилояти

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда спортни ривожлантириш ва оммавийлаштириш учун яратилаётган шарт-шароитлар туфайли миллий ва халқаро мусобақаларда янгидан янги марралар забт этилмоқда. Уларнинг сафида бухоролик ёш спортчилар ҳам бор.

Ўтган йили бухоролик спортчилар учун жуда омадли келди, десак муболаға бўлмайди. Бухорои шарифнинг спортчи йигит-қизлари турли халқаро мусобақаларда ўзларининг юксак истеъдоди, кучи ва салоҳияти билан бутун дунё спортчиларига ўрнак бўлса арзирлик натижаларни қўлга киритишди. Аҳамиятлиси, уларнинг сафи кенгайиб, янги ёш истеъдодлар кашф этилди. Айниқса, ўтган йилнинг энг нуфузли мусобақаси ҳисобланган Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI ёзги Олимпия ҳамда XV Паралимпия ўйинларида вилоятнинг асл ўғлонлари дунёнинг манаман деган спортчиларини ўзига хос услуби ва тезкор техникаси билан лол қолдирди. Шаҳобиддин Зои­ров, Шерзод Намозов, Шаҳрам Ғиёсов, Ихтиёр Наврўзов, Ришод Собиров, Ширин Шарипов, Шуҳрат Бобоев, Феруз Саидовлар шундай спортчилар сирасидан жой олди.
Спортчининг шуғулланишига, ўз устида ишлашига муносиб шароит яратиб бермасдан туриб, ундан юқори натижа кутиб бўлмайди. Бунинг учун яхши муҳит, шароит яратиб бериш янги ғалабалар, юксак марралар сари етаклайди. Айни пайтда Бухорода фаолият кўрсатаётган 3462 та спорт муассасасида 175 минг нафардан ортиқ ёш йигит-қизлар спортнинг барча турлари бўйича машғулотлар олиб боришмоқда. 18 та болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, 8 та спорт мактаб-интернатлари, Олимпия захиралари ҳамда спортга ихтисослашган коллежлар шулар жумласидандир. 2016 йили умумтаълим мактаблари учун бир нечта спорт заллари ва ёпиқ сузиш ҳавзалари қурилди. Шунингдек, вилоятда бу борадаги ютуқларни янада оширишга хизмат қилаёт­ган “Бухоро” марказий ўйингоҳи, “Семурғ” спорт мажмуаси, Шофиркон ва Олот туманларидаги марказий ўйингоҳлар, Когон шаҳридаги “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли “Локомотив” ўйингоҳи ҳамда Бухоро олимпия захиралари коллежларини таъмирлаш, қўшимча спорт иншоотлари қуриш ва жиҳозлаш кўзда тутилган.
Албатта, қўлга киритилган ютуқлар замирида вилоят­да спортни оммалаштириш ва замонавий спорт иншоотлари қуриш борасида давлатимиз томонидан қаратилаётган эътибор мужассам. Су­зиш ҳавзалари, дейсизми, манеж ёки спорт заллари дейсизми, хуллас, спортчиларнинг эркин шуғулланиши, машғулотлар ўтказиши учун барча зарур шарт-шароитлар муҳайё қилинган. Бунинг учун ўтган йиллар давомида биргина Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан 75 мил­лиард сўмдан ортиқ маб­лағ ажратилиб, вилоятда 64 та спорт зали ҳамда 2 та бассейн фойдаланишга топширилди. Спортчилар ҳам ҳам бунга муносиб жавоб қайтариш мақсадида бор иқтидори, куч-қудратини ишга солиб, юксак марраларни қўлга киритаётир. Улар нуфузли ареналарда бир неча бор юртимиз байроғини юксакларга кўтариб, кўксимизни ғурур ва фахрга тўлдирди. Аниқроқ қилиб айтганда, ўтган йили Руминияда ўтказилган самбо бўйича ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида Ибодулла Мўминов олтин, Нилуфар Раҳмонова эса бронза медалини қўлга киритди. Таэквондо спорт турининг ИТФ йўналиши бўйича Минск шаҳрида ўтказилган Жаҳон кубогида 6 нафар спортчи олтин, 2 нафари кумуш ва 3 нафари бронза медаль соҳибига айланди. Ҳиндистонда бўлиб ўтган кураш бўйича Жаҳон чемпионатида 1 та олтин ва 1 кумуш, Болгария­да ўтказилган шашка бўйича Жаҳон чемпионатида 3 нафар спортчи бронза медалини қўлга киритиб, мамлакатимиз спортчилари эришган ютуқларга муносиб ҳисса қўшишди. Аҳамиятлиси шундаки, улар орасидан олимпия ўйинларида ғолибликка эришган 17 нафар спортчи олий таълим муассасаларига имтиёзли асосда ўқишга қабул қилинди.
Вилоятда аҳолининг турли қатламлари, айниқса, ёшларни спортга жалб этиш, уларни мунтазам спорт билан бандлигини таъминлаш ва шу орқали жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида турли оммавий тадбирлар, мусобақа ва кўрик-танловлар ўтказиб келинмоқда. Ўтган йили воя­га етмаганлар ўртасида ташкиллаштирилган 598 та оммавий спорт мусобақаларига 90 минг нафардан ортиқ спортсевар ёшлар жалб этилгани бунинг яққол исботидир. Иштирокчилар сони ҳам йилдан йилга ортмоқда. Энг муҳими, бу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини кўрсатмоқда.

Ҳамроз АЛИ,
“Qishloq hayoti” мухбири.