Саломатлик маркази аҳоли хизматида

4_salomatlik

Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли поликлиникаси ҳузурида Жанубий Кореянинг KOICA ташкилоти билан ҳамкорликдаги Саломатлик маркази ўз фаолиятини бошлади.

Мазкур марказнинг асосий мақсади аҳолининг соғлом ҳаёт кечиришига, саломатлигини мустаҳкамлашига жисмоний тарбия билан доимий шуғулланиш орқали эришишини тарғиб қилишдан иборат.
Марказ зарур тиббий ускуналар, турли тренажёрлар билан жиҳозланган. Бу ерга келганлар дастлаб шифокор кўригидан ўтиб,  қон босими, қондаги холес­терин ва глюкоза миқдори аниқланади. Тиббий кўрик натижасига кўра, рационал овқатланиш ва жисмоний тарбия бўйича гуруҳларга ажратилган ҳолда машқлар олиб борилади. Шунинг­дек, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва олдини олиш, шахсий тиббий таълим, ортиқча вазнни йўқотиш, сунъий нафас бериш ва бошқа мавзуларда семинарлар ташкил этилади. Бунинг учун Саломатлик ва тиббий статистика институти Қорақалпоғистон Республикаси филиалидан икки нафар шифокор, бир нафар ўрта тиббиёт ходими кўнгилли сифатида бириктирилди.
– Ўзбекистонда 1992 йилдан буён фаолият олиб борамиз, – дейди KOICA ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Им Жонг Хи. – Ўтган йилдан буён юқумли касалликлар диагностикаси ва даволаш, болалар шифохоналари тиббий ходимларининг салоҳиятини ошириш лойиҳалари орқали аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга ўз ҳиссамизни қўшиб келяпмиз.
Шу билан бирга, экологик қийин шароитда яшаётган Оролбўйига бугунги кунгача соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит, ёшлар масалалари, жамият фаровонлиги, болалар тарбияси йўналишларида 26 нафар кўнгилли жўнатилди. Янгидан очилган марказ Корея Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимидаги илғор тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Тадбир иштирокчилари марказда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.

Давуд АБИБУЛЛАЕВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.