Тадбиркорлик – тараққиёт таянчи

Ёшлар ишбилармонлиги эса келажакка дадил қадамдир

Бугунги давр талабидан келиб чиққан ҳолда, касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларда соҳага оид кўникмани шакллантириш ўқитувчи ва устозларнинг асосий вазифасидир. Зеро, бу эзгу ҳаракат коллеж битирувчиларини мустақил ҳаётга тайёрлаш баробарида мамлакатимиз тараққиётига муносиб улуш бўлиб қўшилиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Ҳаётий тажрибалардан маълумки, пухта ўйланган режа асосида бошланган тадбиркорлик фаолияти аниқ мақсадга йўналтирилган бўлса, шубҳасиз, келгусида ўзининг ижобий натижасини кўрсатади. Яъни инсонни иқтисодий тангликдан, мушкул вазиятдан олиб чиқади. Тадбиркорлик кишидан ишонч билан ҳаракат қилишни, иқтисодий фаолият юритишнинг ташкилий-ҳуқуқий билимларидан бохабар бўлишни ҳам талаб қилади.
Ёшларда айнан шундай хислатларни шакллантиришда коллеж таълими муҳим ўрин тутади. Чунки кўпчилик ёшларимиз айнан шу даврда ўзларининг келажакдаги мустақил ҳаёт йўлини белгилаб олишга ҳаракат қилишади. Табиийки, улар орасида давр талабидан келиб чиққан ҳолда, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлганлар кўпчиликни ташкил этади. Қолаверса, ёшларимиз юртимизда тадбиркорлик фаолияти учун яратиб берилаёт­ган қулайликлардан ҳам яхши хабардор.
Ўқувчиларнинг  тадбиркорликка бўлган қизиқиш ва билимларини бойитиш мақсадида касб-ҳунар таълими тизимида махсус фанлар ўқитилаётгани, уларнинг кўникмаларини оширишга хизмат қиладиган турли кўрик-танловларнинг мунтазам равишда ўтказиб келинаётгани бу борада айни муддао бўла­­­ё­тир. Бундай таълим жараёнига, ташкил этилаётган тадбирларга ўқувчилар ўзгача бир иштиёқ ва интилиш билан қарашмоқда. “Мен тадбиркор бўламан”, “Менинг бизнес ғоям”, “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” каби бир қатор тадбирларни бунга мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Худди шундай тадбирларнинг туман ва вилоят босқичларида фаол иштирок этган ўқувчиларимиз молия муассасаларининг имтиёзли кредитларини олиш имкониятларини қўлга киритиб, ўз тадбиркорлик фаолияти учун замин ҳозирлашмоқда. Элмира Тоирова, Нигора Шамсиева, Зарина Қурбонгелдиева каби ўқувчиларимиз шулар жумласидандир. Улар чорвачилик, тикувчилик ва савдо йўналишларида иш бош­лашни ният қилиб қўйишган.
Албатта, ёш авлоднинг бу каби қизиқиш ва интилишлари таҳсинга лойиқ. Уларнинг дадил интилишлари келгусида ўзининг ижобий натижасини кўрсатиши, шубҳасиз.

Наргиза РАЖАБОВА,
Бухоро туманидаги Галаосиё иқтисодиёт коллежи ўқитувчиси.