ТУЁҚНИНГ БАРАКАСИ НАСЛДА

anons-2_копия

Олтинкўл туманидаги “Бахт имкон ривож чорваси” наслчилик фермер хўжалигида илғор технология асосида Европа селекциясига мансуб қорамоллар парвариш қилиш бўйича муайян тажриба  ўпланган. Яқинда хўжаликка Европадан яна 403 бош наслли қорамол олиб келинди. Хўжалик бош зоотехниги Қобилжон Каримовнинг айтишича, улардан 3 таси бузоқлади. Бузоқларнинг вазни 35-40 килограмм эканлиги ҳайратга лойиқ. Фермер хўжалиги раҳбари Фахриддин Исмоилов тажрибали мутахассислар билан бирга зотли пода яратиш бўйича тажриба алмашишни канда қилмайди. Қорамоллар зотини яхшилаш баробарида “Сигирнинг сути тилида” деганларидек, ширали, тўйимли озуқа базасини яратишга ва мустаҳкамлашга интилади. Президентимизнинг 2008 йил 21 апрелдаги чорвачилик ривожини янада оширишга оид Қароридан сўнг Фахриддин Исмоилов бу борада яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиш мақсадида Австрия, Германия ва Голландияда бўлиб, энг илғор технологияларни ўрганишга, уларни ўз хўжалигида қўллашга киришди. Бунинг учун у банк ва лизинг компаниясига амалий таклифлар билан мурожаат этди. – Бугун хўжалигимиз равнақ топаётир, – дейди Фахриддин Исмоилов. – Айни шу кунда хўжалигимизда 1200 бош Европа селекциясига мансуб қорамол парвариш қилинмоқда. Сут-товар фермамиз ҳам бор. Маҳсулдорлик борасида тенгма-тенг ўсишга эришиш учун тўла-тўкис шароит яратилди. Собиқ ширкат хўжалигидан қолган биноларни қайта таъмирлаган, янгиларини қурган Фахриддин Исмоилов эндиликда уларни Европа технологияси асосида жиҳозламоқда. Ўтган ойда 500 бош қорамолга мўлжалланган молхона фойдаланишга топширилди. Металл конструкциялар асосида қурилган бино ҳавоси йил ўн икки ой бир маромда тоза. Ҳайвонларнинг озиқланиши, суғорилиши, ахлатларининг чиқарилиши кам меҳнат ва оз харажат билан амалга оширилади. Сутни соғиб олиш тўла механизациялашган бўлиб, Ҳамидахон Ҳусанова раҳбарлигида атиги 6 киши бу юмушнинг уддасидан чиқишади. Сигирлардан кунига 40 килограммгача ёғлилик даражаси 4,8-5,4 фоиз сут соғиб олинмоқда. Наслли новвослар ва бузоқларнинг кунлик семириши ҳам ўта ҳайратланарли. Фахриддин Исмоилов озуқа етиштириш, тайёрлаш ва сақлаш бўйича ҳам бирдек ҳаракат қилаётир. У қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, илмий йўналиши тупроқшунос бўлган Маъмурахон Манноповадан озуқа экинлари агротехникаси бўйича кўплаб тавсиялар олди. Кучли емлар ўрнини далада етиштирилган озуқалари билан қоплаш бўйича маслаҳатларга изчил амал қилган фермернинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари бесамар кетмаяпти. Кузда бир вақт­нинг ўзида рапс, перко, тритикале каби озуқа экинларига арпа, буғдой, соя қўшиб экиш тажрибаси кутилгандан зиёда натижа бермоқда. Рапс ва перко ўсимлиги уруғида мой бўлади. Мойли озуқа эса қорамоллар парваришида бебаҳо аҳамиятга эга. Май ойининг бошида  аралаш озуқа экинлари ўриб олиниб, сенаж қилинмоқда. Экинлардан бўшаган майдонларга такрорий маккажўхори, кунгабоқар қўшиб экилиб, янада тўйимли силос олинмоқда. Ҳосилдорлик эса гектар ҳисобига 500 центнердан кам бўлмаяпти. Ҳар гектарга айлантирилганда 12-14 тонна озуқа бирлиги олинаётир. Шубҳасиз, бунда кузда ҳар гектар экин майдонига ҳайдов олдидан 40 тоннадан маҳаллий ўғит солинаётгани салмоқли омил бўлмоқда.  Озуқа экинлари экиш, парваришлаш ва йиғиштириб олиш ҳам Европа усулида олиб борилаётир. Айниқса, “Ягуар” русумли универсал комбайн ширали озуқа тайёрлашда қўл келмоқда. Кузда ўриб олинадиган макка­жўхорининг поясигина эмас, ҳатто дони ҳам шу қадар майин бўладики, ундан чиқит чиқмайди. Жорий қишлов учун 7,5 минг тонна озуқа жамғариб қўйилди. Беда ҳосилдорлиги ҳам юқори бўлиб, кунлик озуқа рационида унинг улуши алоҳида. Шу боис, 10 минг донадан зиёд тойланган беда пичани ғарамга олинди. Озуқа қизилчаси эса сигирларда сут миқдорини оширишда стумилятор вазифасини ўтайди. Шу мақсадда 10 гектар майдонда ушбу экин парвариш қилиниб, ҳозирда ковлаб олинмоқда. Зотли пода, мустаҳкам озуқа базаси, юқори технологияда қорамоллар парваришланаётгани боис, Фахриддин Исмоилов раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигининг иқтисодий кўрсаткичлари кундан-кунга ижобий томонга ўзгариб, рекорд даражага етмоқда. Жорий  йилнинг ўн ойи давомида 1702 тоннаю 216 килограмм сут соғиб олинди. Шундан 94 тоннаси бузоқларга ичирилди. Қолгани тайёрлов корхонасига шартнома асосида етказиб берилди. Фермер ва тадбиркорларга 237 бош қорамол сотилди. Савдо тушуми 3 миллиард 165 минг 969 сўм бўлди. Фермер хўжалигининг экин майдони 151,2 гектарга тенг. Юқоридаги даромадни ҳар гектар экин майдонига тақсимласангиз, 20 миллион 965 минг 691 сўмни ташкил этмоқда. Фахриддин Исмоиловнинг сут-товар фермаси бамисоли катта қурилиш майдони. Шу кунларда 250 бош бузоққа мўлжалланган бино қурилиши охирига етмоқда. Келаси йилда унинг иккинчи навбати қурилади. Хуллас, бу хўжаликда қуриш ва яратиш бир-бирига уйғун тарзда бормоқда. Хўжаликда ишлаётган 36 кишининг аксарияти соҳа сирларини пухта билишади. Фермернинг тавсияси билан олтинкўллик 6 нафар ёш Мар­ҳамат туманидаги қишлоқ хўжалиги коллежининг зооветеринария бўлимини тугатиб, бу ерга муқим ишлашга келди. Шодмонали Қўчқоров улардан бири. Юқоридаги сатрларни ўқи­ганлар Фахриддин Исмоиловда муаммонинг ўзи қолмабди, де­йишлари аниқ. Йўқ, бу хўжаликда ҳам муаммо бор. Мавжуд экин майдони ҳар бир шартли қорамолга 12 сотихдан тўғри келади. Жайдари ёхуд хашаки қорамол парвариш қилаётган фермерларнинг барчасида ушбу кўрсаткич 30 сотихдан иборат эканлигини инобатга олсак, “Бахт имкон ривож чорваси” фермер хўжалигига яна 208,8 гектар экин майдони зарур. Республикамизда наслчилик хўжаликларига бир қатор имтиёзлар берилган. Фахриддин Исмоилов ана шу имтиёзларнинг 90 фоизидан оқилона тарзда фойдаланиб, ўзида қолаётган маблағларни хўжалигини ривожлантиришга йўналтирмоқда. Экин майдони масаласи ижобий ҳал бўлган тақдирда фермер хўжалигида ишлар бундан-да юришиб кетиши аниқ.

Қобилжон АСҚАРОВ, “Qishloq hayoti” мухбири.