Беда – ерга дармон, чорва учун фойдаси кон озуқа

5_01

Беда ўсимлиги кучли илдиз тизимига эга бўлиб, ерни чиринди моддалар билан бойитади. Натижада тупроқнинг физик, кимёвий, микробиологик хоссалари яхшиланади. Бедапоядан бўшаган ер тупроғи юмшоқ, донадор бўлиб, ўзидан намлик, ҳарорат ва ҳавони яхши ўтказади.

Яна бир эътиборли томони, беда шўрланган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилайди. У ўзининг қалин баргчалари билан ер бетини деярли йил бўйи соялаб туради. Натижада туп­роқда сувнинг буғланиши, шўрнинг юқорига кўтарилиши  деярли бўлмайди. У кўп кўкат ҳосил қилиши учун кўп сув сарфлайди. Бунинг учун тупроқнинг остки қатламларидаги сизот сувларидан яхши фойдаланади, натижада сизот сувининг сатҳи пасаяди. Беда суғорилганда тупроқдаги тузлар эриб, пастга тушади.
Кам ёки ўртача шўрланган тупроқларда беда ўстирилганда ундаги туз миқдори кескин камая­ди. Натижада бундай ерларга 3-4 йилгача  шўр ювмасдан ғўза экиш мумкин.
Шунингдек, беда ғўза касалликлари, бегона ўтлар ҳамда ҳар хил ҳашаротлар сонини ҳам камайтиради. Масалан, ғўзанинг вильт касаллиги  беда таъсирида 30-40 фоизга  камаяди. Бедадан бўшаган ерга ғўза экилганда ҳосил эскидан ғўза экиб келинган ердаги  ҳосилга нисбатан 20-40 фоизга ошади. Шу боис, бу экин “пахта – маккажўхори – беда” алмашлаб экиш тизимида асосий экин сифатида қўлланилган.
Беда сувга жуда талабчан бўлса-да, қурғоқчиликка бардош­ли экинлар турига киритилган. Чунки унинг кучли илдиз тизими ер остки қатламларидаги сувдан фойдаланади. Шунинг учун у лалми ерларда ҳам ўстирилади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, тупроқ унумдорлигини ошириш, ўсимликларни касаллик­лардан ҳимоя қилиш, асосий ҳамда такрорий экинлардан мўл ҳосил етиштиришда беданинг ўрни беқиёс. Энг муҳими, беда чорва учун тўйимли ва фойдали озуқа бўлиши баробарида бизга келажак авлодларга соғлом ер қолдириш имконини ҳам беради.

Рихсивой ТИЛЛАЕВ, Тошкент давлат аграр университети профессори,
Жонибек ХУДОЙҚУЛОВ, доцент.