Мангуликка дахлдор

4_tikob%d0%ba%d0%be%d0%bf%d0%b8%d1%80%d0%be%d0%b2%d0%b0%d0%bd%d0%b8%d0%b5

Шундайлар бўладики, ноёб иқтидори, фидокорона меҳнати, ижодий жўшқинлиги, бетакрор маҳорати билан самимий ҳайрат, ҳавас, ҳурмату эътибор қозонади, қалбларнинг энг тўридан ўрин эгаллайди, ўтиб кетганидан кейин ҳам доимо эъзозу эҳтиром билан тилга олинади.

Уни яқиндан билганлар ҳам ёки лоақал бир мартагина суҳбатидан баҳраманд бўлганлар ҳам чексиз иззат-­икром билан эслайди, ўзига хос хислат-фазилатлари ҳақида мароқ билан беғубор ҳикоя­лар сўзлайди.
Халқимизнинг севимли санъаткори, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ артисти Зикир Муҳаммаджонов ана шундай инсонлардан эди. Респуб­ликамиз театр ҳамда кино санъати тарихи, тараққиёт босқичларини унинг сермаҳсул фаолияти, муносиб ўрнисиз тасаввур этиш мумкин эмас. Қаҳрамон шоиримиз Абдулла Орипов унга бағишлаб ёзган “Санъаткор” шеърида лутф этганидек, “бир инсон эди у тенгсиз муҳтарам”. Шу билан биргаликда, таниқли кинорежиссёр Шуҳрат Аббосов таъкидлаганидек, жуда машҳур санъаткор эканлигига қарамасдан умрининг охиригача жуда камсуқум ва камтарин инсон бўлиб қолди.
Яқинда Тошкентдаги “Ўзбекистон” нашриётида “Ажо­йиб кишилар ҳаёти” рукни остида босмадан чиққан “Нурли мангулик” китоби ана шу улкан санъаткор, улуғ, айни пайтда оддий, камтарин инсон ҳаёти ва фаолиятига бағишланган.
Китобдан Зикир Муҳаммаджоновнинг ҳамкасблари, дўстлари, шогирдлари, мухлислари, шунингдек, ижоди билан яхши таниш бўлган олиму ижодкорлар ёзган хотиралар, ҳикояю шеърлар, таниқли шахсларнинг у ҳақдаги ихчам, лекин бағоят пурмаъно эътирофлари ўрин олган. Чунончи, Ўзбекистон халқ артисти Шукур Бурҳоновнинг  “Зикир Муҳаммаджонов эндиликда театрдагина эмас, кинода ҳам дадил қадам ташлаётганидан хурсандман” деган сўзлари, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” видеофильми борасида фикр юритиб, “Атоқли артистимиз Мирзо Улуғбекни подшоҳ сифатида ҳам, олим сифатида ҳам ва ниҳоят падаркуш номини олган ўғли Абдулатиф билан юзма-юз тўқнашувлар саҳналарини ҳам томошабин қалбига сингдириб, унинг олқишларига сазовор бўла олди”, деган ҳаққоний баҳоси ушбу буюк санъаткор ҳақидаги тасаввурларимизни янада бойитади, мунаввар қилади.
Рисоланинг тўпловчи ва масъул муҳаррири – Ўзбекис­тон Республикаси санъат арбоби, профессор Абдуқаҳҳор Иброҳимов. Шунингдек, унда академик Азиз Қаюмов, Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли шифокор Холидбек Комилов, машҳур санъаткорлар Турғун Азизов, Рихсихон Иброҳимова, Толиб Каримов, Муҳаммадали Абдуқундузов ҳамда бошқа қатор илм-фан намояндалари, қаламкашларнинг эсдаликлари, дил сўзлари жамланган.
Фикримизча, нафақат санъатдаги, балки кундалик турмушдаги сийратию талъ­а­ти билан бебаҳо ибрат намунаси бўлиб қолган, шу боисдан ҳам номию аъмоли чин маънода мангуликка дахлдор Зикир Муҳаммаджонов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган ушбу китоб барча китобхонлар учун ажойиб туҳфа бўлди.

Ҳабиб ТЕМИРОВ