Эл дарди билан яшаш саодатдир

Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини диққат билан тингладик. Унда кириб келаётган 2017 йилнинг юртимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши кўпчиликнинг кўнглидаги гап бўлди, деб ўйлайман.

Айни вақтда барчамиз йилга ном берилишини, унинг маъною мағзини яна бир бора таҳлил этяпмиз, фикр юрит­япмиз. Одамларнинг фикрига, чеҳрасига боқсангиз, бундан мамнунлигини яққол кўрасиз.
Мамлакатимизда инсон манфаати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳаётнинг янада обод бўлиши учун амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасини ҳаммамиз кўриб турибмиз, ҳаётимизда ҳис этяпмиз.
Бу тамойиллар бугунги нурафшон кунларимизга кафолат бўлаётган Бош қомусимизда ҳам ўз аксини топган. Конституциямизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилган.
Маърузада таъкидланганидек, бу борадаги ишлар устувор вазифалардан этиб белгиланмоқда. Жумладан, ҳар бир туман ва шаҳарда “Халқ қабулхоналари”нинг ташкил этилиши давлат идоралари билан халқ ўртасидаги алоқаларни яқинлаштиради, одамларнинг раҳбариятга ўз дардини айтиши, талаб ва истакларини очиқ ва ошкора баён этиши учун катта бир имконият туғдиради. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу хақиқатни аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушуниб олиши зарур”, дейилади маърузада. Чиндан ҳам инсоннинг қадр-қиммати ҳар нарсадан устун турар экан, энг аввало, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ кафолатланиши зарур.
Хуллас, халқ ичига яқинроқ кириб бориб, уларнинг дарди, ташвиши, орзу истакларини рўёбга чиқариш борасидаги ишлар янада кучая­ди. Халқ билан мулоқот эса инсон манфаатига хизмат қилади. Юртимизда амалга оширилаётган ана шундай улуғ ва савобли ишлар, умуман олганда, бугунги кунлардан мамнунлик барча юртдошларимизни жамиятнинг фаоли бўлишга, юрт равнақига ўзининг муносиб улушини қўшишга ундамоқда.

Сардор КАРИМОВ,
Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 12-сонли давлат нотариал идораси нотариуси.