21 октябрь – «Давлат тили ҳақида»ги қонун қабул қилинган кун

talim

Бебаҳо маънавий бойлик

Она тилимиз руҳиятимиз теранлигини ёрқин намоён этади

Ҳозирги глобаллашув даврида дунёдаги аксарият халқлар ўз мустақиллигини мустаҳкамлашнинг асосий шарти сифатида она тилларини асраб-авайлашмоқда, равнақ топтиришмоқда. Бу бежиз эмас. Зеро, ҳар бир тилда бутун миллатнинг тарихи ва маънавияти, мухтасар қилиб айтганда, руҳи пинҳон.

Миллий тафаккуримиз ифодаси

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида таъкидлаганидек, “Ўзликни анг­лаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили — бу миллатнинг руҳидир”.

Бундан йигирма етти йил илгари “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилингани халқи­миз маънавий ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Ўшанда ҳали мустақилликка эришмаган эдик. Орадан икки йил ўтгач, Ўзбекистон халқимизнинг буюк фарзанди Ислом Каримов раҳнамолигида ўз маънавий ва сиёсий салоҳиятини намойиш этиб, мустақил тараққиёт йўлини танлади. Шундан сўнг она тилимизнинг имкониятлари янада тўлиқ намоён бўлди. Чунончи, давлат тили мақоми уни қўллаш соҳасини сезиларли кенгайтирди. Бир пайтлар тилшунослик фанида “вазир”, “ҳоким”, “девон”, “божхона”, “туман” каби қатор сўзлар архаик, яъни эскирган, деб талқин қилинар эди. Бугун эса уларсиз давлатчилигимиз асосларини тасаввур қила олмаймиз.

Ўтган йиллар давомида она тилимизнинг ўзига хос хусусиятларига бағишланган кўплаб илмий-оммабоп рисолалар, ўқув қўлланмалари, луғатлар чоп этилди. Давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг ҳужжатлари давлат тилида юритилаётгани, халқаро анжуманларда она тилимизнинг янграши ҳам барчамизда фахр-ғурур уйғотади. Бу эса, ўз навбатида, халқимиз тарихини чуқур ўрганиш, давлатчилигимизни тобора мустаҳкамлаш борасидаги улуғвор ишларга кенг йўл очмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом ­Каримовнинг шу йил 13 майдаги “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони бунинг яққол тасдиғидир. Янги университет жамоаси олдида она тили ва адабиётимизни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш, таълим тизимининг барча бўғинларида ўзбек тили ва адабиёти фанларини ўқитиш, соҳада юқори малакали кадрлар тайёрлаш сифатини янада ошириш каби долзарб вазифалар турибди.

Айни пайтда мамлакатимизнинг барча таълим даргоҳларида ёшларимиз чет тилларини ўрганишга иштиёқманд. Уларнинг чет тилларини ўрганган сайин ўзбек тилига эҳтироми, меҳри кучайиб бормоқда. Нега? Чунки одамзот ўзига бегона бўлган тилни ўзлаштириши асносида она тилининг жозибасини, қадрини тобора чуқурроқ англайди.

 

Буюк тарихимиз кўзгуси

Она тилимизнинг ҳар жиҳатдан равнақ топиши ва адабий тил сифатида юзага чиқишида қадимий туркий тилнинг ҳиссаси ғоят катта бўлган. Бу борада сўз юритганда, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий, Атоий, Саккокий, Лутфий қолдирган ижодий мерос муҳим ўрин эгаллашини таъкидлаш жоиз. Ўзбек адабий тили, айниқса, Амир Темур ва темурийлар даврида ривожланишнинг юксак босқичига кўтарилди. Буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий умум­инсоний маданият хазинасидан муносиб ўрин олган ўлмас асарларини айнан она тилимиз асоси бўлган туркий тилда яратиб, унинг шуҳратини бутун дунёга тараннум этди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муҳаммадризо Огаҳий, Бобораҳим Машраб, Муқимий, Фурқат каби мумтоз алломаларимизнинг ижодида эса она тилимизнинг луғат бойлиги, бадиий имкониятлари, бинобарин, нафосати ҳар жиҳатдан ёрқин намоён бўлди.

Она тилимизда буюк тарихимиз акс этади, десак муболаға бўлмайди. У халқ оғзаки ижодиётидан бошлаб бугунги адабиётимизга қадар бебаҳо хазинани қамраб олганининг ўзиёқ шундан далолатдир. “Қутадғу билик”, “Девону луғотит турк”, “Ҳибатул ҳақойиқ”, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Хамса” каби нодир асарларни асл ҳолида ўқиш инсон тафаккури, бадиий диди ва эстетикасини нақадар бойитади. Она тилимиз минг йиллар мобайнида мўъжизалар кашф этиб келаётганини халқимизнинг ана шу маънавий обидалари орқали ҳам тасаввур қилиш мумкин.

– Ёш авлод онгу шуурида она тилимизга эҳтиром туйғуларини юксалтириш Ватанимизнинг тақдири учун дахлдорлик ҳиссини мустаҳкамлашнинг асосий омилларидан биридир, – дейди Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги 16-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси Ҳури Солиева. – Бугунги кунда таълим муассасаларида “Тил – миллат кўзгуси”, “Тилга эътибор – элга эътибор” мавзуларида турли учрашувлар ва интеллектуал беллашувлар ўтказилмоқда. Бундай тадбирлар она тилимизнинг имкониятларини кенг очиб бериши билан ўқувчиларимизнинг билимларини янада бойитмоқда. Ҳозирги давр талабларига жавоб берадиган янги таълим дастурларини, дарслик ҳамда методик қўлланмаларни яратишда, энг муҳими, фарзандларимизга замонавий таълим ва тарбия бериб, уларнинг қалбига йўл топишда она тилимизнинг таъсир кучидан самарали фойдаланишимиз лозим.

Дарҳақиқат, ҳар бир одам ўз Ватанини она тили орқали танийди, ўзини ва оламни ҳам унинг воситасида англайди. Айнан шу боис, она каби мўътабар, ватан каби бетакрор тилимизни асраб-авайлаш, янада равнақ топтириш барчамиз учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Сайидодил

САЙИДИСЛОМОВ.