Асрларни ёритган эзгулик нури

4_navoiy

Республикамиз бўйлаб буюк мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий таваллудининг 576 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий сиймоси нафақат буюк мутафаккир, балки халқпарвар давлат ва жамоат арбоби, юрт ободлиги, халқ фаровонлиги, маънавият ва маданият ривожига ҳам муносиб ҳисса қўшган даҳо сифатида асрлардан-­асрларга ўтиб келмоқда.
Алишер Навоий томонидан яратилган энг бебаҳо асарлар, нодир девонлар, шоҳ байтлар беш асрдан буён инсоният йўли ва қалбини маърифат нурлари билан мунаввар этиб, барчани эзгуликка чорлаб турибди.
Истиқлол шарофати билан Навоий асарларини янада чуқурроқ ўрганиш, унинг мазмун-моҳиятини идрок этиш ва ҳаётга татбиқ этишга кенг имконият эшиклари очилди.
Улуғ мутафаккир номи билан аталувчи Навоий вилоятида ҳам 9 февраль – Алишер Навоий таваллуд топган кун кўтаринки руҳда ўтказилди. Дастлаб кенг жамоатчилик вакиллари, навоийшунос олимлар, корхона, ташкилот, муассаса жамоалари ҳамда ёшлар томонидан вилоят марказидаги Алишер Навоий номли истироҳат боғида қад ростлаган улуғ аллома ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, шоир даҳосига муносиб эҳтиром кўрсатилди.
Унда буюк шоирнинг ўзбек тили ва адабиёти ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз юритилди. Алломанинг умумбашарият мулкига айланган бой маънавий мероси бугун ҳам ёшларни ҳар томонлама баркамол шахс сифатида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, Навоий асарларида юксак маънавият, бурч ва адолат, эзгулик ва гўзаллик каби абадий мавзулар тараннум этилади.
– Буюк мутафаккир шоир, давлат арбоби ва ўзбек тили асосчиси Алишер Навоий асарларининг ҳар бир байти ҳикмат, ҳар бир ташбеҳи мўъжизага бой, уларни англаш эса энг катта саодатдир, – дейди Навоий давлат педагогика институти ўқитувчиси Зариф Қувонов. – Вилоятимиз ва шаҳримизнинг севимли шоири­миз номи билан аталиши биз навоийликларга ҳамиша фахру ифтихор бағишлайди. Гўзал ва ҳамиша навқирон Навоий шаҳрида қад ростлаган “Фарҳод” ва “Ширин” маданият саройлари халқимизнинг улуғ бобокалонимизга чексиз ҳурматининг рамзидир. Шу боис, биз навоийликлар буюк мутафаккир қолдирган бой маънавий меросни икки карра кўп билиш ва теран идрок этишни  ўзимизнинг муқаддас вазифамиз, деб биламиз,
“Фарҳод” маданият саройида ташкил этилган байрам тадбирига таклиф этилган вилоят фаоллари, олимлар, маънавият фидойилари, шоирлар, ёзувчилар ва ёшларга Навоий ғазаллари асосида янграган куй-қўшиқлар, намойиш этилган саҳна кўринишлари бир олам қувонч бағишлади.
Тадбирда вилоят ҳокими Қ.Турсунов иштирок этди.

Отабек АСЛОНОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.