Чангитмалик болалар кўча чангитиб юрмайди

4_sport

Наманган вилояти

Мамлакатимизда болалар спортига қаратилаётган эътибор боис, маҳалладан чиқаётган чемпионлар кўпаймоқда

Соғлом танда – соғ ақл, дейди халқимиз. Спорт ёш авлоднинг саломатлигини мустаҳкамлаши билан бир қаторда, ўғил-қизларимизнинг жисмонан соғлом, руҳан тетик, иродаси мустаҳкам, дунёқараши кенг инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим аҳамият касб этади. Бугун спортга ҳаваси ортиб, соғлом турмуш тарзига ошно тутинаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.

Улар спорт машғулотлари орқали саломатлигини мустаҳкамлаш билан бирга, ўз олдига қўйган мақсадлари сари дадил интилаётир. Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, ёшлар камолоти йўлида яратилаётган имкониятлар уларга қанот бўлаётир. Юртимизнинг турли ҳудудларидан халқаро майдонларда ўз иқтидор ва салоҳиятини кенг намоён этиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган ёш чемпионларнинг етишиб чиқаётгани бунинг яққол тасдиғидир.
Таэквондо (WTF) бўйича халқаро турнирларда юксак совринларни қўлга киритиб  келаётган Умида Ҳасанова ана шундай ёшлардан бири. Наманган вилояти Норин туманидаги Чангитма маҳалласида туғилган Умида ёшлигидан спортнинг ушбу тури билан мунтазам шуғулланиб келади.
Дарҳақиқат, якунланган 2016 йил иқтидорли спортчи Умида Ҳасанова учун ҳам ютуқларга бой бўлди. Ёш спортчи ўтган йилнинг июль ойида  Жанубий Кореянинг Гуанжо шаҳрида  бўлиб ўтган таэквондонинг WTF йўналиши бўйича “Korea open” халқаро турнирида 60 дан зиёд мамлакат спортчилари орасида учинчи ўринни забт этди.
Умида ушбу халқаро мусобақада энг юқори ўринни қўлга кирита олмаган бўлса-да,  руҳан синмади, балки янада кўпроқ машқ қилди, хатолари устида ишлади. Унинг мақсад сари интилувчанлиги тез орада ўз натижасини берди. Бунинг самарасида орадан кўп ўтмай Малайзияда ўтказилган  “Malaysiya open” халқаро турнирида етмишдан ортиқ давлатдан келган қизлар ўртасида бор маҳоратини намойиш этиб, биринчи ўринни қўлга киритди.
– Ўшанда  қизимнинг  олтин медални қўлга киритганини эшитиб, фахрланиб кетдим, кўзларимда қувонч ёшлари қалқди, – дейди Умиданинг онаси Ўктамхон Бузрукова. – Унинг мана шундай катта натижаларга эришаётгани давлатимиз томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор натижасидир.
Шунингдек, ўтган йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида  таэквондо спорт турининг WTF йўналиши бўйича ўтказилган Ўзбекистон биринчилиги мусобақасида ҳам чангитмалик иқтидорли спортчи қиз муваффақиятли иштирок этди. У 41 килограммлик вазн тоифасида барча рақибларини доғда қолдириб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Умида 12-13 ёшлилар ўртасида Осиё ва Жаҳон чемпионатларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қиладиган юртимиз миллий терма жамоаси сафига қабул қилинди.
– Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанада Президентимизнинг спортчи ёшлар эришаётган ютуқлар ҳақидаги фахр-ифтихорга тўлиб айтган даъваткор сўзлари мени янада юксак марраларни забт этишга ундади, – дейди Умида Ҳасанова.  – Худо хоҳласа, жорий йилда Осиё ва Жаҳон чемпионатларида муваффақиятли қатнашиб, она Ватанимга олтин медаллар шодасини, албатта, олиб келаман.

Равшанбек  МИРЗАОЛИМОВ, “Qishloq hayoti”  мухбири.