Танбаллик – хорлик келтирар

Муқаддас динимиз кишиларни эзгулик, тўғрилик, ҳалоллик билан бирга, меҳнатга, меҳнатсеварликка чорлайди. Чунки улкан фойда келтирадиган ҳалол ишлар билан шуғулланиш орқали фаровон турмушга эришилади. Бироқ ишёқмаслик, танбаллик, бекорчилик, тиланчилик каби зарарли одатлар кескин танқидга лойиқ.

Агар динимиздаги амр ва қайтариқлар борасида теранроқ тафаккур юритадиган бўлсак, у инсониятнинг бу дунёсини обод ва мазмунли, охиратини эса саодатли қиладиган ишларга буюрганига гувоҳ бўламиз.
Дангасалик, ишёқмаслик, аввало, инсоннинг ўзига, ундан кейин бошқаларга ҳам зарар етказади. Дангаса одам ҳаётда кўп нарсага эришолмайди. Ваҳоланки, бу ҳаёт доимий ҳаракатда, ўзгариш ва янгиланишда бўлиб, бир босқичда тўхтаб, қотиб турмайдиган жараёндир. Маълумки, ҳар бир оиланинг ўзига яраша кам-кўстлари, эҳтиёжлари бўлади, фарзандлар ўсиб-улғайиб оёққа тургунига қадар уларнинг таъминоти билан шуғулланиш керак.
Лекин оила бошлиғи танбал ва ишёқмас бўлса, ортиб борувчи эҳтиёжлар охир-оқибат уни боши берк кўчага олиб киради. Ниҳоят, танбал одам тиланчилик қилишга, ғурурини топтаб, ҳаммадан ёрдам сўрашга мажбур бўлади. Ялқовлик эса унга дунё ва охиратда хорлик келтиради.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Жоним измида бўлган Зотга қасамки, бирингиз арқонини олиб, ўтин териб, елкасида кўтариб келтириши ва уни сотиб, пулига ўзи ҳам еб, садақа ҳам қилиши Аллоҳ таоло фазлидан ато қилган бой кишининг олдига келиб тиланишидан яхшироқдир. Ҳолбуки, у киши ё беради, ё бермайди” (Муттафақун алайҳ).
Дарҳақиқат, инсон тиланчиликни ўзига касб қилганидан кўра ўтин териб келиб, ҳаёт кечиргани минг марта яхшироқдир. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилган бошқа бир ҳадисда: “Киши тиланчилик қилавериб, охири юзида бир парча ҳам гўштсиз ҳолда Аллоҳга йўлиқади”,  деб огоҳлантирилади. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ушбу ҳадис мазмунига кўра, тиланишни ўзига касб қилиб олган, ишламасдан, фақат тиланиш билан умр кечирувчи киши Аллоҳга йўллиққанида юзида гўшти бўлмас экан. Бу ҳар ҳолда мукофот эмас, балки жазонинг бир тури экани аниқ. Чунки юз гўшти билан чиройли.
Агар юзда гўшт бўлмаса, юз териси суякларга ёпишиб, суяклари бўртиб чиқиб, кўз ичкарига кириб кетиб, кишининг қиёфаси қандайдир совуқ ва ёқимсиз тусга киради. Шу боис, юзининг сувини кетказиб, уни қора қилиб, доим бировлардан пул сўраш билан яшаган одамнинг ўз нафсига нисбатан содир этган жинояти қиёматда ўзига шу йўсинда кўрсатиб берилса, ажаб эмас. Бундай ҳолга тушишдан Аллоҳнинг ўзи асрасин!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,
Юнусобод тумани бош имом-хатиби, Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,
“Мирза Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби.