Авлодлар саломатлиги йўлидаги хайрли ишлар

2_soglom

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида “Соғлом она ва бола” йили Давлат дастури асосида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу шифо маскани инвестиция дастурига кўра, реконструкциядан чиқди ва бу ерда маслаҳат поликлиникаси ҳам иш бошлади.
Марказга қадам қўйсангиз, атрофдаги гўзал манзарали дов-дарахтлар,  турфа гуллар ҳамда саранжом-саришталикдан кўнглингиз яйрайди.
Қўш қаватли тиббиёт маркази қошидаги маслаҳат поликлиникаси яқинда иш бош­лаган бўлса-да, жамоа аъзолари ўзларининг беминнат хизматлари билан эл олқишига сазовор бўлишга улгуришмоқда.
– Энг аввало, инсонпарвар давлатимизга раҳмат, – дейди Қарши туманининг Қумбойғунди қишлоғилик Хуршида Боймуродова. – Фарзандимни тиббий кўрикдан ўтказдим. Хушмуомала, ширин сўз, қўли енгил шифокорлар омон бўлсин. Ўғлим соғлом экан, хурсанд бўлиб уйга қайтяпмиз.
– Деҳқонобод туманидан келиб, ультратовуш аппаратида текширувдан ўтдим, – дейди 13 ёшли Худойшукур Хонқулов. – Тегишли тавсия­ларни олиб уйга қайтяпмиз. Бизга беминнат хизмат кўрсатган шифокорлардан миннатдормиз.
Айни пайтда 30 нафар шифокор, 33 нафар ўрта тиббиёт ходими фаолият кўрсатяпти. Бинонинг биринчи қаватида беморларни рўйхатга олиш, лаборатория таҳлили, ЭКГ, ультратовуш аппаратлари, иккинчи қаватида эса турли хасталиклар бўйича малакали мутахассислар беморларга хизмат кўрсатмоқда.
Маслаҳат поликлиникаси бош шифокори Шерали Шодмоновнинг қайд этишича, бу ерда вилоятнинг туман ва шаҳарларидан келаётган беморларга даволаниш учун йўлланма бериш билан бирга, ўз ҳудудларидаги шифохоналарда муолажа қабул қилиш бўйича йўл-йўриқ, тавсиялар ҳам берилади.
– Шифохонамизда 17 та даволовчи, 7 та ёрдамчи бўлимлар мавжуд, – дейди вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Ёқуб Шоназаров. – 118 нафар шифокор, 545 нафар ўрта махсус, 280 нафар кичик тиббиёт ходими эл соғлиғи йўлида фидойилик кўрсатяпти. Тиббиёт марказимизга хориждан замонавий жиҳозлар келтирилиб ўрнатилди. Ходимларимиз ушбу тиббиёт асбоб-ускуналарида ишлаш учун Тошкент шаҳри ва чет элдаги йирик шифохона ҳамда клиникаларда малакаларини ошириб қайтдилар. Жорий йилда тиббиёт даргоҳимиз “Энг яхши шифо муассасаси” сифатида республика миқёсида эътироф этилди.
– Қайта реконструкция ва жиҳозланиш ишлари натижасида аҳолига хизмат кўрсатиш сифати сезиларли даражада ортди, – дейди кўк­рак жарроҳлиги бўлими бош­лиғи, олий тоифали шифокор Ашраф Шодмонов. – Кенг ва ёруғ хоналарда замонавий жиҳозлардан фойдаланган ҳолда турли жарроҳлик амалиётларини бажаряпмиз. Бўлимимизда нейрожарроҳлик йўналишида ҳам хизмат кўрсатяпмиз. Энг оғир жарроҳлик жараёнлари ҳам шу ернинг ўзида амалга оширилмоқда. Масалан, яқинда ёш жарроҳ Акрам Имомов Муборак туманининг Қарлиқ қишлоғидан келган уч ойлик Ришодбек Асадуллаевни жарроҳлик йўли билан дарддан фориғ қилишга эришди.
– Бош миядаги хасталикни бартараф этиш учун пойтахтдан келган устозимиз, профессор Дониёр Мирсодиқов билан жарроҳлик амалиётини бирга олиб бордик, – дейди ёш шифокор Акром Имомов. – Натижа шуни кўрсатдики, агар биз мазкур жараённи амалга оширмасак, бола тутқаноқ хасталиги ёхуд ақлий заифлик, сурункали бош оғриғига дучор бўлиши мумкин эди. Мана, Ришодбекнинг ота-онаси ҳам мамнун. Вилоятимизда ўтган бу турдаги илк жарроҳлик амалиёти муваффақиятли чиққанидан хурсандмиз.
Дарҳақиқат, бўлимда ўпка, қизилўнгач хасталикларини жарроҳлик йўли билан даволашда ҳам ижобий кўрсаткичларга эришилмоқда. Бу борада шифокорлардан Абдуқаҳҳор Хушвақтов, Низом Мўминов, Жасур Хуррамов, кичик тиббиёт ходимларидан Маърифат Халилова, Дилсўз Муродова, Эътибор Бекқулова, Нигора Умироваларнинг ҳам хизматлари эътирофга лойиқ.
Тиббиёт фанлари номзоди Қилич Нурмуҳаммедов, “Эл-юрт ҳурмати”, 2-даражали “Соғлом авлод” орденлари соҳиби Юсуп Раҳматуллаев, 1-даражали “Соғлом авлод учун” ордени нишондорлари Гуландон Пўлатова ва Назира Тожибоева, “Дўстлик” ордени соҳибаси Нурия Юлдошевалар билан бир сафда қўли енгил шифокорлар Нормамат Ниёзов, Назар Назаров, Момахол Маҳманазарова, Илҳом Рўзиев сингари ўнлаб шифокорлар ушбу тиббиёт марказининг фахри, фидойилари сифатида меҳнат қилмоқда. Эътиборлиси, уларнинг заҳматли меҳнатлари туфайли келажагимиз ворислари – жажжи ўғил-қизларимиз соғлом, ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етяпти.

Ҳусан ТЕМИРОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.
Қашқадарё вилояти