Прокуратура – адолат устуворлиги кафолати

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 8 январь – Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари куни арафасида бир гуруҳ соҳа ходимлари, фахрийлари билан учрашувда билдирган фикрлари биз, прокуратура ходимлари зиммасига янада улкан масъулият ва вазифаларни юклади.

Хусусан, давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларини байрам билан самимий табриклаш баробарида, прокуратуранинг бугунги фаолияти, унинг асосий вазифалари ва йўл қўйилган камчиликлар ҳақида ҳам батафсил тўхталди.
Шунингдек, Прези­дентимиз мав­жуд қонунчилигимиз бўйича прокуратура органларининг асосий вазифаси барча соҳаларда қонун устуворлигини таъминлашдан иборат бўла туриб, қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олиш чоралари тўлиқ кўрилмаётганлиги, аслида эса, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини барқарор кафолатлаш доимий диққатимиз марказида бўлиши лозимлиги, бунинг учун эса суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотларни изчил давом эттириш зарурлигини таъкидлади. Ўз навбатида, ана шу вазифалар ижроси жараёнида прокуратура органлари фаол иштирок этиши, бунда, авваламбор, фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган назорат фаолиятини кучайтиришга доир масалаларга эътибор қаратилди.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “…Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, адолатсизликка чидай олмайди. Жамиятда адолат барқарор бўлишида прокуратура органларининг ўрни катта бўлмоғи керак”, деган гаплари бизни келгусида янада масъулият ва фидойилик кўрсатиб ишлашга ундайди.
Президентимиз томонидан мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган қишлоқ хўжалиги соҳасида қонунийликни таъминлаш бўйича прокуратура органларида бирмунча ишлар амалга оширилганлиги, бироқ мазкур йўналишда ҳам қатор камчиликлар мавжудлиги айтиб ўтилди. Масалан, ердан ноқонуний ва мақсадсиз фойдаланиш, уни талон-торож қилиш, уй-жой қуриш ва бошқа мақсадлар учун ер участкаларини асоссиз ажратиб бериш ҳолатларига, афсуски, чек қўйилмаганлиги танқид остига олинди.
Хусусан, ўтган 2016 йилда 7 минг 665 гектар ер майдонидан ноқонуний ва мақсадсиз фойдаланиб келинганлиги, мансабдор шахслар томонидан 74 минг гектардан зиёд ер ноқонуний ажратиб берилганлиги мазкур йўналишда тартиб ва назорат сусайиб кетганидан далолат бериши қайд этиб ўтилди.
Албатта, кўрсатиб ўтилган ушбу камчиликларни бартараф қилиш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, прокуратура органлари тизимида уларни амалга ошириш бўйича зарур чоралар кўрилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, прокуратура органлари томонидан ерлардан оқилона фойдаланиш, ер ажратишда суиистеъмолчилик ва таниш-билишчиликка йўл қўймаслик борасида қатор назорат ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, 2016 йилда ўтказилган назорат тадбирлари жараёнида мансабдор шахслар томонидан 75 минг 301 гектар ер майдонининг ноқонуний ажратилганлиги ҳолати бўйича қонунга зид қарорларга нисбатан 1,9 мингта протестлар келтирилиб, 2 минг 35 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган, жиддий қонун бузиш ҳолатлари юзасидан 97 та жи­ноят иши қўзғатилган. Натижада 49 минг 213 гектар ер майдонининг қайтарилиши таъминланган.
Бундан ташқари, ҳозирда прокуратура органларининг асосий эътибори фермерлик ҳаракатини ривожлантириш, фермерларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш масалаларига қаратилмоқда.
Прокуратура органлари томонидан ўтган йил мобайнида 310 та фермер хўжалигига рўйхатдан ўтиш ва банкда ҳисобрақами очишда, шунингдек, 2,6 миллиард сўм кредит, 8,1 миллиард сўм иш ҳақи, 25,1 миллиард сўм нақд пул олишда амалий ёрдам кўрсатилди.
Қолаверса, уларга 13,6 миллиард сўм миқдоридаги дебитор қарзларни ундириш борасида кўмаклашилди. Фаолиятларини янада такомиллаштириш, мавжуд тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш мақсадида 4 минг 593 гектар ер, 13 минг 499 тонна минерал ўғит, 479,2 тонна ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, 281 дона қишлоқ хўжалиги техникаси, 58 тонна уруғлик чигит, 189 тонна уруғлик буғдой, 90 қути ипак қурти, 176,7 тонна омихта ем маҳсулотларини олиш масалаларида қонуний асосда кўмак берилди.
Албатта, келгусида ҳам биз, прокуратура органлари ходимлари томонидан барча соҳалар сингари қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларнинг тўлиқ бажарилиши ҳамда соҳага оид қонунлар, қарор ва фармонларнинг ўз вақтида, сифатли ижро этилишини таъминлаш чоралари кўрилади.

Рустам ҲАЙИТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг
бошқарма бошлиғи вазифасини бажарувчиси.