Баҳор бошланмоқда, майсалар парвариши деҳқондан масъулият талаб этади

3_maysa

Ғалладан мўл ва сифатли ҳосил етиштириш учун эрта баҳордан уни минерал ўғитлар билан табақалаштирилган ҳолда озиқлантириш, суспензия, стимуляторлар сепиш, бегона ўтлар, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш каби агротехник тадбирларни қўллаш талаб этилади.

Мавсумий парваришни бошлашдан олдин 50-60 метр оралиқда кўндаланг ўқариқлар олиш, ариқ ва дала уватларини тозалаш зарур. Дала четлари кенгроқ бўлса, чизеллаб, бегона ўтлар ва зараркунанда ўчоқларини йўқотиш лозим.
Маълумки, эрта баҳорги биринчи озиқлантириш ишлари аксарият ҳудудларда 20-25 февралдан бошланади. Бунда ўртача ҳарорат +6 даражадан юқори бўлганда йиллик азотли озиқлантиришнинг 25 фоизини бериш мақсадга мувофиқдир.
Сир эмаски, бегона ўтлар  бошоқли дон экинларига катта зарар етказмоқда. Олиб борилган тажриба натижаларига кўра, ғалла майдонларида кенг тарқалган бегона ўтлар буғдой ва арпа майсаларига нисбатан сувни 330-1900 марта, озиқа моддаларни ҳам улардан кўпроқ ўзлаштиради. Бегона ўтлар уруғи аралашган доннинг сифати 20-25 фоизгача пасаяди. Айрим бегона ўтларнинг уруғи ёки пояси аралашган ғалла инсон саломатлиги ва чорва молларига зарар етказиши ёки уларни заҳарлаши мумкин. Жумладан, какра, туяқорин уруғлари бўлган дондан янчилган ун истеъмолга яроқсиз бўлиб, турли касалликларни келтириб чиқаради. Қўйпечак ва қумри ўт эса ғаллага чирмашиб, пояларини ётқизади. Натижада ўрим-йиғим самарадорлиги 30-40 фоизга пасайиб, дон тўкилади. Қисқаси, бегона ўтлар қоплаган далаларда ғалла ҳосили ўртача 15-18 фоизга нобуд бўлади.
Унутмаслик керакки, найчалаш давридан кейин бегона ўтларга қарши ўтказилган кимёвий кураш ғалла ҳосилдорлигига салбий таъсир этади.
Маълумки, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 10-15 март, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 25-30 март, қолган вилоятларда 18-22 мартгача буғдойнинг туп­ланиш жараёни давом этиб, сўнгра майсалар найчалаш даврига ўтади. Шу боис, ғалланинг туп­ланиш босқичида бегона ўтларга қарши кураш чораларини кўриш талаб этилади. Бунинг учун март ойининг биринчи ўн кунлигида ғаллазорлардаги бегона ўтлар турларини аниқлаб, уларга қарши кимёвий усулда курашиш лозим. Бир ва кўп йиллик ҳамда икки паллали бегона ўтларга қарши Гранстар-15-20 г/га, Далстар 15-20 г/га, Моерстар 15-20 г/га, Энтостар-15-20 г/га, Банвел 0.7-0.10 г/га, Магнум 8-10 г/га, Сертоплюс 0.1-0.15 г/га, Гранстарплюс-25-30 га/га, Атлантис 0.25-0,3 л/га, Биопауэр 1.0 л/га, меъёрида, бошоқдош­лар оиласига мансуб бегона ўтларга қарши Тердьюк 0.3-0.4 л/га, Топик-0.3 л/га, Энтопик-0.3 л/га, Атлантис 0.25-0.3 л/га, Овсюген экстра 0.3-0.4 л/га ишчи эритма тайёрлаб сепилади.
Ғалла ўрнига такроран яна ғалла экилган майдонларда, албатта, бошоқдошлар оиласига мансуб бегона ўтлар кўпаяди. Бундай ғаллазорларга шундан келиб чиққан ҳолда ишлов бериш зарур. Ушбу майдонларда бир йўла сариқ ва қўнғир занг касалликларига қарши воситаларни ҳам қўллаш керакки, бунда Дуплет ТТ-0.3-0.5 л/га, Титул 390-0.26 л/га, Титул ДУО -0.6 л/га, Алтосупер 0.3 л/га, Рекс ДУО -0.4-0.6 л/га меъёри  яхши самара беради.
Ғаллани иккинчи озиқлантириш март ойининг энг муҳим тадбирларидан ҳисобланади. Бу пайтда буғдой найчалаш босқичида ўсимликнинг вегетатив органлари кескин кўпайган, энг асосийси, поя­лар сони ортган бўлади. Шу боис, буғдой найчалаш босқичида азотли ўғитлар йиллик меъёрининг 50-55 фоизини талаб қилади.
Найчалаш даврида ўсимликни намлик ва озиқа моддалар билан таъминлаш муҳим ўрин тутади. Чунки бу пайтда ўсимликлардаги най ичида бошоқ шаклланади. Найчалаш давомийлиги 25-30 кунни ташкил этади. Шу даврда буғдой бутун ўсув давридаги қуруқ модданинг 50-60 фоизини тўплайди. Бу давр­да намлик ва озиқанинг етишмаслиги ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатади.
Майсалар ривожи суст бўлган майдонларга суспензия сепиш ўсимликнинг эрта баҳорги ривожланиш жараёнини тезлаштиради.
Буғдой найчалаш даврида баргидан озиқлантирилса, фотосинтез жараёни яхшиланади, занг касалликлари билан зарарланишининг олди олинади.
Юқори ҳосил олиш учун суғоришни “шарбат” усулида 2-3 марта амалга ошириш зарур. Шуни таъкидлаш лозимки, “шарбат” учун фақат чириган гўнгдан фойдаланиш талаб этилади. Акс ҳолда бу агротадбир бегона ўтларнинг кескин кўпайишига хизмат қилади.
Эртапишар навлар ўрта ва кечпишар навларга нисбатан 10-12 кун эрта найчалаш даврига киради. Бу эса уларни бошқа навларга нисбатан камида 12-15 кун эрта озиқлантиришни талаб этади. Шунинг учун ҳозирданоқ бунга тайёргарлик кўриш лозим.
Сирасини айтганда, бу йилги об-ҳаво нафақат суғориладиган, балки лалми майдонлардаги бошоқли дон экинлари учун ҳам қулай келмоқда. Деҳқонларимиз бундан унумли фойдаланиб, барча агротехник тадбирларни оби-тобида амалга оширишса, кўзланган мақсадга эришишади.

Ботир СУЛАЙМОНОВ, Тошкент давлат аграр университети ректори, профессор,
Абдулло МАНСУРОВ, тадқиқотчи.