30 январь – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллуд топган сана

БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ИСЛОМ КАРИМОВ ХОТИРАСИ ҲАМИША БАРҲАЁТДИР

 

Давлатимиз раҳбари Шавкат МИРЗИЁЕВнинг 2017 йил 25 январдаги “ЎЗБЕКИСТОН  РЕСПУБЛИКАСИНИНГ БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИ ИСЛОМ АБДУҒАНИЕВИЧ КАРИМОВНИНГ ХОТИРАСИНИ АБАДИЙЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА”ги қарорига асосан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби, Ўзбекистон Қаҳрамони Ислом Каримов таваллуди кунига бағишланган тадбирлар, маънавий-маърифий кечалар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Унга муносабат билдирган юртдошларимизнинг фикрларида Ўзбекистон давлатининг асосчиси, жаҳон миқёсида тан олинган улкан сиёсат арбоби, энг муҳими, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимиз меъморига бўлган чексиз эҳтиром ифодаси мужассам бўлмоқда.

 

Бую маънавий жасоратлар соҳиби

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов миллий тарихимизни тиклаш ва халқимизнинг миллий ўзлигини англашда юксак даражадаги маънавий жасоратлар кўрсатди, десак муболаға бўлмайди.

Ислом Каримовнинг респуб­лика ҳаётининг барча жабҳаларидаги муаммоларни кўтариш ва уларнинг ечимларини топишга қаратилган ҳаракатларини кузатар эканмиз, бу борада миллий тарихга, яъни собиқ ҳукмрон мамлакатга, раҳбариятига сира маъқул бўлмайдиган, улар тиш-тирноғи билан қарши чиқадиган муаммога алоҳида эътибор бера бошлаганига гувоҳ бўламиз. Бу ўша даврда ҳақиқий жасорат эди.
Масалан, 1989 йил 21 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги қонунининг қабул қилиниши, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши маҳаллий кадрларнинг республика ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз эди. Қолаверса, бу миллий тарих билан чамбарчас боғлиқ масала эди.
1990 йил 3 майдаёқ Ислом ­Каримов фармонига асосан 21 март – юртимизда Наврўз умумхалқ байрами ва дам олиш куни, деб эълон қилиниши миллий ўзликни англаш томон қўйилган энг катта қадамлардан бири бўлди. Диний қадриятларимиз, улуғ бобокалонларимиз томонидан яратилган кўп минг йиллик бебаҳо маънавий ва маданий меросни тиклаш ва маънавий юксалишни таъминлашга хизмат қилувчи давлат сиёсати олиб борилди. Наврўз байрами билан бирга Рамазон ва Қурбон Ҳайити байрам сифатида кенг нишонланадиган бўлди.
1990 йил сентябрь ойида республикамизда улуғ аллома, ҳадис илмининг мўътабар намояндаларидан бири, ватандошимиз Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллиги нишонланиши ҳам ўша давр учун ғоят улкан воқелик эди.
Бу каби яна ўнлаб воқеликлар собиқ тузумга қарши эркинлик йўлидаги мисли исён ва айни пайтда жасорат намунаси эди.
Мустақиллигимиз қўлга киритилгач, И.А.Каримов миллий тарихни ўргатиш орқали ёш авлодни тарбиялашни муҳим зарурият сифатида кун тартибига қўйди.
Ислом Каримовнинг “Тарихий хотирасиз – келажак йўқ” номли асари 1998 йилда тарихчи олимлар ва ижтимоий соҳа вакиллари билан ўтказилган мажлисда сўзлаган нутқи асосида юзага келган. Унда Биринчи Президентимиз ўзбек давлатчилиги 1924 йилда бош­ланган деган нохолис фикрларни рад этиб,  “… Янгидан шаклланаётган ўзбек давлатчилиги бошида турган инсон сифатида айтишга ҳаққим бор, керак бўлса, бу иш учун жонимни, борлиғимни беришга тайёрман. Чунки, ҳаётимнинг мазмуни шундан иборат. Лекин фақат бир мен эмас, бутун халқ билишни истайди: ўзбек давлатчилиги қайси асрда пайдо бўлди? Қандай тарихий босқичларни босиб ўтди? Мутахассислар, балки, тушунтириб берарлар, балки аниқ жавоблари бордир?” деган саволларни олимлар олдига қўйганди ва уларнинг кейин­ги тадқиқотларининг йўналиш­ларини белгилаб берганди.
Ана шундай саъй-ҳаракатлар оқибатида зардуштийларнинг муқаддас китоби “Авесто”, халқ оғзаки ижоди намуналари, Нав­рўз байрами, муқаддас ислом динимиз мустақиллик йилларида халқимиз ардоғида бўлиб келмоқда, улар кенг миқёсда ўрганилмоқда. Тарихда катта илмий кашфиётларни амалга оширган буюк алломалар Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Мусо Хоразмий, Абу Наср Форобий, Рудакий, Мирзо Улуғбек, Жомий, Навоий, Бобур, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат ва бошқа юзлаб зотлар, миллий озодлик кураши қаҳрамонлари Тўмарис, Широқ, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби буюк зотларнинг ҳурмат-иззати жойига қўйилди, уларнинг ҳаёти ва фаолиятига янгича ва объектив баҳолар берила бошланди.
Ислом Каримов ўз тарихини билган инсонлар билан ислоҳотларни самарали амалга ошириш мумкинлигини ақл кўзи билан кўра олган буюк давлат раҳбари эди. Истиқлолимизнинг ўтган йигирма беш йиллиги миллий тарихимизнинг қайтадан туғилиши ва қадриятларнинг тикланиши солномасига айланди.
Биринчи Президентимиз Ислом Каримов 2014 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида “Ўрта аср Шарқ тарихи шундан далолат берадики, маданият ва таълим-тарбия, тиббиёт, адабиёт, санъат ва архитектура соҳаларидаги беқиёс юксалиш, илмий мактабларнинг вужудга келиши, янги-янги истеъдодли авлодлар тўлқинининг пайдо бўлиши ва воя­га етиши, буларнинг барчаси биринчи навбатда иқтисодиёт, қиш­лоқ ва шаҳар хўжалигининг анча жадал ўсиши, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқнинг юксак даражада ривожланиши, йўллар қурилиши, янги карвон йўлларининг очилиши ва авваламбор нисбий барқарорликнинг таъминланиши билан бевосита боғлиқ бўлган” – дея миллий тарихимизнинг бой эканлигини алоҳида таъкидлаган эди.
Мустақиллик йилларида юртимиздаги деярли барча тарихий жойлар муқаддас қадамжоларга айлантирилди, меъморий иншоотлар қайта тикланди, янги меъморий ечимлар билан бойитилди. Самарқанднинг 2750, Қарши ва Шаҳрисабзнинг 2700, Бухоро ва  Хиванинг 2500, Тошкентнинг 2200, Марғилоннинг 2000 йиллик юбилейлари жаҳон миқёсида кенг нишонланди. Қисқача айтганда, Ислом Каримовнинг бевосита ғамхўрлиги туфайли ўтмиш, бугун ва келажак ўртасида муҳим кўприк ўрнатилди.
Ислом Каримовнинг саъй-ҳаракатлари билан ислом ҳуқуқшунослигининг улкан намояндаси, шайхулислом Бурҳониддин Марғиноний, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Наж­миддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрори валий сингари улуғ сиймоларнинг мероси қайтадан ўрганилди, уларнинг номлари тикланиб, муаззам гўшалари гўзал зиёратгоҳларга айлантирилди. Уларга юксак эҳтиромлар кўрсатилди. Имом Бухорий асарларининг таржимаси амалга оширилди, бу улуғ зот ётган ерда муҳташам қурилишлар олиб борилди, ором топган сўнгги манзили муқаддас зиёратгоҳга айлантирилди. Ислом Каримов Соҳибқирон Амир Темурга Шаҳрисабз, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида ҳайкаллар ўрнатилиш ғоясини олиб чиқиб, бу ишларнинг амалга ошишида бош-қош бўлди.
И.Каримовнинг буюк хизматлари туфайли наинки миллий тарихимиз тикланди, балки халқ онгида миллий ўзликни англаш туйғулари шаклланди. Шунингдек, мустақиллик даврида мутеликни билмайдиган, ўз мус­тақил фикрига эга бўлган, жаҳон саҳнида ва мафкуравий курашлар майдонида собитқадамлик билан фаолият юрита оладиган, бир неча тилларни ва замонавий билимларни эгаллаган янги авлод шаклланди.
Қувонарлиси, бу сиёсат бугунги кунда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан изчил давом эттириляпти. Хусусан, Президентимиз фаолиятининг илк давридаёқ мамлакатимиз илм-фан намояндалари билан бўлган учрашуви, Биринчи Президентимизнинг номини абадийлаштириш борасидаги қарори, жойлардаги учрашув ва мулоқотлар давомида мамлакатимиз ривожи йўлида фидойилик кўрсатган сиёсат арбоблари, илм-фан фидойилари, ижодкорлар хотирасини ҳам муносиб тарзда хотирлашни тарғиб қилиш ва улар номини абадийлаштиришга, халқимиз маънавий оламини янада юксалтириш йўлида китобхонликка алоҳида эътибор қаратаётгани бунга яққол мисолдир.

Шоҳистахон ЎЛЖАЕВА,
тарих фанлари доктори.