Яхши келса ҳут…

xutfoto

Кексаларнинг айтишича, ҳут одатда, икки-уч кун олдин бошланадиган  совуқ шамоллар билан дохил бўлар экан. Ҳут баҳор фаслининг илк ойи. 21 февралдан киради. Шу кундан қуёш қовға юлдузлар туркумидан балиқ юлдузлар туркумига ўтади.
Ҳут кириши билан деҳқонларнинг ороми йўқолади. “Ҳут кирди, ер остига дуд кирди” мақоли бежизга айтилмаган. Ҳамма кўкламги экиш мавсумига тайёргарлик кўради. Баракали ҳосилга шу даврда мус­таҳкам замин яратилади. Боғбонларнинг ташвиши ортгандан ортади. Эрта-индин дарахтлар уйғонади. Демакки, мевали дарахтларни кесиш, шакл беришга улгуриш керак. Кўмилган анор, анжирлар тупроқдан чиқарилади. Негаки, кунлар исиши билан бу ярим тропик дарахтларнинг новдаси тупроқ остида қорайиб, чириши мумкин.
Баҳор насимлари елгани билан яйловлар ҳали қиш уйқусида. Қоракўл чўпонлар учун қўзилатиш мавсумидек долзарб паллалар. Ҳут охирига бориб, чорва яйловга кетади. Унгача шошилмаган мақбул. Баъзан ҳутнинг илиқ кунларига ишониб, молини яйловга ҳайдаган чўпонлар ютқазиши мумкин. Чунки ҳали тўқсон тугамади, олдинда “аямажуз” кунлари бор. Буни яхши билган чорвадор тадбирини қилади. “Яхши келса ҳутни кўр, қозон-қозон сутни кўр”, ибораси ҳам чорвадорларга хос. Ҳут яхши келса, ўт мўл бўлади. Оқлик кўпаяди.
Ҳут. Табиат барибир уйғонишга юз тутади. Жанубдан қушлар учиб кела бошлайди. Бойчечак, ернинг кунгай тарафларида қоқигуллар очилади. Баҳор шифобахш кўкатларини инъом этади.
Ҳутдан сўнг ҳақиқий баҳор бошланади. 21 мартдан ҳут ўз ўрнини ҳамалга беради. Ҳамалнинг биринчи куни эса Нав­рўздир.

Суҳроб ЗИЁДОВ тайёрлади.