Халқ билан мулоқот Партия фаолиятининг муҳим мезони

Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси мазмун-моҳияти ҳамда ундан келиб чиқадиган муҳим вазифалар кенг муҳокама қилинди.
Йиғилишда мамлакатимизда тараққиётнинг “ўзбек модели” натижасида иқтисодий ўсиш суръатлари барқарор  таъминланишига эришилаётгани хусусида сўз борди. Хусусан, хусусий мулк ва тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши самарасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши 56,9 фоизгача, саноатда эса 45 фоизгача етди.
Мажлис иштирокчилари Президентимиз маърузасида мамлакатимиз ҳаётининг барча муҳим соҳаларидаги ҳақиқий аҳвол адолатли таҳлил қилингани, юртимизни ривожлантиришнинг очиқ ва холисона манзараси баён этилгани, мавжуд камчилик­лар кўрсатилиб, истиқболдаги иқтисодий тараққиётнинг устувор йўналишлари белгилаб берилганини алоҳида таъкидлашди.  Ана шундан келиб чиқиб, партия  ўз фаолиятига  танқидий баҳо бериши, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилишга қаратилган муҳим масалаларда фаол бўлиши лозимлиги қайд этилди.
– Давлатимиз раҳбари маърузасидаги очиқ, аниқ рақам ва далилларга асосланган танқидий мулоҳазалар, жорий йил ва келгуси йилларда мамлакатимизни янада тараққий эттиришга қаратилган, чуқур ўйланган устувор вазифалар нафақат  сиёсий партиялар фаоллари ва депутатлари, балки ҳар бир раҳбар ҳамда фуқарони ўз вазифасига сидқидилдан, қатъий интизом ва шахсий жавобгарлик ҳисси билан ёндашишга ундади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Ойбек Жумаев. – Чиндан ҳам маърузадаги “ғалаба рапортлари” ва қилинган ишга доир ҳисоботларга берилмасдан, асосий диққат-эътиборни мавжуд камчиликлар ва уларнинг илдизларини пухта таҳлил қилишга қаратиш зарур”, деган ҳақли сўзлар айни ҳақиқатдир. Бу талаб бизнинг фаолиятимизда ҳам бош тамойилга айланиши лозим. Бунга амал қилиш  биз, депутатлар учун муҳим аҳамият касб этади, чунки  биз халқ вакили сифатида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги иқтисодий ислоҳотларнинг амалга оширилишида фаол ва ташаббускор бўлишимиз зарур.
Тадбирда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш, жисмоний ва юридик шахс­ларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада ривож­лантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, жорий йилга Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб ном берилиши ҳам инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун, деган олижаноб ғояни ўзида мужассам этгани алоҳида тъкидланди.
– Маърузада кўрсатиб ўтилган муҳим вазифалар ҳар бир фуқаронинг ўз фаолиятини танқидий таҳлил этишида, келажакдаги мақсадли вазифаларни белгилаб олишида муҳим дас­туриламал бўлиб хизмат қилади, – дейди партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши раиси Тўрабек Назаров.
– Партиянинг депутатлик корпуси ҳам ўз фаолиятида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларни ривожлантиришнинг янги жиҳатларини аниқлаши ва иқтисодий тараққиётнинг муҳим йўналиш­ларини белгилаб олиши лозим.
Тадбирда Президентимиз маърузасида белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқадиган партия олдида турган асосий йўналишлар ҳамда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга ошириладиган ишлар  юзасидан фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Озод ОЧИЛОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.