Сариқ занг – экинга солмасин чанг

Ўзбекистонда буғдой ўсимликларида касаллик қўзғатувчи замбуруғларнинг 26 та тури қайд этилган. Сариқ ва қўнғир занг, ун-шудринг, септориоз, сариқ доғланиш, илдиз чириш ҳамда қоракуя каби касалликлар шулар жумласидандир. Ушбу касалликлар ичида энг хавфлиси сариқ занг бўлиб, у ҳосилнинг кескин камайишига сабаб бўлади.

Сариқ зангнинг кенг тарқалиши ва ривожланишига серёмғир ва очиқ ҳавонинг сурункали алмашиб туриши қулай шароит туғдиради. Юқори намгарчиликда унинг споралари ўса бошлайди, +2 даража ҳароратда эса ўсимлик тўқимасига киради. Касалликнинг тез тарқалиши ва ривожланиши учун 8-13 даража илиқ ҳаво энг қулай вазият ҳисобланади.
Кейинги йилларда қатор мамлакатларда мазкур касалликнинг бундан ҳам юқорироқ ҳароратларда ривожланишга мослашган экотиплари пайдо бўлди. Ҳатто айрим минтақаларда касаллик ўта кучайиб, эпифитотия шаклида тарқалмоқда.
Жорий йилнинг январ ойи­да сариқ зангнинг ўчоқлар шаклида тарқалиши Сирдарё ва Жиззах вилоятининг Боёвут, Ховос, Арнасой ва Пахтакор туманларидаги айрим далаларда қайд этилди. Касалликнинг бошқа вилоятларда ҳам мавжуд бўлиши эҳтимоли катта. Жорий йил баҳорида об-ҳавонинг нам келиши касалликнинг кенг тарқалиб кетишига олиб келиши мумкин. Бунга барчамиз тайёр туришимиз, далаларда камида ҳар ҳафтада бир марта кузатув ўтказишимиз зарур. Занг ўчоқлари топилган ҳар бир далага тезда фунгицид пуркаш талаб этилади.
Экинларни минерал ва органик ўғитлар билан меъё­рида озиқлантириш, уруғлик донга экишдан олдин микроэлементлар билан ишлов бериш ўсимликларнинг занг касалликларига чидамлилигини оширади. Экинга керагидан ортиқ азот бериш ёки фосфор ва калий бермаслик ўсимликларда занг кучли ривожланишига олиб келади. Уруғлик донга бор, магний, мис, темир, марганец, рух каби микроэлементлар ва биологик воситалар билан ишлов берилса, ўсимликнинг занг билан зарарланиши камаяди.
Мамлакатимизда эки­лаёт­ган кузги буғдой навларининг аксарияти сариқ зангга чидамсизлиги туфайли экинни ҳимоя қилишнинг энг ишончли усули кимёвий усул, яъни фунгицид пуркашдир. Уни касалликнинг дастлабки белгилари пайдо бўлиши билан қўллаш лозим. Юртимизда занг касалликларига қарши 34 та фунгицид қўлланилади. Улардан “Альто супер”, “Титул Дуо”, “Колосаль Про”, “Дуазол” кабилар юқори самарали бўлиб, кенг майдонларда ишлатилади. Ушбу препаратлар занг ривожланишини 25-30 кун давомида тўхтатиб туриши мумкин.
Ғалла майдонлари профилактик ишловдан сўнг мунтазам кузатиб борилиши керак. Касаллик белгилари пайдо бўлса, такрорий ишловлар ўтказиш зарур. Ўртача 23 даражадан юқори ҳароратда касаллик ривожланиши тўхтайди. Аммо замбуруғ ўлмайди, ҳарорат пасайганда яна ривожланади.
Занг касаллигининг “инфекция босими” кучли бўлса ёки далада занг билан бирга доғланиш касаллик­лари ҳам учраса, об-ҳаво башоратини ҳисобга олган ҳолда, биринчи ишловдан кейин “Фоликур БТ” аналог­лари қўлланилганда 15 кун, “Альто супер” ва “Титул Дуо” қўлланилганда 20-25 кун ўтгач, иккинчи марта ишлов бериш лозим. Занг кам учраб, ўсимлик кучсиз зарарланганда бир марта ишлов бериш етарлидир. Бунинг учун юқорида кўрсатиб ўтилган препаратларни ёки “Фоликур БТ”нинг аналогларини (“Дуплет ТТ”, “Энтоликур”, “Торсо”, “Уредоцин” ва бошқалар) қўллаш мумкин. Улар эпифитотия даврида экинларни кўпи билан 15-20 кун давомида ҳимоя қила олади. Шу сабабли уларни мавсум охирларида иккинчи ёки учинчи ишлов бериш учун қўллаган маъқул.
Шуни эсда тутиш керакки, кучли эпифитотия шарои­тида барча фунгицидларнинг экинларни самарали ҳимоя қилиш муддати 5-7 кундан 8-10 кунгача камайиши мумкин.
Ғалла майдонлари ва унинг атрофларида мутахассислар, олимлар томонидан доимий кузатув ишлари олиб бориш, эрта экилган ҳамда куз ва қиш ойларида сариқ занг касаллиги кузатилган далалар ва унинг атрофларида шароитга қараб (ҳарорат +6+7°дан ошса, +8+10° ўта қулай ҳисобланади) ёппасига фунгицидлар билан ишлов бериш тавсия этилади.
Ғалла зараркунандалари, касалликлари ва бегона ўтларга қарши кимёвий кураш чораларини олиб боришда препаратларни қўшиб ишлатиш ортиқча харажатларнинг олдини олади. Бунда ишлатиладиган препаратларни қўллаш муддатлари мос келиши, компонентларнинг ўзаро қўшилиши мувофиқлашган бўлиши лозим.
Ушбу тавсияларга риоя қилиш, фунгицидни ўз вақтида ва меъёрида қўллаш экин ўсиши ва ривожланишини тезлаштиради ва ҳосилдорлик ошишини таъминлайди.

Ботир ҲАСАНОВ, Тошкент давлат аграр университети профессори,
Ражаббой ОЧИЛОВ, “Ўзагрокимёҳимоя” АЖ бошқаруви раиси ўринбосари,
Хуршид ТЎРАҚУЛОВ, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тадқиқотчиси.