Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

Муҳим сиёсий тадбирнинг фаол иштирокчисига айланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви томонидан Марказий сайлов комиссияси, Адлия вазирлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда республика семинари ташкил этилди.

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича маҳаллаларда тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалаларига бағишланди. Видеоконфенцалоқа шаклида ташкил этилган тадбир республикамизнинг барча ҳудудларини қамраб олди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Бош прокуратура, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, “Нуроний” жамғармаси, Касаба уюшмалари федерацияси, Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Жаҳон” ахборот агентлиги, Миллий телерадиокомпания, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди масъул ходимлари, фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси Ж.Иноғомов ва бошқалар таъкидлашганидек, мамлакатимизда Биринчи Президентимиз Ислом ­Каримов раҳнамолигида ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлида амалга оширилган ишлар ўзининг юксак самараларини бермоқда. Бу жараён, айниқса, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириши, сайлаш ва сайланиш бўйича конститу­циявий ҳуқуқлари тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлайдиган демократик стандартларга мос бўлган сайлов тизимида ёрқин намоён бўлмоқда.

Таъкидлаш жоизки, кучли фуқаролик жамияти барпо этишда ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ниҳоятда муҳим аҳамият касб этаётир. Фуқаролик жамиятининг фақат ўзимизга хос бўлган ноёб бошқарув институти фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳозирги кунда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда, фуқароларнинг ўз салоҳиятларини руёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратмоқда, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашмоқда.

Биламизки, меҳр-оқибат, тинчлик-тотувлик, ўзаро маслаҳат асосида ёрдамга муҳтожларнинг ҳолидан хабар олиш, тўю томошоларни ўтказишда маҳалланинг ўзига хос ўрни, хизмати катта.

Истиқлол йилларида ушбу маскан фуқаролик жамиятининг муҳим ва фаол бўғини сифатида ўзини тобора намоён этмоқда. Маҳалланинг ҳаётимиздаги, жамиятимиздаги тутган ўрни ортиб, ваколати кенгаймоқда. Бугунги кунда республикамиздаги 10 мингга яқин фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ижтимоий-иқтисодий хусусиятга эга 30 дан зиёд вазифани бажариб келаётгани ҳам фикримизнинг исботидир. Хусусан, унинг ёшларни ҳар жиҳатдан баркамол этиб тарбиялаш, оила институтини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, жамиятда аҳиллик ва тотувликни таъминлаш борасидаги ўрни ва аҳамиятини ҳеч нарса билан солиштириб бўлмайди. Айниқса, унинг аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш марказига айланиб бораётгани диққатга сазовордир. Фуқаролар йиғинларининг муҳим сиёсий жараён – сайловларни ташкил этиш, аҳолининг сиёсий онгини ошириш, уларни ушбу тадбирга кенг жалб этишда ҳам хизмати ва ўрни каттадир. Ҳақиқатан ҳам, фуқаролар йиғинлари фаолларининг “оёғи етмаган” хонадон, танимаган фуқароси йўқ. Юртимиздаги ҳар шахс маҳаллада яшайди, фуқаролар йиғинлари ҳар бир хонадонни қамраб олган. Албатта, юртимиздаги ҳар бир фуқаро ўзининг келажагини, энг аввало, маҳалласида кўради.

Демакки, муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда фуқаролар фаоллигини оширишда ҳам ушбу институтнинг ўрни катта бўлади. Тадбирда Марказий сайлов комиссияси томонидан 2016 йил 7 октябрда тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчилар ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар дастури ижросини таъминлаш юзасидан маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича фикр юритилди.

Мазкур дастур доирасида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш даврида сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича маҳаллаларда тарғибот тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасига биноан ташвиқот ишлари изчил амалга оширилмоқда. Маҳаллаларда “Мен шахсан ўзим овоз бераман”, “Бизнинг оиламизда ҳар биримиз ўз овозимизга эгамиз”, “Менинг овозим Ватан келажагига дахлдор”, “Биз танлаш ҳуқуқига эгамиз”, “Сайловчилар рўйхатида бормисиз?” сингари мавзуларда тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Семинарда Президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга ошириладиган тадбирларда фуқаролар йиғинлари раислари, жамоатчилик комиссияларининг ўрни, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг моҳияти ва аҳамияти, участка сайлов комиссиялари ишини самарали ташкил этишда маҳалла фаолларининг роли мавзуларида маърузалар тингланди. Сайловга тайёргарлик кўриш даврида маҳаллаларда тарғибот тадбирларини изчил давом эттириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Сайлов кампанияси тадбирларида аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини янада ошириш бўйича тар­ғибот ишларининг изчил олиб борилиши, сайловчиларнинг фаол иштироки давлатимиз ва жамиятимизнинг келгуси тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини англаб етишига хизмат қилиши эътироф этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раиси А.Арипов сўзга чиқди.

Анвар ҚУЛМУРОДОВ,

“Qishloq hayoti” мухбири.