Улуғ инсон бошлаган тараққиёт йўли

Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, уни замонавий асосда тараққий эттириш стратегиясини ишлаб чиққан, жаҳон миқёсида катта обрў-эътибор қозонган буюк давлат ва сиёсат арбоби сифатида Ватанимиз тарихида мангу қолади. Халқимиз тарихан қисқа муддат – 25 йилда эришган барча ютуқ ва марраларни ҳақли равишда Биринчи Президентимиз номи билан боғлайди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган машҳур беш тамойил қисқа даврда ҳаётда ўзини оқлаб, дунё давлатлари, халқаро ташкилотлар томонидан тараққиётнинг “ўзбек модели” сифатида эътироф этилди. Кўплаб давлатлар бу тамойиллардан намуна олишга, уни ўз сиёсатига тарғиб этишга интилди. Таълим тизимидаги ислоҳотлар, қишлоқ жойларда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар, бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида кучли ижтимоий сиёсат олиб борилиши мамлакатимиз эришган муваффақиятларнинг муҳим омиллари ҳисобланади.

Эл фаровонлиги – асосий мезон
Юртимизда аҳоли фаровонлигини ошириш учун истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ мус­таҳкам пойдевор қўйилган эди. Яъни энг қийин ва қалтис даврда қарийб 2,5 миллион оилага 400 минг гектар ер қўшимча томорқа сифатида берилганди. Бу эса ўша даврда ниҳоятда кескин муаммоларни бартараф этишда муҳим роль ўйнади. Меҳнатга яроқли аҳолини иш билан таъминлаш, аҳолининг реал даромадини ошириш, энг муҳими, озиқ-овқат маҳсулотлари кўпайтиришга катта имконият яратди.
Кейинчалик эса фермерлик ҳаракатининг ташкил этилиши эл фаровонлигини таъминлашда кўп­лаб муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берди. Айни пайтда фермер хўжаликлари аҳоли турмуш даражаси ва сифатини оширишда масъулият­ни ўз зиммасига олишга қодир ижтимоий-сиёсий кучга айланди. Биринчи Президентимизнинг “Фермер бой бўлса – мамлакат обод бўлади”, деган сўзлари замирида ҳам ана шундай ҳақиқат мужассам эди.
Асрлар давомида ўз куч-қувватини йўқотиб келган ерга қайта куч-қувват бахш этилди, унинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, агротехникаси юксак даражага кўтарилди. Бундан руҳланган фермерлар нафақат қишлоқ хўжалигида, балки қишлоққа саноатни олиб кириш, эл маъмурчилигига саноат асосида ҳисса қўшиш, экспорт имкониятини ошириш йўлида ҳам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилишга интилишди.
Бугун замон шиддати тез, ривож­ланиш ва тараққиёт жадал асрда дунёнинг бир қатор давлатларида озиқ-овқат танқислиги се­зиляпти. Кўпгина юртларда озиқ-овқат муаммоси ўткирлашиб бормоқда.
Шундай шароитда юртимиз бозорларидаги тўкинликни, маҳсулотларнинг арзонлигини, дас­турхонимизда баракани таъминлаш  учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев  раҳбарлигида изчиллик билан ислоҳотлар давом эттирилмоқда. Буларнинг барчаси эртанги турмушимиз янада фаровон бўлишига қўйилаётган мустаҳкам заминдир, “Иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги” тамойилининг ёрқин тимсолидир.
Давлатимиз раҳбари 2017 йил 7 январда Прокуратура органлари ходимлари куни олдидан бир гуруҳ соҳа ходимлари билан учрашувида ҳам “Тадбиркор бой бўлса, давлат бой бўлади. Бунинг учун ишбилармонларга кенг шароит яратиб беришимиз лозим”, дея таъкидладилар.
Мамлакатимизда мулкчилик шаклини тубдан ўзгартириш бўйича олиб борилаётган кенг миқёсдаги ишларнинг янги босқичи бошланмоқда. Бугун ишбилармонликнинг ҳадисини олган, ўтган даврда катта тажриба тўп­лаган тадбиркорлик субъектлари ана шу босқичга бемалол мослаша олади ва бу жараённи эплаб кетади. Бозор ислоҳотларига босқичма-босқич ўтишдан кўзланган мақсад ҳам ана шундан иборатдир. Ва бу йўл энг оқилона ва тўғри йўналишдир.

Адолат – қонун устуворлигида
“Ўзбек модели”нинг асосий тамойилларидан бир – қонун устуворлигини таъминлаш асносида эркин фаолият юритиш ва ҳаёт кечириш учун мустаҳкам қонуний пойдевор яратилиш эди.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида олиб борилган ҳаётбахш сиёсатда ушбу тамойил устувор йўналиш бўлиб келди. Айни шу жиҳат боис, одамларнинг яшаш шароити яхшиланди. Эртанги кундан кўнгли тўқ бўлди. Буларнинг барчаси мус­тақилликнинг, юртимиздаги тинчликнинг шарофатидан. Ҳаловатда ўтган ҳар бир кун байрам. Юрт осойишталиги боис, ҳаётимизда мазмун, фаолиятимизда барака бор. Адолат мезони эса ҳар доим йўлимизни ёритиб турибди. Шу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бир сўзларини келтириб ўтишни жоиз топдик: “Биз “Адолат – қонун устуворлигида” деган тамойил асосида жамиятимизда қонунга ҳурмат, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига муросасизлик ҳиссини кучайтиришга қаратилган ишларимизни жадал давом эттирамиз”.

Давлат – бош ислоҳотчи
Ҳар бир соҳада давлатнинг бош ислоҳотчи бўлиши бугун эришган ютуқларимизнинг асосий омилларидан биридир. Бунинг самараларини истиқлол йилларида одамларнинг  диди, қарашлари, яшаш  тарзида катта ўзгаришлар юз берганида ҳам кўриш мумкин.
Айни шу ислоҳотлар боис, юртимизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ғалла мус­тақиллиги, нефт мустақиллиги, қишлоқларимиз ободлиги, йўллар равонлиги, аҳоли учун яратилган қулайликлар, уларни санаб адоғига етиш мушкул.
Буларнинг барчаси юртимизда инсон манфаатларининг нақадар юксак кўтарилгани, халқимиз фаровонлиги ошиб бораётганининг ёрқин ифодасидир.

Инсон қадри – улуғ
Юртимизда инсон қадри барча нарсадан улуғланади, инсон манфаатлари бош тамойил ҳисобланади.
Биринчи Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда олиб борилган ислоҳотларнинг мазмун моҳиятига чуқурроқ назар ташласак, айни шу муддао кўзланганини кўрамиз.
Тарихан қисқа давр – йигирма беш йилда эришган ютуқларимизни тасаввур этсак, кеча ким эдигу бугун ким бўлдик, деган саволни ўзимизга берсак, кечаги турмушимиз билан бугунги ҳаётимизни муқояса қилсак, буни янада ёрқинроқ англаймиз.
Буни биргина жиҳатда ўтган даврда йилларга ном бериш муносабати билан қабул қилинган давлат дастурлари самарасида оилаларнинг иқтисодий ва маънавий асослари, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилган ишларда ҳам кўриш мумкин. Бу йўналишдаги ишлар самарасида, энг муҳими, аҳоли ўртасида ижтимоий табақаланиш кескинлашувининг олди олинди, даромадларнинг барқарорлашуви таъминланди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йилнинг мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб номлангани бу борадаги ишлар изчил ва янги мазмун билан бойитилаётганидан далолатдир. Сирасини айтганда, ҳар бир инсоннинг бахтли ва мазмунли ҳаёт кечиришига эришиш юртимиздаги асосий устувор вазифалардан бўлиб қолаверади.

Эртанги кунга ишончимиз мустаҳкам
Бугунги кунларга халқимиз осонликча эришгани йўқ. Унинг ортида оғир меҳнатлар, юрт тақдири ва эл фаровонлиги йўлида ўтган ҳаловатсиз кечалар, Биринчи Президентимизнинг оқилона ва пухта сиёсати турибди. Улуғ инсон бошлаб берган улуғвор ишларни унинг муносиб издоши давом эттирмоқда.
Шу боис, эртанги кундан кўнг­лимиз тўқ. Бу ишонч халқимизнинг дилида янги довонларни забт этиш иштиёқини кучайтиради.

Қодиржон ШАВАЗОВ,
Тошкент ирригация ва мелиорация институти проректори.