Халқ орзу-истаклари билан майдонга чиққан Йўлбошчи

Биринчи Президентимиз, халқимизнинг буюк фарзанди Ислом Каримовнинг вафоти барчамиз учун оғир жудолик бўлди. Халқимиз мустақиллик йилларида эришилган барча оламшумул ютуқларни ҳақли равишда Ислом Каримов номи ва фаолияти билан боғлайди. Бу бежиз эмас. Чунки Юртбошимиз шу Ватанни, шу элни, халқимизни чексиз меҳр-муҳаббат билан севар эди ва шундай туйғу билан бошқариб борди.

Дунёдаги халқлар ва миллатларнинг ривожланиш тарихи, хусусан, туб бурилишлар даврда буюк йўлбошчилар бош-қошчилигида амалга ошади. Ўтган асрнинг 90-йилларида эса Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ана шундай ўта оғир ва масъулиятли вазифани ўз зиммасига олди.

Ислом Каримов 1989 йилда, яъни республика раҳбари сифатида иш бошлаган дастлабки палладаёқ ҳақиқий йўлбошчиларга хос фазилатларни намоён этган эди. Аввало, у кун тартибидаги долзарб масалаларга, республикадаги ўта танг аҳвол ечимига эътибор қаратган эди. Шу тариқа фаолиятининг бошидаёқ Ислом Каримов республика раҳбари сифатида ўн йиллар давомида ҳал қилинмасдан келаётган ва кўпчилик бундан буён ҳам шундай давом этаверади, деган кайфиятда бепарволик билан қўллаб-қувватлаб келинаётган масалаларга ойдинлик киритди. Бошқача айтганда, у ўзининг раҳбарлик позициясини очиқ баён этди. Бу, албатта, эскича ишлашга кўникиб қолган аксарият раҳбарларга гўё булутсиз осмонда чақмоқ чақнагандек таъсир қилди.

Шу пайтларда Ўзбекистондаги вазият ўта кескин тус олган эди. Аввало, Фарғона водийсидаги жанжаллар олови ҳали сўниб улгурмаган, қишлоқ ва шаҳарлардаги қашшоқлик, қуруқ ваъдалар жонига теккан одамлар маҳаллий ҳокимиятга ҳам, марказий ҳокимият идораларига ҳам ишонмай қўйган эди. Каталакдек ҳовлиларда беш-олтиталаб оилалар тиқилиб яшашга мажбур эди.

Пахта яккаҳокимлиги мисли кўрилмаган даражага етгани боис, одамларга томорқа ерлари берилмас, уларнинг қўшимча даромад манбаи деярли йўқ эди. Бунинг устига, “пахта иши”, “ўзбеклар иши” деган сохта ёрлиқлар туфайли қишлоқ хўжалигига озгина алоқаси бўлган кўплаб инсонлар бошига ноҳақ тергов ва таъқиб азоблари солинган эди. Бунинг оқибатида қанчадан-қанча бегуноҳ одамлар қамалган, тергов жараёнларида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган кулфатларга дучор қилинган эди.

Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда, даромади 75 сўмдан ошмайдиган аҳоли сони 8 миллион 800 мингга яқин одам эди. Ўзимизда етиштирилган пахта хомашёсининг аксарияти четга ташиб кетилиб, халқ истеъмолини қондириш учун ташқаридан ҳар йили 8-9 миллиард сўмликка яқин тайёр маҳсулот олиб келинган. Яъни юртимизда хомашё ресурслари етарли бўлишига қарамасдан, улардан деярли тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилмаган. Йиллар давомида йиғилиб келган ва, ниҳоят, 1990-йиллардаёқ ижтимоий портлаш даражасига етган бундай оғир муаммолар ҳақида Ислом Каримов собиқ шўролар ҳокимияти раҳбарлари олдида очиқ гапириб, уларни ҳал этиш масаласини кун тартибига қатъий қилиб киритганди.

Атоқли немис олими Карл Ясперс буюк шахслар бошқаларнинг эркинлиги ва озодлиги учун ўзининг мажбуриятини чуқур ҳис қилади, деб таъкидлаган эди. Дарҳақиқат, тарихий давр ва ижтимоий вазиятнинг ўзи улкан фазилатларга эга бўлган буюк шахсни майдонга чиқаради. Буюк шахс эса ўз халқининг мақсадларига, орзу-умидларига, интилишларига, севинчу изтиробларига, бахтли ва ситамли онларига гувоҳ бўлиб, жамиятнинг маънавий-руҳий ҳолатини яхши англайди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳам Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни, тоталитар режимнинг бутун моҳиятини, халқимизнинг тарихий қадр-қимматини чуқур англади. У умрининг сўнгги кунларига қадар Ўзбекистонга, халқимизга хизмат қилишни олий саодат деб билди.

Шундай қилиб, давлат раҳбари миллат ва юрт истиқболи учун шукуҳли бўлган дастлабки залворли қадамни қўйди. Миллий меросимиз ва қадриятларимизни, буюк алломаларимиз ҳаёти ва ижодини ўрганиш, ман этилган улуғ тарихимизни тиклаш учун шароит туғилди. Халқимиз учун ўзини англашга, тарихий қадриятларни улуғлашга имкон яратилди.

Бу воқеаларни бугун – орадан 27 йил ўтгач, хотиржам эслаш осон. Ўша пайтларда эса ҳар бир кишининг қалбида аллақандай ҳадик, ифодалаб бўлмас қўрқув, ишончсизлик унга қоришиб кетган севинч ва ҳаяжон бор эди. Бу воқеаларни ҳар ким ўзича тушунди, ўзича талқин этди. Бироқ Ўзбекистон раҳбари ўз позициясида собит турди. Турли ҳийла-найрангларни, иғво ва маломатларни қатъият ва амалий иш билан енгди. Натижада Ўзбекистон ўз маънавий қудратини, сиёсий салоҳиятини ёрқин намойиш этди.

Инсон қайси замон ва маконда яшамасин, туғилган юртини ўзгартира олмайди, ундан тона олмайди. Ватан ва миллат туйғусининг мўътабарлиги, улуғлиги, муқаддаслиги ана шунда. Шунинг учун ҳам Президентимиз одамларни, энг аввало, мустақилликни англаш учун ўзликни англаш, Ватан ва унинг буюк ўтмиши билан фахрлана олиш ҳиссини уйғотишга ундади.

Бугунги Ўзбекистон – янгидан-янги имкониятларни намоён этаётган, нуфузи ошиб бораётган мамлакат. Бугунги Ўзбекистон – барча қийинчиликларни енгиб, мустақиллик йўлидан ёруғ истиқбол сари дадил қадам ташлаётган, халқаро майдонда обрўси ошиб бораётган давлат. Бу – халқ билан давлат бирлигидан, омма фикри билан давлат сиёсатининг муштараклигидан, Ислом Каримов сиёсий йўлининг нақадар халқчиллигидан далолат беради. Давлатимиз раҳбари ўзи танлаган йўлининг тўғрилигига қатъий ишонганлиги учун юртдошларимизни ҳам бунга ишонтира олди. Шу боисдан ҳам унинг издошлари бу Ватанни янада юксалтириш сари интилишига шубҳа йўқ.

Камдан-кам тарихий шахслар тарихнинг туб бурилиш нуқтасини белгилаб берадилар, жараёнлар ва турмуш тарзининг бир хилдаги оқимини кескин ўзгартириб юборадилар. Бутунлай янги, ҳаётбахш ва ҳузурбахш турмуш кечириш, аниқроғи, инсон ва инсоният тақдиридаги мислсиз маънавий юксалиш даврини бошлаб берадилар.

Ана шу нуқтаи назардан қараганда, Ислом Каримов сиймосини халқимизнинг тарихий тақдири, унинг кечинмалари, изтироб ва қувончлари билан яхлит ҳолда тасаввур қиламиз.

Барчамиз учун қадрли бўлган Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистонда амалга оширилган оламшумул ишлар халқаро миқёсда юксак эътироф этилганини ҳам унутмаслик жоиз.

Ислоҳотлар даврида янгилик билан эскилик ўртасида ҳамма вақт қарама-қаршиликлар бўлиши табиий. Айтиш мумкинки, турмуш тарзига айланган ва кундалик ҳаёт қобиғида ўралиб қолган дунёқарашларни ўзгартириш осон иш эмас. Бу вақт ва жасорат талаб этадиган ҳодиса. Айни вақтда у сиёсий арбобдан ниҳоятда кучли ирода, мустаҳкам асаб, сабот ва матонат талаб этади. Бу бамисоли ўз ҳаётининг ҳар бир дақиқасини эътиқод ва ғоя учун қурбон қилишдек фидойилик ҳамда олий даражадаги шахсий фазилат кўригидир. Ислом Каримов ислоҳотлар самараларини бевосита янгилик билан эскилик ўртасидаги жарликдан жамиятни бехатар олиб ўтиш, яъни, энг аввало, босқичма-босқич одамлар онги ва дунёқарашида бурилиш ясаш, шу асосда янгича яшаш афзалликларини кўрсатиш йўлини тутди.

Биринчи Президентимиз фарзандларимизни биздан кўра билимли, кучли, доно ва, албатта, бахтли яшаши лозимлигини, Ўзбекистонимизнинг келажаги эса буюк бўлишини муқаррар билиб, бутун фаолияти ва орзу-умидларини шу олий мақсадга қаратди. Шундай экан, Ватанимизнинг мустақиллигини тобора мустаҳкамлаш, буюк келажагимиз учун фидокорона меҳнат қилиш биз учун энг буюк ҳаёт йўли бўлиб қолаверади.

Наим ОБЛОМУРАДОВ,

Тошкент молия институти профессори,

Шомансур ШАЯКУБОВ,

институт кафедраси мудири, доцент.