Қадриятлар бешигисан, азиз маҳаллам!

mahalla

Қашқадарё вилояти

Қарши шаҳридаги Муллатўйчи Тошмуҳаммедов номли вилоят мусиқали драма театрида “Маҳалла – менинг тақдиримда” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир жойлардаги маҳаллаларнинг азалий қадрият, анъана ва маросимларини асраб-авайлаш орқали ёшларда Ватанга муҳаббат туйғусини тўлақонли қарор топтириш, уларни миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда муносиб касб-ҳунар эгаси сифатида камолга етказишда ўзига хос омил бўлмоқда. Жорий йилда кўрик-танловнинг шаҳар, туман босқичларида иштирок этган 74 та жамоадан сараланган 14 та жамоа мазкур тадбирнинг вилоят миқёсидаги якуний босқичида қатнашди.
Биринчи шартда иштирокчилар “Маҳалла – менинг тақдиримда” мавзусида иншо ёзиш бўйича беллашган бўлса, иккинчи шартда ёшларнинг ҳар томонлама вояга етишида маҳалланинг ўрни ва роли, “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлигининг ўзига хос аҳамияти, ўзлари яшаётган маҳалланинг турмуш тарзи, қадрият ва анъаналарини тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган ишлар слайдлар орқали тақдим этилди. Сўнгги шарт маҳалла фаолиятига тегишли меъёрий ҳужжатлар ҳамда маънавиятга оид билимлар асосида бўлиб ўтди. Шунингдек, ҳар бир жамоа маҳалла фуқаролар йиғинларидаги бунёдкорлик ишлари ҳақида лавҳа ва фотоальбомлар билан ҳам иштирок этди.
Тадбир якунига кўра, Шаҳрисабз туманидаги “Боғи баҳор”  маҳалла фуқаролар йиғинининг “Боғи баҳор” жамоаси биринчи, Қарши туманидаги “Ертепа” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Ниҳол” жамоаси иккинчи, Қарши шаҳридаги “Чўлқувар” маҳалла фуқаролар йиғинининг “Амир Темур авлодларимиз” жамоаси учинчи ўринни эгаллади.
Кўрик-танловнинг фаол иштирокчилари турли номинациялар бўйича ҳам тақдирланди. Ғолибларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Ҳусан ТЕМИРОВ,
 “Qishloq hayoti” мухбири.