Адолат туйғуси – фаолиятимиз мезони

Хоразм вилояти

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Прокуратура органлари ходимлари куни олдидан бир гуруҳ соҳа ходимлари билан учрашувидаги фикрларини мушоҳада этарканман, бизга билдирилган ишонч, қолаверса, олдимиздаги муҳим вазифалар, фаолиятимизда йўл қўйилган хато ва камчиликларнинг аниқ-равшан айтиб ўтилгани барча соҳа ходимларини ҳушёрлик ва фидойиликка ундади.

Хусусан, давлатимиз раҳбарининг “Прокуратура органлари ходимларининг иши катта масъулият, фидойилик, ҳалолликни талаб қилади. Қабул қилинаётган ҳар бир қарор замирида инсон тақдири туради. Шундай экан, етти ўлчаб бир кесиш бу борада асосий мезон бўлмоғи шарт” деган сўзлари зиммамиздаги масъулиятни тобора теранроқ анг­лашга чорлади.
Учрашувда айтилган фикрлар кундалик ҳаётимизнинг асосий меъзони бўлган қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, шу билан бирга, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида биз, қонун ҳимоячилари олдида турган долзарб ва устувор вазифаларни белгилаб берди. Демак, биздан Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида халқ ичига ҳар қачонгидан-да чуқурроқ кириб боришимиз, аҳолининг дардини тинг­лашимиз, муаммоларининг қонуний йўл билан ечилишига кўмакдош бўлишимиз талаб қилинади.
Президентимиз таъкидлаганидек, мустабид тузум даврида прокуратура ходимлари одамлар  тасаввурида фақат жазоловчи тизим вакиллари сифатида акс этарди. Айниқса, ўтган асрнинг 80-йилларида юртимизда гдлянчилар ва уларнинг маҳаллий гумашталари томонидан содир қилинган ноҳақликлар, кўрсатилган жабру зулм халқ онгида қонунчиликка ёт, миллий қадрият ва одатларимизга зид ўй-хаёлларни пайдо қилди. Чунки одамлар қонунларда ёзилганига эмас, ўзлари гувоҳ бўлган, кўрган, эшитганларига кўпроқ ишонадилар. Адолат барқарорлигига, қонун устуворлигига тўлақонли эришиш эса кишилар кўнглида нафақат ҳаётдан розиликни, мамнунликни келтириб чиқаради, балки мавжуд қонунларга ишонч ва ҳурматни янада кучайтиради, жамиятда тараққиётни таъминлайди.
Қувонарлиси, истиқлолимизнинг ўтган даври мобайнида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида барча соҳаларда бўлгани каби қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Буларнинг барчаси аҳоли, айниқса, ёшлар дунё­қарашида бўлаётган ўзгаришларда, миллатлараро дўст-­иноқликнинг кун сайин мустаҳкамланиши, халқимизнинг ягона мақсад сари интилиши, Ватанимиз равнақи йўлида ҳалол меҳнат қилишларида намоён бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг учрашувда билдирган фикрлари эса прокуратура соҳасида самарадорликни янада ошириш, мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлади. Албатта, биз, прокуратура ходимлари Президентимиз томонидан берилган кўрсатмаларни фаолиятимиз учун дастуриламал қилиб, ишимизга шу асосда янада масъ­­у­лият билан ёндашамиз.

Марсел АСХАДУЛЛИН,
Янгиариқ тумани прокурори.