Табиат гўзаллигига путур етмасин

tabiat

Мустаҳкам ҳуқуқий асос бу мақсадимиз учун хизмат қилади.

Юртимизда қўриқхоналар ва миллий боғлар қонунчилигимиз нормаларига асосан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тоифасига киради. Мазкур табиий ҳудудлар экологик тизим, биологик, ландшафт хилма-хиллигини таъминлаш ва экологик мувозанатни сақлашда катта аҳамиятга эга.

Мамлакатимизнинг муҳофаза этиладиган ҳудудларидаги наботот ва ҳайвонот оламининг кўплаб турлари, қатор табиат ёдгорликлари дунёнинг бошқа жойларида учрамайди. Ушбу табиат бойликларини асраш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида қўриқхоналар, боғлар, экомарказлар, биосфера резерватларидан иборат алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудлар тизими барпо этилган. Бу борада қабул қилинган мустаҳкам қонунчилик базаси муҳим дастуриламал бўлаётир.
Ушбу ишлар кўламини янада кенгайтириш, экологик қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда республикамизда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимида 10 та давлат қўриқхонаси, 2 та миллий боғ, 10 та давлат буюртмахонаси ва 6 та табиат ёдгорлиги фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатимиз ўрмон фондининг майдони 9,12 миллион гектар атрофида бўлиб, ундан 2,8 миллион гектари ўрмон билан қопланган ва умумий ер майдонининг 6,2 фоизини ташкил қилади.
Атроф-муҳитнинг ифлосланиши, табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилиши ҳамда ўсимлик ва ҳайвонот дунёси муҳитининг бузилиши оқибатида сайёрамизда биологик хилма-хилликнинг йўқолиб ва камайиб кетиши ҳануз давом этмоқда. Бу эса, ўз навбатида, бутун жамиятнинг барқарор ривожланишига жиддий хавф солади.
Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар табиий мувозанатни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади ҳамда инсоннинг ҳаёт кечириши учун зарур шароитларни сақлашда экологик барқарорлик ва табиий экотизим тикланишининг асосий мезони ҳисобланади.
Республикамиз ҳудудида сувда сузувчи ва сув атрофида яшайдиган қушлар тўпланадиган жойлар сифатида жуда муҳим, сув организмлари катта захирасига эга, муҳофаза қилиниши ва барқарор фойдаланилишини талаб қиладиган 10 та сув ҳавзаси мавжуд.
Мамлакатимизда сувли-ботқоқли ҳудудлар бир миллион гектарни ташкил этади. Ушбу ҳудудларни муҳофаза қилиш ва илғор халқаро тажрибаларни ўзлаштириш мақсадида Ўзбекистон 2001 йилда сувли-ботқоқли ҳудудларни муҳофазалаш бўйича халқаро конвенцияга аъзо бўлган. Айни пайтда юртимизда конвенцияда белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш юзасидан махсус дастур ва лойиҳалар асосида изчил ишлар олиб борилмоқда. Бундай ишлар самарасида Бухоро вилоятидаги Денгизкўл ва Жиззах вилоятидаги Айдар-Арнасой кўллар тизимига халқаро миқёсда муҳофаза этиладиган ҳудуд мақоми берилди.
Шунингдек, ёввойи табиатни муҳофаза қилиш халқаро фонди билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикасидаги Судочье кўли биохилмахиллигини муҳофаза қилиш ва мониторинги бўйича лойиҳа амалга оширилди. Натижада Судочье кўлини халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ жойлар рўйхатига киритиш учун асослар тайёрланди.
Умуман олганда, мамлакатимизда мустақиллик йилларида барқарор ривожланиш, тараққиётга эришиш ва биологик хилма-хилликни сақлаш учун зарур ва мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилди ҳамда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Ислом ХУШВАҚТОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,
Ойбек РАҲИМОВ,   
Ўзбекистон Экологик ҳаракати гуруҳ раҳбари.