Буюк Йўлбошчимиз миллат қадри ва қаддини кўтарди

Бугун она диёримиз истиқлол ато этган тинчлик ва фаровонлик туфайли гуллаб-яшнамоқда. Халқимизнинг эзгуликка йўғрилган миллий қадриятлари тикланиб, кўнгиллардан тобора чуқурроқ жой олаётир. Сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий, санъат, адабиёт ва спорт соҳаларида эришилаётган ютуқлар боис Ўзбекистон, ўзбек номи мағрур янграяпти. Ўзлигини англаётган миллат ҳар тонгни бунёдкорлик, яратиш ишқи билан қаршиламоқда.

Бунинг учун – сўнгги 25 йил давомида эришилган натижалар, қалбларда уй­ғон­ган эрк ҳисси, тикланган қадриятларимиз учун Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовдан, унинг ёрқин сиймосидан миннатдор бўлмоғимиз лозим. Йўлбошчимиз халқимизга хос олижаноб ва умуминсоний фазилатларимизни фахр билан дунёга кўз-кўз қилган, ёшларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан комил бўлиб улғайишларига замин яратган инсон сифатида қалбимизда ўчмас из қолдирди.

Дарҳақиқат, Ислом Каримов буюк аждодлар авлоди, илдизи мустаҳкам эл эканлигимизни намоён этишга ҳар соҳада имкониятлар яратиб, қисқа муддатда улкан ютуқлар билан бутун жаҳонни лол қолдиришга эриша олган, мамлакатимиз тарихида олтин саҳифа очган шахсдир. Юртбошимиз бошчилигида олиб борилган маънавият ва маърифатни юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар туфайли элимиз қалбан улғайди, иймон-эътиқоди бутун бўлди, мафкуравий мустаҳкамликка, жисмонан ва руҳан саломатликка эришиш омиллари яратилди. Дунёда зиддият ва қарама-қаршиликлар кескинлашиб бораётган бир вазиятда тинч ва осуда ҳаётимиз таъминланди.

Шундан ўзбек ёшлари илм, санъат, спорт соҳаларида улкан ютуқ­ларга эриш­япти, шундан бугунги авлод атрофдаги воқеа-ҳодисаларни холис ва теран таҳлил қилиб, юрт олдидаги муқаддас бурчига содиқ қоляпти, шундан ёшлар юраги “Ўзбекистон” дея уряпти.

Мустақиллигимизнинг чорак асри давомида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида бўлгани каби Жиззах вилоятида ҳам улкан эврилишлар содир бўлди. Жумладан, Истиқлолимиз асосчиси Ислом Каримовнинг шахсан ташаббуси билан “Жиззах” махсус индустриал зонаси ташкил этилди. Вилоят маркази улкан қурилишлар майдонига айланиб, шаҳар кўрки кун са­йин ошаётир. Гўзал табиатли Зомин ва Форишнинг сайёҳлик салоҳияти кучаймоқда. Вилоятимизнинг Мирзачўл, Бахмал, Янгиобод каби бошқа давлатларга чегарадош туманларида барқарорлик ва миллатлараро дўстликни таъминлаш борасида беқиёс ишлар қилинди. Жойларда ёш оилалар учун замонавий турар-жойлар ва намунавий лойиҳа асосида қурилаётган уйлар миқдорининг ортиб бораётгани вилоят аҳлининг турмуши фаровонлашаётганидан даракдир. Бу – ҳаммаси Ислом Каримов томонидан бошлаб берилган эзгуликлардир.

Етук Йўлбошчимиз Ислом Каримов муаллифлигидаги китоблар сиёсий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда барчамиз учун дастур вазифасини ўтамоқда.

Энг муҳими, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти томонидан ёшларнинг эркин фикрлашлари, мақсадлари сари дадил одимлашлари учун равон йўллар қурилди. Ислом Каримов бугунги авлод тақдирига бефарқ қараб бўлмаслигини, улар онгида заррача бўшлиқ қолдирмаслик зарурлигини ҳамиша уқтирган. Шу маънода, ёшларни асраб-авайламоғимиз, инсон онги ва тафаккурига хуружлар ортиб бораётган замонда ватанпарварлик, ҳушёрлик ва огоҳлик шиоримизга айланмоғи лозим.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти ташаббуси билан 2016 йилнинг шиорига айланган “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” ғоясини онгу шууримизга сингдирар эканмиз, шуни англаймизки, Ватанимиз истиқлолига фидойилик билан, шу замин, шу халқнинг гуллаб-яшнаши, ёруғ келажаги учун ҳар қандай синов ва машаққатларга тайёр туриш ҳар бир юртдошимизнинг бурчидир.

Республикамиз истиқлолини, халқимиз юксалишини ўз ҳаётининг мазмуни деб билган бетакрор шахс, буюк давлат арбоби Ислом Каримов бедор виждони билан бутун умрини мудроқ босган қудратимиз қаддини тиклашга бахшида қилди. Бундай бахт ташвишида яшаш шарафини келажакка намуна этди. Мустақиллигимиз меъморининг самимий чеҳраси ҳамда эзгуликка йўғрилган ғоялари бундан кейин ҳам барча жабҳаларда эришиладиган ютуқларда, тинчлик – осойишталигимизда, ўзлигимиз ҳамда миллатлараро дўстлигимизда абадий яшагай.

Нурали РАИМОВ,

Жиззах вилояти ҳокимлиги котибият бўлими мудири.