Ҳар бир иши миллат учун ибрат бўлди

Ватанини жонидан азиз кўрган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимиз мустақиллигини таъминлаш, уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик мақсад ва вазифаларини ҳал этиш борасидаги беқиёс хизматлари юксак даражада эътирофга лойиқ.

Ислом Каримовнинг тарих ва башарият олдидаги улуғ хизматларидан бири – у адолат туйғусини ҳар бир инсон, ҳар бир халқ интилиб яшайдиган олий мезон даражасига кўтарди.

Ислом Каримов бугунги кун талабидаги шахсни тарбиялашда поклик, ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва фидойилик хислатларини шакллантириш зарурлигига эътибор берди. Бугунги ёшлар мустақил фикрлашга ўрганмаса, берилган билим ва таълимнинг самараси кўнгилдагидек бўлмайди. Мустақил фикрлаш катта бойлик эканлиги айнан ҳақиқатдир. Кишилар тафаккурида, айниқса, ёшларда билимга, касб-ҳунарга, хорижий тилларга, техника ва технологияларга қизиқишнинг шакллангани мустақиллик давридаги энг муҳим ютуқларимиздан бўлиб, уларнинг барчаси ижтимоий фойдали фаолиятга айланганлиги билан аҳамиятлидир.

Тарихни ҳар томонлама ўрганиб, шундай хулосага келиш мумкинки, энг қалтис ва таҳликали даврларда миллатимизга умид ва ишонч берган, уларни ёвларга қарши курашга ундаган, аждодларимизни илмий кашфиётлар, ҳарбий зафарларга ҳамда маърифат машъалини баланд кўтариб, жаҳолатга қарши курашга чорлаган беқиёс куч ҳам айнан маънавий жасорат туйғусидир. Ўзбекис­тон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом ­Каримов мамлакатни мураккаб вазиятдан олиб чиқиб, халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини қайта тиклади, буюк давлат пойдеворини яратди.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда йирик қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Хусусан, кўп қаватли уй-жойлар ва фавворалар, хал­қаро стандартларга жавоб берадиган замонавий стадионлар, равон йўллар, муҳташам кўприклар, янги майдон ва хиёбонлар, турар-жойлар ҳамда таълим ва тиббиёт масканлари барпо этилди. Энг муҳими, бундай бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари барча шаҳар ва туманларда жадал олиб борилмоқда. Айниқса, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда унга саноатни олиб кириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, жаҳон стандартларига мос маҳсулотлар яратишда кичик корхоналар, қўшма корхоналарни ривожлантиришга жиддий эътибор берилди. Бундан ташқари, мамлакатимизни энг гўзал ва обод масканга айлантириш мақсадида маданият ва истироҳат боғлари, мактаблар, мусиқа ва санъат мактаблари, театр ва маданият марказлари ташкил этилди. Энг муҳими, Ислом Каримов Ўзбекистоннинг дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига кириши, халқимизнинг фаровонлигини янада ошиши, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги обрўи ва нуфузини юксалтириш йўлида ўз жонини фидо этди.

Иймонли, иродали ўзбек халқи ҳеч қачон ўз тарихи, ўз ватанига бепарво бўлмайди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг буюк хизматларини ҳеч қачон унутмайди. У киши бошлаб берган эзгу мақсадларни кўзлаган халқимиз ҳеч кимдан, ҳеч қачон кам бўлмайди.

О.ХУДОЁРОВА,

Солиқ академияси ўқитувчиси.