Мусобақага қизғин ҳозирлик кўрилмоқда

4_jizzax

Жиззах вилояти

“Баркамол авлод” спорт мусобақаларига бу йил Жиззах вилояти мезбонлик қилади. Вилоятда мазкур мусобақага қизғин тайёргарлик кўрилиб, беллашувларни юқори савияда ташкил этиш чоралари кўрилаётир.

Маълумки, мазкур мусобақа мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, улғаяётган авлодни жисмонан ва маънан соғлом этиб тарбия­лаш ҳамда спортчиларимизнинг жаҳон ареналарида юқори натижаларга эришишини таъминлашда ўзига хос трамполин вазифасини ўтайди.
“Баркамол авлод – 2017” мусобақалари ўтказилиши кўзда тутилаётган Жиззах олимпия захиралари спорт коллежи, Жиззах политехника институти футбол майдони ҳамда мазкур институт қошидаги академик лицейнинг спорт залида реконструкция ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
– Шунингдек, 5 та касб-ҳунар коллежи ва 2 та олий ўқув юртига тегишли ётоқхона ва ошхоналарида ҳам қайта реконструкция ишлари давом этмоқда, – дейди вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Эргаш Қўлдошев. – Айни кунларда 12 та иншоот­да 10 дан ортиқ қурилиш ташкилотлари ишламоқда. Бу жараёнда Мус­тақиллик, Шароф Рашидов, Алишер Навоий, Темир йўлчилар, Тошкент, Шифокорлар, Буюк Турон ҳамда Халқлар дўстлиги кўчаларида асфальт ётқизиш ишлари амалга оширилади. Яна ҳам аниқроғи, 9,9 километр масофага 46,3 минг тонна асфальт ётқизилиши кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, мазкур кўчалардаги барча иншоотлар, жумладан, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда турар-жойлар қайта таъмирланиб, замонавий ва кўркам қиёфа касб этиши таъминланади. Ушбу бунёдкорлик ишлари вилоятда спортни ривожлантиришга хизмат қилиши билан бирга, кундан-кун чирой очаётган Жиззах шаҳрини янада гўзаллаштиради.
Мазкур жараёнда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга ҳам алоҳида эътибор берилаётир. Жумладан, юқорида номлари зикр этилган кўчаларга замонавий ёриткичлар ўрнатилади. Шунингдек, 30 миллион дона гул ҳамда эман, каштан, қрим соснаси, лола дарахти каби 30 минг дона манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади. Биргина Жиззах политехника институти ҳудудида 9 гектарлик мевали боғ юзага келтирилади.

Алижон АБДУСАТТОРОВ,
“Qishloq hayoti” мухбири.