Аҳоли фаровонлиги ва юрт тараққиётини кўзлаган ислоҳотлар – халқимизнинг эртанги кунга ишончини янада юксалтирмоқда

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий ва иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси юртимиз аҳолиси томонидан зўр қизиқиш билан кутиб олинди ва кенг ўрганилмоқда

 

Фаолиятимизга янгича нигоҳ билан қараш даври келди

Давлатимиз раҳбарининг маърузасида таъкидланганидек, мамлакатимизда барча соҳаларда ўтказилаётган ислоҳотлар замирида, энг аввало, инсон омили ва унинг манфаатлари мужассамдир.

Буни соғлиқни сақлаш соҳасига қаратилган улкан эътибор, тизимни тубдан қайта ташкил этиш мақсадида қилинаётган ишлар, қиш­лоқ врачлик пунктлари фаолиятини яхшилаш, турли марказлар, оилавий поликлиникалар мисолида яққол кўришимиз мумкин. Албатта, буларнинг барчаси аҳоли саломатлигини ишончли ҳимоялашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Дарҳақиқат, инсон ва унинг саломатлиги энг бебаҳо неъмат ҳисобланади. Ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом бўлиш инсон умрининг мазмун-моҳиятини белгилаб беради. Қолаверса, биз ўз олдимизга мақсад қилиб қўйган ҳар томонлама кучли ва қудратли давлатни барпо этишимиз учун ҳам  соғлом халқ ва соғлом миллат зарур.  Ушбу ҳақиқатни, биринчи навбатда, ўзгалар дардига малҳам бўлишни касб қилган саломатлик посбонлари чуқур англаб етишлари ва ўз касбини виждонан адо этишлари ўта муҳим вазифа ҳисоб­ланади.
Жорий йилнинг 5 январида Президентимиз Шавкат Мирзиёев­нинг соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан  бўлган учрашуви биз, тиббиёт ходимларига фаолиятимизга янгича нигоҳ билан қараш даври келганини кўрсатиб берди. Давлатимиз раҳбари охирги йилларда соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликлар оқибатида юзага келган кўплаб муаммолар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида тўсиқ бўлаётганини куюнчаклик билан гапириб ўтди. Жумладан, ҳудудлар бўйлаб юқори технологик операцияларнинг бор-йўғи 23 фоизи амалга оширилаётганини қайд этди.
Учрашувда Президентимиз ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари мутахассислари жойларга чиқиб аҳолига тиббий хизмат кўрсатмоғи, жарроҳлик амалиётларини ўтказмоғи лозимлигини алоҳида таъкидлади. Бундай тадбирларнинг ташкил этилиши чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолига касалликни илк босқичлардаёқ аниқлаш, бундан ташқари, ортиқча оворагарчиликсиз, яъни йўл, шифохона харажати каби чиқимларсиз саломатлигини тиклаш имконини беради. Шу билан бирга, соҳага илғор, замонавий тиббиёт усулларининг жорий этилиши, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатининг оширилиши, биринчи навбатда, тиббий маданиятнинг юксалишига ҳамда инсон манфаатлари муносиб ҳимоя этилишига замин яратади.
Президентимиз соҳада етук, малакали мутахассислар тайёрлаш, уларни ўқитиш, янги йўналиш­ларни ўрганиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Албатта, бу борада барча имконият ва салоҳиятимизни ишга солишимиз, яъни, энг сўнгги замонавий тиббиёт ютуқларини пухта ўзлаштиришимиз зарур. Зеро, ўз касбини пухта эгалламай туриб, бирор натижага эришиш мушкул. Айниқса, шифокорнинг хатоси инсонларнинг ҳаётига катта хавф солишини ҳар бир мутахассис дилдан ҳис этиши лозим.
Учрашувда давлатимиз раҳбари тиббий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимидаги камчиликларга тўхталиб, бу ҳолат ҳудудлардаги тиббий хизмат сифатига салбий таъсир кўрсатаётганини айтиб ўтди. Бу муаммолар, айниқса, аҳолининг мурожаатларида ўз аксини топаётганини  очиқ-ойдин баён этди. Агар биз, мутахассислар ўз малакамизни ошириш устида  изланмасак, интилмасак,  ўз танлаган касбимизга содиқ бўлмасак, муносиб шогирдлар тайёрламасак, ҳам виждонимиз, ҳам халқимиз олдида айбдор бўламиз.
Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинишида жуда катта маъно мужассам.  Бу аҳолининг барча соҳаларда  ўз дардини, ташвишларини очиқ-ошкора айтиши, муаммоларни биргаликда, ҳамжиҳатликда ҳал этилиши учун, қолаверса, халқнинг  ўз турмушидан, давлатдан рози бўлиб яшаши учун имконият.
Биз, шифокорлар инсонларнинг дардига малҳам бўлишдек эзгу мақсадларни ўз олдимизга қўйган эканмиз, аввало, аҳоли билан кўпроқ мулоқот қилишимиз,  одамларнинг қалбига йўл топиш орқали уларни даволашимиз, содда қилиб айтганда, фаолиятимизни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришимиз зарур.

Жамшид Жиянов,
Нуробод тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари.

Эътибор ва рағбат фаоллик ва фидойиликка ундайди

Илм-фан ҳар қандай давлатнинг бугунги куни ва келажагини белгилайдиган муҳим соҳадир. Юртимиз  азалдан башарият цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган, жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиётини маълум даражада белгилаб берган улуғ алломалари, буюк мутафаккирлари билан шуҳрат қозонган.

Жумладан, муқаддас диёримиздан Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Аҳмад ал-Фарғоний, Маҳмуд аз-Замахшарий, Мирзо Улуғбек каби буюк алломалар, олиму фузалолар етишиб чиққан. Улар томонидан яратилган бебаҳо асарлар, ноёб кашфиётлар бугунги кунда ҳам жаҳон илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Илм-фан тараққиёти олимларнинг салоҳияти, иқтидори, машаққатли меҳнати ва улар яратаётган кашфиётлар самарасида кенг намоён бўлади. Негаки, янги ихтиролар, яратилаётган инновацион технология­лар билан тараққиёт довонларидан ошиш, ҳар бир соҳада юксак натижаларни қўлга киритиш мумкин.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев­нинг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони бу соҳани янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Мазкур фармон билан юртимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида илм-фаннинг ўрнини янада мустаҳкамлаш, академиклар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш сифатини оширишни рағбатлантириш мақсадида бир қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланган. Бу эса юртимизда олимлар  ва ёш илмий-тадқиқотчиларнинг илм-фан ривожи йўлида самарали фаолият олиб боришида муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари  мамлакатимиз етакчи илм-фан намояндалари билан учрашган чоғида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида юртимизда фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мус­таҳкамлаш, таълим тизимини ривожлантириш, иқтисодиёт тараққиётига эътибор қаратилганини эътироф этиш билан бирга, бугунги кунда олимларимиз олдида турган устувор вазифаларга ҳам батафсил тўхталиб ўтди.
Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев иқтисодиётимизнинг барча соҳалари тараққиётида илм-фаннинг ўрни, аҳамияти ғоят катта экани, бу борада давлатимиз биринчи галда Фанлар академияси ва олимларга суянишини, фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлиги бугун ниҳоятда долзарб эканини алоҳида таъкидлади. Давлатимиз раҳбарининг илм-фан ривожи йўлидаги  илмий изланишларни янада такомиллаштириш борасидаги йўл-йўриқ ва кўрсатмалари орқали Хоразм Маъмун академияси олимлари ҳам илм-фан соҳасида бой анъаналарни тиклаш ва ривожлантириш, ёш истеъдодли олимларни академия фаолиятига жалб этиш,  шунингдек, тарих, археология, фалсафа, тил ва адабиёт, биология ва биотехнология соҳаларида фундаментал изланиш­ларни олиб бориш, фан ютуқларини амалиётга татбиқ этиш каби вазифаларни изчил давом эттириш кераклигини белгилаб олишди.  Бугунги кунда илмий муассасамиз томонидан 5 та фундаментал,  4 та илмий-амалий ва 2 нафар ёш олимнинг лойиҳаси устида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Ушбу изланишлар натижасида биргина қишлоқ хўжалиги соҳасида ғўзанинг юртимиз тупроқ иқлим шароитига мос, ҳосилдор, касаллик ва зараркунандаларга чидамли янги “Хурма”, “Ният” навлари, шунингдек, буғдойнинг “Яксарт”, “Дўстлик” маҳаллий навлари яратилди.
Муассасамизда кейинги йилларда 50 дан ортиқ илмий семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Биргина 2016 йилда илм-фанни ривожлантириш мақсадида ўтказилган 3 та анжуман  қишлоқ хўжалиги, сув муаммолари ва қадимги Хоразм тарихини ўрганишга бағишлангани билан янада аҳамиятли бўлди.
Бугун жамоамиз эришилаётган ютуқларга маҳлиё бўлмасдан, келгусида амалга ошириладиган ишлар ва илмий тадқиқотларни янада изчил давом эттиришни ўзларининг муҳим вазифаси деб билишади.
Президентимизнинг илм-фанни ривожлантиришга қаратаётган эътибор ва рағбати эса олимларимизни янада фидойилик ва фаоллик билан  меҳнат қилишга ундайди.

Шавкат  ҚОДИРОВ,
Хоразм Маъмун академияси раиси.

Ишбилармонга кўмакдош бўлиш – устувор мақсад

Миллий матбуот марказида “Агробанк” акциядорлик тижорат банки томонидан   Соғлом она ва бола йилида олиб борилган ишлар ва  жорий – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилидаги устувор вазифаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида иқтисодиёт тармоқларида муҳим ўрин тутадиган соҳаларга, шу жумладан, тижорат банклари олдига қўйилган аниқ вазифалар хусусида сўз юритилди.
Анжуманда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини доимий қўллаб-қувватлаш мақсадида банк томонидан белгилаб олинган дастур асосида аҳоли хонадонларида ўтказилаётган мулоқотларда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имкониятлари тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилаётгани ва қисқа муддатда кредит маблағлари ажратиш чоралари кўрилаётгани таъкидлаб ўтилди.
– “Оддий аҳолини тадбиркор қилиш” шиори остидаги ушбу ишларни кенг кўламда олиб бориш мақсадида банкнинг марказий аппаратида махсус бошқарма ташкил этилди, – дейди “Агробанк” акциядорлик тижорат банки Истеъмол кредитларини ажратиш ва мониторинг қилиш бўлими бошлиғи Ўткир Ниғматов. – Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар бошқармалари ҳамда мавжуд 176 та филиалда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш ва микрокредитлар бериш учун алоҳида бўлимлар фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу янги бошқарма ва бўлимларга 576 нафар малакали мутахассис ишга қабул қилинди. Шунингдек, дастур ижросини сифатли ташкиллаштириш мақсадида 2060 нафар тажрибали банк ходими жалб этилди.
Махсус жадвал асосида қишлоқ ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда жойларда аҳоли билан учрашувлар ўтказилмоқда. Уларда бугун тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида мамлакатимизда бошланган янги босқичдаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, тадбиркорликдан келадиган давлат ҳамда халқ манфаатлари хусусида батафсил тушунча ва маълумотлар берилмоқда.
Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ва кредитга талаби бор оила вакилларининг бизнес лойи­ҳалари банк мутахассислари томонидан қисқа муддатларда ўрганилиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришда яқиндан кўмак берилаётир. Бундай саъй-ҳаракатларнинг самараси ўлароқ, ўтган қисқа вақт мобайнида 813 та аҳоли пункти ва мавзелардаги 361 мингдан зиёд хонадонларда сўровлар ўтказилди. Мазкур сўровларда аҳоли томонидан тадбиркорликнинг у ёки бу тури, хусусан, боғдорчилик, чорвачилик, иссиқхона барпо этиш, ҳунармандлик, касаначилик, хизмат кўрсатиш, сервис ва бошқа соҳалар билан шуғулланиш истаги билдирилмоқда.
Энг муҳими, бошланган эзгу ишларни изчил давом эттириш учун “Агробанк” акциядорлик тижорат банкининг молиявий имкониятлари етарли ва банк жамоасининг тажрибаси бор. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида изчиллик билан амалга оширилади.

Озод ОЧИЛОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.

Ҳар бир инсон манфаати эътиборда

Давлатимиз раҳбари маърузасида мамлакатимиз тиббиётидаги муаммо ва камчиликлар, кадрлар тайёрлашдаги номувофиқлик, чекка ҳудудларда жойлашган шифо масканларидаги аҳвол ҳақида фикр юрита туриб, соҳада амалга ошириш зарур бўлган энг муҳим чора-тадбирларни белгилаб берди.

Президентимиз яқинда соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан ўтказган учрашувида  “Аёлларимиз иболи, ҳаёли. Баъзи масалаларда шифокорга бориб дардини бемалол айтавермайди. Шу боис, хотин-қизлар учун алоҳида поликлиника ташкил қилишимиз керак. Токи улар бориб ўзини қийнаётган масалада бемалол фикрлашсин. Чунки эртанги кунимизнинг давомчиларини соғлом дунёга келтириш кўп жиҳатдан аёлларимизнинг саломатлигига боғлиқ”, деган сўзлари Биринчи Президентимиз бошлаб берган соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш йўлидаги ишларнинг изчил давом этаётганидан далолат бериб, ҳар бир она, ҳар бир аёл қалбини миннатдорликка, ғурурга тўлдирди. Шунинг баробарида инсон манфаатларининг қанчалик улуғланиши, аёл­ларимизга бўлган эъзозу эътибор яна бир карра намоён бўлди. Чиндан ҳам нафақат шаҳарда истиқомат қиладиган, балки қишлоқ жойлардаги аёлларимиз учун ҳам махсус поликлиниканинг бўлиши кенг имкониятларни очиб беради. Хотин-қизларимиз ўз дардини ҳар доим ҳам билдиравермайди. Алоҳида поликлиника эса бу борада уларга айни муддао бўлади. Чунки алоҳида поликлиника фаолиятининг йўлга қўйилиши даволаниш учун узоқ жойга боришга ҳам ҳожат қолдирмайди. Кўпгина касалликларга поликлиниканинг ўзидаёқ ташхис қўйилиб, даво чоралари кўрилади. Президентимизнинг узоқни ўйлаб айтган гапларидан кўриниб турибдики, аёлларимиз саломатлигини таъминлашга доир ишлар келгусида янада такомиллашади. Ўсмир қизларимиздаги хасталиклар ҳам барвақт аниқланиб, турмуш ёшига етгунларича саломатлиги тикланади.
Президентимиз “Соғлиқни сақлаш соҳаси ҳақида гапирганда бир ҳақиқатни эсимиздан чиқармаслигимиз лозим: тиббиёт ходимлари бизнинг саломатлигимиз посбонларидир. Уларга халқ ишониши, улар эса халқни ишонтира олиши керак”, дея алоҳида таъкидладилар.
Шубҳасиз, бундай инсонпарвар ва адолатли сиёсат, халқ саломатлигини мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатлар, ҳеч шубҳасиз, инсон манфаатларини таъминлашга ҳисса бўлиб қўшилади, оилаларимизга файз бағишлаб, фарзандларимизнинг соғлом ва баркамол бўлиб  улғайишига замин ҳозирлайди. Биз, саломатлик посбонлари эса бу борада бор имконият ва салоҳиятимизни ишга солишимиз шарт. Зеро, халқ дардига дармон бўлиш — энг савобли юмушдир.

Шоира СОДИҚОВА,
Зангиота тумани “Ўрта Овул” қишлоқ шифокорлик пункти раҳбари.