Қомусий аллома, нафис сўз санъаткори

Нафис сўз санъаткори Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудига бу йил 534 йил тўлди. Қомусий алломанинг ҳаёти ва ижодий фаолияти миллий адабиётимиз тарихида  алоҳида ўрин тутади. Бинобарин, истиқлол йилларида мамлакатимизда миллий адабиётимиз ва тарихимиз саҳнасида ўчмас из қолдирган кўплаб аждодларимиз қатори Бобур ижоди ва фаолиятини ўрганиш  борасида  қатор эзгу ишлар амалга оширилди.

Унинг назмий девонлари, “Бобурнома”, “Аруз рисоласи”, “Волидия” сингари нодир асарлари қайтадан нашр қилинди. Бобур ва бобурийлар ҳақида хорижда яратилган юзлаб бадиий, илмий, тарихий манбалар ўрганилди, уларнинг аксарияти  она тилимизга таржима қилиниб, китобхонлар эътиборига ҳавола этилди. Шу билан бирга, замондош шоир ва ёзувчиларимизнинг  улуғ аждодимиз ҳақидаги рисолалари, бадиий асарлари китоб ҳолига келтирилди.
Таъкидлаш кераboburкки, Бобурнинг умри давомида кўнглида асраб-авайлаб юрган кечинмалари, орзу ва армонларини “Бобурнома”дек дунё адабиётининг ноёб дурдонаси ўзида мужассам этган. Унинг шеъриятида доим Ватан туйғуси ва юрт соғинчи уфуриб туради.
Қолаверса, Бобур инсоний фазилатларни, ёр васлини куйлади, одамларни яхшиликка, адолат, инсонпарварлик, юксак инсоний туйғуларни қадрлашга, асрашга чақирди.
Шунингдек, буюк бобомиз турли соҳаларга оид асарлар ёзди. 1522 йилда ўғли Ҳумоюн Мирзога атаб “Мубаййин” номли асар битди. Унда солиқ тизимидаги масалаларни назмда изоҳлаб берди. Шунингдек, “Хатти Бобурий”, бизгача етиб келмаган бироқ тарихий манбаларда бу ҳақда айтилган “Муфассал” номли асарларида нафақат тарихчи, балки ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларини мукаммал билувчи олим эканлигини намоён этган.
Шу билан бирга, Бобур ўз даврининг этнографи, ўлкашуноси, биолог ва диншуноси эди. Араб алифбоси мураккаб, ўрганилиши оғир бўлганлиги боис янги “Хатти Бобурий” алифбосини яратган, давлатчиликда вақт меъёрларини қайта ишлаб чиққан. Почта тизимига қулай тарзда  тартиб берган.
Унинг ғазаллари, рубоий ҳамда қитъаларида ҳаётга муҳаббат, умрнинг ўткинчи лаҳзаларини ғанимат билиш каби кайфият устунлик қилади. Айниқса, ғазалларида шоирнинг таржимаи ҳолига мойил қарашларни, орзу ва армонларни кузатиш мумкин. Бобур ғазалларидаги ҳаётийлик, севикли ёрни мадҳ этиш руҳиятининг устунлиги кишини қайта-қайта мутолаага чорлайди. Назаримизда, бу хусусият муаллифнинг  нафақат назмий, балки тарихий юришлари ҳаётий мушоҳадалари, умр китоби бўлган насрий асари “Бобурнома”сидаги ҳаётий тасвир, оддийлик билан ҳам бевосита боғлиқдир. Шунинг учун ҳам “Бобурнома” бутун тарихда яратилган ёзма ёдгорликларнинг энг бебаҳосидир. Шу боисдан ҳам Бобурнинг бой маънавий мероси хорижда ҳам катта қизиқиш билан ўрганилади.
Мустақиллик йилларида аждодларимизга кўрсатилаётган эҳтиром, уларнинг асарларини тадқиқ ва тарғиб этишга бўлган ўзгача муносабат чет элларда ҳам юксак эътироф этилмоқда. Бу эса ана шундай алломаларга бешик бўлган юрт фарзанди сифатида барчамизга ғурур бағишлайди.

Муҳайё ҲАМРОЕВА,