“Баркамол авлод” спорт мусобақасига тараддуд

Маълумки, жорий йил Жиззах шаҳрида академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари  ўқувчилари ўртасида “Баркамол авлод” спорт мусобақалари бўлиб ўтади.

Сурхондарёлик ёшлар ҳам ушбу нуфузли мусобақада иштирок этиб, юқори поғоналарни қўлга киритиш учун ҳозирданоқ пухта тайёргарлик кўришмоқда.
Жумладан, волейболчилар жамоаси ҳам тараддудни кўнгилдагидек ташкил этишмоқда. Шу ўринда айтиш керакки, спортнинг бу турини ривожлантириш бўйича кейинги йилларда вилоятда салмоқли ишлар амалга ошириляпти. Ҳозирги кунга келиб, вилоятда 112 та мазкур йўналишдаги секциялар фаолияти йўлга қўйилган. Уларда 3 минг нафарга яқин ўғил-қиз доимий шуғулланиб келади. Биргина ўтган йилнинг ўзида вилоят миқёсида волейбол бўйича 50 дан ортиқ мусобақа ташкил этилиб, унда 30 мингдан ортиқ ёшлар иштирок этди.
Мунтазам равишда ўтказилаётган машғулотлар, мусобақалар ёш спортчиларнинг маҳоратини ошириши баробарида янгидан-янги қобилият эгаларини кашф этмоқда. Малакали мураббийлар эса спортчиларни юксак марралар сари  етак­ламоқда.

Дилфуза ЖЎРАЕВА,
“Qishloq hayoti” мухбири.