Келажакка мустаҳкам пойдевор

4_kitob

Қашқадарё вилояти
Президентимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизда мактабгача таълим сифатини тубдан яхшилаш, илғор хорижий тажрибаларни эътиборга олган ҳолда жойларда янги муассасаларни барпо этиш, мавжудларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш белгиланган.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилоятида ҳам кенг кўламли ишларни бажариш кўзда тутилган. Хусусан, мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланади. Тасдиқланган тегишли дастурга кўра, беш йил давомида вилоятда намунали лойиҳа асосида қишлоқ массивларида саккизта янги мактабгача таълим муассасаси қурилади. Шунингдек, 72 та ана шундай муассаса реконструкция қилинади. Бунда уларнинг ёнида қўшимча бино барпо этиш, шунинг ҳисобига болаларни қабул қилиш қамровини ошириш, муассасаларни замонавий талабларга жавоб берадиган жиҳозлар, ўқув-методик қўлланмалар ва мультимедиа воситалари билан тўлиқ таъминлаш назарда тутилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсон умри давомида оладиган барча маълумотларнинг 70 фоизини айнан 3-6 ёшлик даврида эгаллайди. Унинг жамият ва ҳаёт ҳақидаги илк тасаввурлари ҳам айнан шу пайтда шаклланар экан. Демак, мактабгача таълим боланинг иқтидори ва қобилиятини юзага чиқариш давридир. Президентимиз қарорига асосан, мактабгача таълим муассасаларида ташкил этилаётган болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўйича қисқа муддатли гуруҳлар фаолияти бу борада муҳим аҳамиятга эга.
– Бугунги кунда вилоятимизда 326 та давлатга ва 4 та ташкилотларга қарашли мактабгача таълим муассасаси фаолият юритмоқда, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси услубчиси Нигора Хуррамова. – Ушбу қарор талаб­ларидан келиб чиқиб, 140 та мактабгача таълим муассасасида мактаб­га тайёрлаш бўйича қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилди. Улар 12 турдаги ўқув жиҳозлари билан таъминланди. Ҳозирда бу гуруҳларда болажонлар хорижий тилларни ўрганиш, ўқиш ва ёзиш бўйича илк кўникмаларга эга бўлишмоқда.
Сирасини айтганда, давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қарор мактабгача таълим муассасасалари фаолиятини тубдан такомиллаштиришни янги босқичга кўтариш имконини беради.

Ҳусан ТЕМИРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.