Қонун устуворлиги – инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим тамойили

Президентимиз Шавкат Мирзиёев прокуратура органлари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ соҳа ходимлари билан учрашуви чоғида прокуратура тизимида шахсий масъулиятни ошириш, ўз хизмат бурчига бўлган муносабатни қайта кўриб чиқиш, юклатилган вазифаларни сўзсиз бажариш учун зарур чораларни белгилаш, муаммолар адолатли ҳал этилишини таъминлаш лозимлигини таъкидлади.

Қай бир соҳада бўлмасин адолат барқарорлиги таъминланса, амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида қонунийлик устувор бўлса, жамиятда тараққиёт, юксалиш бўлади. Истиқбол учун белгиланган режалар, юрт тараққиёти, халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган ишлар ҳеч бир монеликсиз ўз ижросини топади. Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя  қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, бугунги кунда прокурор тадбиркорга кўмакчи бўлиши, у билан ҳамкорликда ишлаши давр тақозоси эканлиги маърузада айтиб ўтилганлиги, мазкур йўналишда муҳим вазифалар белгилаб берилгани ҳам бежизга эмас.
Айни пайтда Олий Мажлис Сенати томонидан ҳар йили Бош прокурор ҳисоботи эшитилиши йўлга қўйилган бўлса, шу йилдан бошлаб жойларда барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарлари аҳоли олдида ҳисоб бериши жорий этилганлиги, вилоятларда прокурор ишига қараб ойлик рейтинг тузилиши белгиланганлиги ҳам зиммамиздаги  масъулиятни янада ошириб, фидойилик билан хизмат қилишимиз зарурлигини теранроқ анг­латди.
Президентимиз белгилаб берган вазифаларни изчиллик билан амалга ошириш учун айни вақтда йўл қўйилган камчилик­ларни очиқ, ошкора таҳлил этган ҳолда жойларда тадбиркорлар, кенг жамоатчилик билан учрашув ва семинарлар ташкил қиляпмиз. Ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида аҳолидан тушаётган ариза ва шикоятларни ўз вақтида, адолатли ҳал этишга янгича ёндашиш, унинг механизмларини янада такомиллаштириш борасида тизимли ишларни йўлга қўймоқдамиз.
Айни пайтда эътиборимиз Президентимиз фикрларидан хулоса қилиб, фаолиятимизга янгича ёндашиш, зиммамиздаги вазифаларни ўта масъулият ва фидойилик билан адо этиш, шу орқали ҳар бир соҳада қонунийликни таъминлашга қаратилган. Албатта, бу саъй-ҳаракатлар прокуратура органлари ходимлари шахсий масъулиятини тобора кучайтириш баробарида инсон ҳуқуқлари ҳимояси мамлакатимизда энг олий қадрият даражасида эканлигини намоён этади.

Шерзод ОРТИҚБОЕВ,
Сирдарё вилояти прокурорининг катта ёрдамчиси, 1-даражали юрист.