Саломатликни сўраш инсон қадрини улуғлашдир

Давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашувдаги маърузаси биз, соҳа ходимларини янада фидоийликка, зиммамиздаги масъулиятни чуқур ҳис қилишга ундади.

Биринчи Президентимиз ­Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз тиббиёт соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Энг аввало, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, жойлардаги шошилинч тиббий марказлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар қилинди. “Саломатлик-1”, “Саломатлик-2”, “Саломатлик-3” лойиҳалари амалга татбиқ этилди.
Бироқ, шу ўринда, бизни ўйга толдираётган масалалар ҳам йўқ эмас. Жумладан, Президентимиз алоҳида қайд этганидек, қишлоқ врачлик пунктлари ишини тубдан такомиллаштириш зарур. Чиндан ҳам биз туманлардаги ҚВПларни кўздан кечирганимизда кўплаб камчиликларнинг гувоҳи бўлдик. ҚВПларда сув, иситиш, совитиш, транспорт таъминотида ҳамон муаммолар мавжуд. Дори-дармонларни белгиланган меъёрдаги ҳароратда сақлаш учун оддий совиткичлар йўқ. Ёхуд оилавий поликлиникалар, уларда иш олиб бораётган патронаж ҳамширалари ишини олиб кўрайлик. Патронаж ҳамширалар 4-5 ойда ўзларига бириктирилган хонадонда бўлиб, қайд этиш дафтарига имзо қўйдириш билан чекланади, холос. Ваҳоланки, улар ўз ҳудудидаги аҳволдан доимий бохабар бўлишлари шарт. Аксарият ҳолатларда тиббий кўриклар номигагина ўтказилмоқда. Шунингдек, бунинг учун малакали мутахассислар ҳам етишмайди. Бу билан юртимизда тиб­биёт тамомила ортда қолган ёки барча мутахассислар малакасиз, деган фикрдан йироқмиз. Масалан, бугунги кунда кардиология, жарроҳлик, кўз микрохирургияси ҳамда урология бўйича ҳам катта ютуқларга эришдик. Биргина бизнинг шифохонамизда барча турдаги урология касалликлари бўйича жарроҳлик амалиётлари амалга оширилмоқда. Яқинда ўғлим Жасур ҳам менинг издошим сифатида “Ўт қопини набороскопия усулда икки босқичда олиш” мавзусида номзодлик ишини Москвада, Академик Б.Петровский номидаги жарроҳлик марказида муваффақиятли ҳимоя қилди. Энди у ҳам юртимизга келиб, ўзининг билимларини халқимиз саломатлиги йўлида сафарбар этади.
Дарҳақиқат, соҳада ечимини кутаётган муаммоларнинг давлат сиёсати даражасида ҳал этилиши Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг ўзига хос мазмун-моҳиятини белгилаб беради. Бунинг учун биз, шифокорлар ҳам якдил бўлиб, элимиз саломатлигини ҳимоялаш йўлида бутун билим ва куч-ғайратимизни аямаймиз. Зеро, саломатликни сўраш, инсон қадрини улуғлашдир.

Қилич НУРМУҲАММЕДОВ,
Қашқадарё вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт маркази олий тоифали шифокори, тиббиёт фанлари номзоди.