Улуғ Йўлбошчининг ғоялари йўлимизни ёритиб туради

Улуғ Йўлбошчимиз, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг бетакрор сиймоси, шу азиз Ватанимиз равнақи йўлидаги ишлари қалбимиздан мустаҳкам жой олган. Муҳтарам Юртбошимизнинг Ўзбекистонни жаҳоннинг энг тараққий этган мамлакатлари қаторига қўшиш, унинг иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, фарзандларимизни комил инсонлар қилиб тарбиялаш борасидаги ташаббус ва дадил саъй-ҳаракатлари бугун кўз ўнгимизда янада ёрқин намоён бўлмоқда.

Мен сув хўжалиги соҳасида салкам 45 йил мобайнида хизмат қилиб келмоқдаман. Биринчи Президентимиз томонидан соҳада амалга оширилган ўзгаришларга бевосита гувоҳман. Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, тупроқ унумдорлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам у кишининг ниҳоятда катта хизматлари эканини таъкидлаб ўтишим жоиз. Муҳтарам Президентимиз томонидан 2003 йилда қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг муҳим йўналишларига доир фармон қабул қилингач, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қишлоқ ва сув хўжалиги бош­қар­малари, шунингдек, туманлар қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимлари фаолияти қайта ташкил қилинди. Сув хўжалигини бошқаришнинг маъмурий – ҳудудий бошқарув тартибидан ҳавзавий бошқарув тизимига ўтилди. Шу тариқа Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти ҳудудига хизмат кўрсатувчи “Қуйи Амударё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ташкил қилинди. Халқ хўжалигининг барча соҳаларда олиб борилган бу каби ислоҳотлар самараси ўтган 25 йил давомида республикамиз ҳаётида рўй берган беқиёс ўзгаришларда яққол намоён бўлмоқда.

Республикамизнинг энг чекка ҳудудида жойлашган, мус­табид тузум даврида саноқли корхоналари ҳам эскирган ускуналар билан жиҳозланган Хоразм вилояти энди нафақат саноати, балки барча соҳалар жадал ривожланаётган ҳудудлардан бирига айлангани бевосита Ислом Каримов фаолия­ти билан боғлиқ.

Аниқ эсимда, 1960-йилларда вилоятимизда катталар велосипеди топилмас буюмлар сирасига кирарди. Униям талашиб, харид қилиб кетардилар. Ана шундай вилоятда бугун бир вақт­лар одамларнинг тушларига кирмаган ўзгаришлар рўй бермоқда. Истиқлолнинг илк йилларидаёқ Хоразмда кўплаб қўшма корхоналар ташкил этилди. Урганч шаҳрида гидравлик экскаватор, Қўшкўпир туманида замонавий электровелосипедлар, Хивада музлаткич ва совиткичлар ишлаб чиқарилмоқда. Хазораспни минг отлиқлар диёри дейишади. Эндиликда бу ердаги Питнак шаҳарчасида йилига минглаб замонавий “тулпорлар” – енгил автомашиналар ишлаб чиқарилмоқда.

Буюк Йўлбошчимизнинг вилоят саноати салоҳиятини юксалтириш, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни тубдан яхшилаш, вилоятда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича қабул қилган қарорлари ижроси таъминланиши натижасида вилоят ва туманлар марказлари таниб бўлмас даражада ўзгарди, қишлоқлар эса гуллаб-яшнамоқда.

2003 йилда Амударё устидаги темир йўл ва автомобиль йўлларини бирлаштирган маҳобатли кўприкнинг қурилиши Урганчдан Тошкентгача бўлган темир йўл масофасини 300 километрга қисқартирди. “Туямўйин” ГЭСининг модернизация қилиниши туфайли, хонадонларимиз электр энергияси билан узлуксиз таъминланмоқда. Қисқа вақт ичида амалга оширилган бу каби мислсиз ўзгаришлар Биринчи Президентимиз Ислом ­Каримов­нинг мустақил мамлакатимиз ривожланишининг аниқ йўлини белгилашдаги оқилона ақл-идроки, эл-юрт равнақи йўлидаги жонкуярлигидан яққол далолатдир. Ахир, у киши Ватанни фахр-ғурур билан севар, халққа садоқат билан хизмат қилишни ўз ҳаёти мазмуни деб билар эди.

Биринчи Президентимиз мамлакатимиз тараққиётининг юксалишига раҳнамолик қилган, халқимизнинг тинч-тотув яшашини таъминлаган, миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизни қайта тиклаган, ўзлигимизни танитган, фарзандларимизнинг ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб етишишида беқиёс ғамхўрликлар кўрсатган фидойи Йўлбошчи сифатида қалбимизда мангу яшайди.

Қуранбой БОБОЖОНОВ,

“Туямўйин” гидроузелини ишлатиш бошқармаси бошлиғи,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор.