Эзгу қадриятлар акс этган қадрдон байрам

vesna-pole-vetki-cvetenie

Кўнгиллар рутубатини кетказиб, қалбларга оҳиста шивирлаб баҳор келди. Қаранг, анҳор бўйларида ёруғликка интилиб, ниш ураётган ялпизларнинг анвойи ифорини баҳор насимлари атрофга ёймоқда. Қирларда эрта баҳор элчиси бойчечаклар юз очди. Варрак учиришга ошиқаётган болалар қиру далаларга чопмоқда. Қалбларимиз фусункор баҳорни интиқлик билан кутди. Баҳор ўзи билан Наврўз дарагини олиб келмоқда.

Айни шу чоғда Президентимизнинг “2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги” қарорида бу йил Наврўзни ҳар қачонгидан-да кенг­роқ, яъни халқ сайиллари шаклида нишонлаш таклифи барчамизга янада кўтаринки руҳ бағишлади.
Ҳозирданоқ қадимий айёмнинг пойтахтимизда, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида, барча шаҳар, туман ва қишлоқларда умумхалқ сайиллари сифатида нишонланиши учун тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.
Табиат қўйнида нишонланадиган Наврўз шодиёналари дастурларида миллий урф-одатлар, анъаналар, фольклор санъатининг энг яхши намуналари, халқ ўйинлари инсоний туйғуларни тараннум этадиган куй ва қўшиқлар, ўлан ҳамда лапарларга кенг ўрин берилади.
Халқимизнинг ўзига хос миллий қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттирган ушбу байрам асрлар силсиласида юксалиб бормоқда.
Маҳмуд Қошғарий, Абу Бакр ибн Жаъфар Наршахий, Абу Райҳон Беруний каби улуғ алломалар ҳам ўз асарларида Наврўзи оламнинг азалдан халқ сайли сифатида нишонланганлигини баён этишган. Азалий айём тадбирлари табиатнинг гўзалликларига ҳамоҳанг тарзда уйғунлашиб кетган. Негаки, Наврўз айнан табиатнинг ўзгаришларига нисбатан айтиладиган Йилбошидир. Шу маънода дастурхонларда турли ноз-неъматлар, кўк сомса, кўк чучваралар, дошқозонларда сумалаклар, ҳалимлар тортилади. Қиру адирлар этакларидаги яшиллик қўйнида халқ сайиллари бошланади. Бир томонда полвонлар тош кўтарса, бир томонда дорбозлар дор ўйнайди, бир томонда барно йигитлар кураш тушади, ғирот минган алпқомат йигитлар эса кўпкарига шайланади. Табиат қўйнида баҳор васфи куйланади.
Бундайин фараҳбахш йиғинлар ўлкамизнинг барча шаҳар, туман марказлари маҳалла ва гузарларида шарқона ҳурмат, иззат, эҳтиром тарзида намоён этилади. Наврўзнинг яна ажойиб жиҳатлари шун­даки, у одамлар кайфиятига ижобий таъсир этади, яъни гина-кудуратлар унутилиб, меҳр-муҳаббат ришталари боғланади, яқин-йироқдаги кекса, беморлар аҳволидан хабар олинади.
Йилбоши – Наврўз янги меҳнат мавсумини бошлаб беради. Ахир инсон шу азиз тупроқ фарзанди, шу замин унга ризқ-рўз, барака улашади. Она табиатнинг беминнат саховати туфайли у адоқсиз меҳрга, бутун насибага эришган. Мусаффо осмон остида кишиларни бирлаштирган меҳр байрамида одамлар ҳашар ташкил этишади. Бир-бирларининг ишларида яқиндан кўмаклашади.
Биз баҳорни азалдан яхши сифат ва фазилатлар билан зийнатлаймиз. Уни ҳамиша меҳр-муҳаббатга ҳамнафас, ҳамроҳ биламиз. Наврўзнинг туб моҳиятида ҳам кишилар қалбига шодумонлик, эзгулик бахш этиш ётади.
Бугун мамлакатимизнинг шаҳару қишлоқлари янада гўзаллашмоқда. Янги мевали боғлар, узумзорлар барпо этилмоқда. Ўлкамиздаги кўча ва хиёбонлар кўкаламзорлаштирилмоқда. Сўлим гулзорга бурканган боғлар яратилмоқда, сайилгоҳлар барпо этилмоқда.
Наврўз барча катта-кичик учун бирдек азиз ва қадрли айём. Ҳадемай ям-яшил либосга бурканган қиру адирларда лолақизғалдоқлар очилади, нафис чучмомолар кўз очади. Бу эса баҳорни интиқ кутган кишилар руҳиятига чексиз завқ-шавқ бахшида этади.
Элнинг суюкли байрами машъум кунларни ҳам ўз бошидан кечирди. Ана шундай оғир дамларда мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан Наврўз мустақил юрт тантанаси сифатида қайтадан тикланди. Доно Йўлбошчимиз халқига, ўз Ватанига ана шундай улкан ўзликни қайтарди. Ҳар йили баҳор келганидек, Нав­рўз – Янги кун байрами ҳам янада яшариб, янги тимсоллар билан халқ ҳаётига яна кириб келди. Истиқлол йилларида унинг қадри янада улуғланди. Ардоқли айёмни умумхалқ сайли сифатида нишонлаш  эзгу анъанага айланди. Эндиликда кўп миллатли халқимиз тили, динидан қатъи назар, ушбу шодиёнани ҳамжиҳатлик ва аҳилликда нишонлаб келмоқда.
Ҳа, тинч ва осойишта юртга байрамлар ярашади. Қутлуғ кунларда эса шукроналик сифатида эзгу тилаклар қиламиз: Илоҳим, бу йилги Наврўз қутлуғ келсин. Кўнгиллар доимо нурафшон, бободеҳқонларнинг хирмонлари тоғлардан-да юксак бўлсин!

Наргис ҲАСАНОВА