БУРГУТТЕПА ҚАЗИШМАЛАРИНИНГ СИРИ

SAMSUNG CAMERA PICTURES

Сурхондарё вилояти

Шеробод тумани Зарабоғ қишлоғи атрофида олиб борилган археологик тадқиқотларда Ўзбекистон-Чехия экспедицияси  томонидан “Бургуттепа” ёдгорлиги кашф этилди. Сўнгги бронза даврига оид ушбу ёдгорлик Ўзбекистон, қолаверса, Марказий Осиё халқлари тарихидаги жумбоқларга ечим топиш имконини беради.

Маълумки, қадимги Шарқ дунёсида Месопотамияда биринчи цивилизация инқирозга юз тутгач, Хараппа (қадимги Ҳиндистон)да ҳам биринчи цивилизация ва Амударё бўйларида Окс цивилизацияси тарих саҳнасидан чиқиб кетади. Мана шу инқироз сабабларига “Бургуттепа” ёдгорлигида ечим топилди. Яъни Евроосиё минтақасига хос бўлган андроново маданиятининг Ўрта Осиёга кириб келиши янги даврни бошлаб берди.
Тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатадики, ёдгорлик уч минг йилдан ортиқ тарихга эга. Ҳозирда иншоотнинг девор қатламлари ва бир нечта хоналари очилиб, олимлар томонидан ўрганилмоқда. Ёдгорликнинг мудофаа деворлари қалинлиги 1,5 метрни ташкил этади. Девор тошдан мустаҳкам бунёд қилинганлиги боис, ҳозиргача яхши ҳолатда сақланиб қолган.
Манзилгоҳ доира шакл­да бўлиб, унинг диаметри 75 метрдан иборат. Атрофи 5 метр қалинликдаги мудофаа девори билан ўраб олинган. Шу жиҳатдан “Бургуттепа”ни ҳарбий истеҳком деб аташ ҳам мумкин. Чунки ўша даврга хос бўлган бундан бошқа тошдан фойдаланилган меъморчилик ансамбли аниқланмаган.
Экспедиция доирасида манзилгоҳдан кўплаб тарихий ашёлар топилди. Катта-кичик хоналар, турли ҳажмдаги ўчоқлар, буғдой янчадиган тош буюмлар бу ерда яшаган аҳолининг турмуш тарзи ва маданияти қандайлигини кўрсатиб турибди.
Ёдгорликнинг архитектура қурилиши юксак дид билан ишланган. Бино асосан шу ҳудуддан олинган тошлардан бунёд этилган. Қазишмалар давомида “Авесто”даги Като архитектура ечимига хос бўлган поллари сопол буюмлар билан безатилган хона ҳам аниқланди.
Ёдгорлик шундай рельфда жойлашганки, у чор атрофга яққол кўриниб турган. Аҳолининг турмуш тарзи ҳам ўзига хос бўлиб, улар асосан деҳқончилик, чорвачилик ва кулолчилик билан банд бўлишган. Зардўштийлик динига оид топилган моддий манбалар эса бундан қарийб уч минг илгари манзилгоҳда  истиқомат қилган одамларнинг диний қарашлари ҳақида маълумот беради. Шунингдек, ёдгорликнинг шундоққина ёнида жойлашган ўша даврга хос бўлган даҳма зардўштийлик динининг дафн маросимлари учун махсус ишланган. Чунки у даврларда майит тош устига қўйилиб, қузғунларга ем қилинган. Аниқланишича, бу Ўрта Осиёдаги илк даҳма ҳисобланади. Тошлар қузғунлар келиб қўнишига қулай қилиб тик қия шаклда ётқизилган. Айлана шаклдаги даҳманинг диаметри 12 метр.
Олиб борилган археологик қазишмалар натижасида ёдгорлик атрофида суратлар ҳам топилди. Суратлар Зараутсой тасвирларидан фарқли ўлароқ, тошларга ўйиб ишланган.
– Зарабоғ суратлари Зараутсойникидан қолишмайдиган, уларнинг ишлаш технологияси давр жиҳатидан бир-бирига яқин бўлган гўзал ёдгорлик, – дейди тарихчи олим Шопўлат Шайдуллаев. – Зараутсой суратлари рангли ишланган. Зарабоғ суратлари эса  чўкичлаб ишланган. Шу жиҳатдан суратлар бир-биридан фарқ қилади. Бу суратлар Сурхон воҳасининг ҳайвонот дунёсини тўлиқ тасвирлаб беради. Тоғ ва пасттекислик ҳайвонлари, қушлар ниҳоятда кенг композицияда тасвирланган. Бу эса ибтидоий одамларнинг расм чизиш технологияси кучли бўлганлигини кўрсатади. Зараутсой суратлари сўнгги полеолит, мезолит даврида чизилган бўлса, Зарабоғ суратлари бронза даврига оид, яъни 3-3,5 минг олдин юмшоқ таркибли, дағал тошларга чизилган. Бу тошларни бошқа ҳудудларда хлорит тошлар ҳам деб аташади.
Ҳа, Сурхон замини қадимий ва бой маданияти, гўзал ҳамда бетакрор обидалари, ноёб осори-атиқалари билан дунё аҳлини ҳамиша лол қолдириб келган. Айниқса, истиқлол йилларида янада кўркам қиёфа касб этиб, маҳаллий ҳамда хорижий сайёҳлар қадами узилмайдиган гавжум манзилга, юртимизнинг чинакам туризм марказларидан бирига айланди.
Бугун Сурхон заминига ташриф буюрувчилар халқимизнинг буюк ўтмиши, аждодларимизнинг мислсиз иқтидори, маънавий қудратидан далолат берувчи кўп асрлик ёдгорликлар билан танишиб, уларнинг бунёдкорлик салоҳиятига тан беришмоқда.

Дилфуза ЖЎРАЕВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.