Қашқадарё халқи фахр этар доим…

qarshi

Биз қашқадарёликлар Ислом Каримовни ўзгача меҳр билан яхши кўрар эдик. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Биринчи Президентимиз Ислом Каримов номини абадийлаштириш тўғрисидаги қарори Қашқадарё аҳлини ҳам беҳад қувонтирди. Айниқса, у кишининг биринчи раҳбар бўлиб ишлаган Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрига ҳайкалини ўрнатиш ҳақидаги хулосаси кўнглимизни ниҳоятда тўлқинлантирди.

… Ислом ­Каримов 1986 йилнинг 27 декабрида Қашқадарё вилоятига янги раҳбар этиб тайинланди. Ўшанда вилоятда аҳвол ниҳоятда оғир бўлиб, бундай вазиятда Ислом Каримовнинг раҳбар бўлиб келиши  Яратганнинг вилоят халқига  инояти эди.
Янги раҳбар бугуннинг ишини эртага қўймаслик, аҳволни ўзгартириш учун кунларни тунларга улаб, жон койитиб ишлаш, энг муҳими, одамларни олдида турган улуғвор вазифаларни уддалашга руҳлантириш, уларнинг қалбига йўл топиш лозимлигини яхши биларди.
– Бўлиб ўтаётган воқеалар, бошларингизга тушган мушкул муаммоларнинг барчасидан яхши хабардорман, – деди Ислом Абдуғаниевич дастлабки учрашишдаёқ йиғилиш аҳлига. – Бундай ҳолатга бундан кейин чидаш қийин, жим қараб ўтириб бўлмайди. Бобомиз Амир Темур айтганидек, энг ёмон ҳақорат – адолатсизликдир.
Шундан сўнг Ислом Каримов вилоятни қадам-бақадам кезиб чиқди, мавжуд муаммоларнинг ечимини топди.
Ўшанда Шаҳри­сабз туманидаги машҳур “Гулистон” колхозининг донгдор раиси Ҳурматой Шойимова билан бўлган суҳбат ҳамон дилимни тирнайди:
– Колхозда хизмат қила бош­лаганимга қарийб 40 йил бўлди, – деди опа кўзига ёш олиб. – Мени Худо фарзанддан қисди. Бутун аламимни меҳнатдан олардим. Тақдирга тан бериб, детдомдан бола асраб олишга мажбур бўлдим. Унга меҳр қўйдим. Қаердаги уйдирмалар билан менинг устимдан иш қўзғатишган. Мен қамалиб кетсам, беозоргина ўсмир болам яна кимнинг қўлида қолади. Кўрадиган азобларим эмас, ана шу бегуноҳ боланинг тақдири менга кечалари билан уйқу бермайди…
– Йиғламанг, опахон, ҳақиқат барибир қарор топади, ўғлингиз етим бўлиб қолмайди, ҳамиша бирга бўласизлар, мен сизга ваъда бераман, – деганди Ислом Каримов ўшанда.
Шу куни Ислом ­Абдуғаниевич бор-йўғи 6 ой ишлаб, яқинда қамоққа олинган 26 яшар колхоз раиси Шуҳрат Бобоёров, ёш болали хўжалик раҳбари Каромат Қудратова, бирлари ҳисобчи, бирлари бригадир бўлган Абдураҳмон Эшматов, Бекназар Сувонов, Умрзоқ Узоқов хонадонларида ҳам бўлиб, уларнинг ота-оналари, фарзандлари, қариндошларини бошига тушган кулфатлар вақтинчалик эканлигига, яқин кунлар ичида ўзлари кутаётган хушхабарлар келишига ишонтирди.
Бундай учрашувлар биргина Шаҳрисабзда эмас, барча шаҳар ва туманларда ўтказилар, вилоят раҳбари бу савоб иш учун вақтини сира аямасди.
Қашқадарё вилояти раҳбари ташаббуси бутун республика бўйлаб давом этди ҳамда ўз ижобий натижасини берди.
Шундай қилиб, Ислом Каримов ўз ваъдасининг устидан чиқди. Собиқ ҳукумат бунга қанчалик қарши бўлмасин, бу қаршиликка қарши тура олди. Шунга мос тарзда вилоятда ҳаёт тамоман ўзгарди. Бу меҳр-оқибатдан баҳраманд халқ унинг ортидан яратувчилик ишларига ўзини бағишлади. Бу ҳудуддаги бунёд­корлик ишлари ҳали-ҳамон халқимизни янги-янги уфқларга чорлаб туради.
Биринчи Президентимизнинг ҳар бир сўзлари қалбимизда эртанги кунга ишонч бўлиб жаранг­лаб турибди.
Халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов айт­ганидек,
Қашқадарё халқи фахр этар доим,
Исломи яратган шавкати билан.

Қурбон ЭГАМБЕРДИЕВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.