Баланд ҳилпираган Ватан туғида сизнинг сиймонгизни кўрамиз

hasanbay

Мен спортда эришаётган ютуқларимнинг бош омили Биринчи Президентимизнинг Ўзбекистон ёшларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратган юксак эътибори ва ғамхўрлигидир.

Биз, ёшлар озод ва обод юртда туғилиб вояга етганлигимиздан ва Ўзбекистон номидан халқаро майдонга чиқаётганимиздан доимо фахрланамиз. XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида иштирок этиш учун Бразилияга жўнаб кетиш чоғимизда барчамиз Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига муносиб туҳфалар билан қайтишни ният қилгандик. Мусобақада олтин медални қўлга киритганимда Ватанимиз байроғининг баланд ҳилпираганини кўриб, ҳаяжонимни яшира олмадим.
Мен Олимпиададаги олтин медалимни Биринчи Президентимизга совға қилмоқчи ва кейинги Олимпиадаларда ҳам муносиб иштирок этишимиз учун у кишининг дуосини олмоқчи эдим… Афсус, бу орзуим армон бўлиб қолди.
Ўтган йил якунида Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси томонидан ўтказилган сўровнома якунига кўра, “Йилнинг энг яхши боксчиси” сифатида эътироф этилдим. Швейцариянинг Лозанна шаҳрида Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси Ижроия қўмитаси йиғилиши ва AIBAнинг 70 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимда ана шу совринни қабул қилиб олдим. Мени таништириш чоғида “from Uzbekistan!”, яъни “Ўзбекистондан!” дея баралла эълон қилишганида Биринчи Президентимизнинг биз ёшларга қарата  “Маррани дои­мо баланд олинг. Зеро, Ўзбекис­тон ёшлари ҳеч кимдан кам эмас, ҳеч қачон кам бўлмайди!” деган сўзларини қалбимдан ҳис қилиб, фахрланиб кетдим.
Конституциямиз қабул қилинганлигининг 24 йиллиги байрами арафасида давлатимизнинг юксак мукофотларини топширишга бағиш­лаб ўтказилган тантанали маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар биримиз ҳақимизда алоҳида тўхталиб, самимий фикрларни билдирганларидан бошимиз осмонга етди.
Президентимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги қарори кенг жамоатчилик ва биз, спортчи ёшлар дилидаги сўзларнинг амалдаги рўёби бўлди.
Улуғ Йўлбошчимиз хотираси ҳамиша қалбимизда. У кишининг сиймоси кейинги Олимпиадалар ва нуфузли халқаро мусобақаларда ҳам Ватанимиз байроғи баланд кўтарилганида кўз ўнгимизда гавдаланаверади.

Ҳасанбой ДЎСМАТОВ,
“Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони соҳиби.